Ўзбекистон | 17:51 / 01.02.2017
21647
2 дақиқада ўқилади

Халқ таълими вазирлиги қуйи ташкилот раҳбарларининг виртуал қабулхоналари ишга тушди

Халқ таълими вазирлиги бугунги кунда тизимдаги қуйи ташкилотлар, туман (шаҳар), вилоят мутасадди раҳбарларининг масъулиятини ошириш, жойларда фуқаролар мурожаатларини кўриб чиқиш тизимини такомиллаштириш масаласига эътибор қаратмоқда.

Жумладан, Абдулла Авлоний номидаги халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш марказий институти ректорининг виртуал қабулхонаси (www.qabulxona.avloniy.uz) ишга туширилди. Эндиликда, фуқаролар малака ошириш, қайта тайёрлаш курсларининг ташкил этилиши, масофадан малака ошириш ўқув курслари, диплом ва сертификат олиш билан боғлиқ ўзларини қизиқтирган саволларга бевосита институт ректоридан жавоб олишлари мумкин. Бу ҳақда Халқ таълими вазирлигининг Ахборот хизмати хабар бермоқда.

Бундан ташқари, Наманган (www.rahbar.namanganvxtb.uz) ва Фарғона (http://fargonavxtb.uz/online-murojat/sendmail.php) вилоят халқ таълими бошқармалари бошлиқларининг ҳам виртуал қабулхоналари ташкил этилиб, фуқаролар мурожаатларини қабул қилиш йўлга қўйилди. Мазкур ҳудудлар масъул мутасаддилари томонидан жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳар бир мурожаат ортида инсон тақдири тургани инобатга олинган ҳолда, уларга асосли жавоблар қайтарилмоқда.

Тошкент вилояти халқ таълими бошқармаси ташаббуси билан вилоятдаги барча таълим муассасаларида тажриба тариқасида “Ота-оналар хоналари” ташкил этилмоқда. Ота-оналар исталган вақтда у ерга келиб,  ўзларини қизиқтирган масала юзасидан қуйи бўғиндаги раҳбар ходимлар билан мулоқот ўрнатиши мумкин. Бу эса  мавжуд муаммоларни жойида тезкорлик билан ҳал қилиш ҳамда оила-маҳалла-таълим муассасаси ҳамкорлигини кучайтириш имконини беради.

Мавзуга оид