23:15 / 04.02.2017
9466

ТАТУда Ички ишлар Бош бошқармасининг сайёр қабули ўтказилди

Тошкент шаҳар Ички ишлар Бош бошқармасининг Тергов бошқармаси раҳбарияти томонидан дастлабки тергов органлари ишлари билан боғлиқ муаммолар юзасидан ўтказилаётган навбатдаги фуқаролар ўртасидаги сайёр қабул Тошкент ахборот технологиялари университетида ўтказилди. Бу галги учрашувда нафақат Бош бошқарманинг тергов бошқармаси терговчилари, балки жиноят қидирув ва терроризмга қарши курашиш бошқармаси ходимлари ҳам иштирок этишди.  

Қабулга тергов бошқармаси иш юритувидаги жиноят иши бўйича тегишли фуқаролар, адвокатлар, ҳаракатлари тергов органларида кўриб чиқилаётган шахсларнинг оила аъзолари, уларнинг қонуний вакиллари, жабрланувчилар таклиф этилди. 

Қабул жараёнида юздан ортиқ ариза ва мурожаатлар кўриб чиқилди. Аксарият аризачиларнинг талаблари улар иштирокида шу жойнинг ўзида қаноатлантирилди.

Тергов ходимлари томонидан йўл қўйилган камчиликлар Бош бошқарма раҳбарияти томонидан назоратга олиниб, фуқароларга ҳуқуқий тушунчалар берилди.

– Фуқароларнинг жиноят иши бўйича туғилган саволларига, ушбу ишни кўриб чиқаётган терговчилар томонидан шу ернинг ўзида жавоб берилди,– дейди шаҳар ИИББ Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва юридик таъминлаш бўлими бошлиғи ўринбосари, подполковник Тўлаган Абдуллаев. – Муаммоларни бундай очиқ ҳал этилишининг иккита фойдали томони бор, биринчидан йўл қўйилган камчиликларни тузатиш, иккинчидан келгусида бундай камчиликларга йўл қўймаслик. Шунингдек, Тошкент шаҳар Ички ишлар Бош бошқармаси бошлиғининг guvd.uz  виртуал қабулхонаси ишга туширилди, натижада фуқаролар пойтахт ички ишлар органлари фаолиятига оид масалалар, муаммолар, ариза, шикоят ёки таклифлар билан Бош бошқарма раҳбарига тўғридан тўғри мурожаат қилиш имкониятига эга бўлди.

Top