Жамият | 17:22 / 09.02.2017
6657
3 дақиқада ўқилади

Италиялик олимлар Нефертити қабрини қидириш ишларини бошлашди

Турин университети археологлари ва физикларидан иборат илмий гуруҳ Миср фиръавни Тутанхамон қабри деворларини ўрганишни бошлади. Тахминларга кўра, деворлар ортида афсонавий Нефертити ва бошқа қатор фиръавнларнинг жасадлари дафн қилинган қабрлар аниқланиши мумкин, деб хабар қилади Миср қадимги ёдгорликлар вазирлиги. 

"Янги хоналар (қабрлар)ни топиш бўйича аввалги уринишлар қарама-қарши ва чала натижалар берди. Энди бу ўлчовлар ижобий ёки салбий бўлишига кўра, ушбу мураккаб ва муҳим масалага нуқта қўямиз. Биз аср кашфиёти ёхуд аср омадсизлиги муаллифлари бўламиз", — деган Италиянинг Турин университети олими Франко Порчелли. 

2015 йил август ойи бошларида британиялик тарихчи ва археолог Николас Ривз Academia.edu сайтида шов-шувли мақоласини эълон қилган эди. Унда олимнинг таъкидлашича, Подшоҳлар водийсидаги Тутанхамон қабри деворлари HD-суратларининг таҳлилига кўра, деворлардан бирининг ортида қиролича Нефертити, унинг тутинган онаси ҳамда ислоҳотчи фиръавн Аменхотепнинг рафиқаси қабрларига йўл бор. 

Айни шу мақола бошқа мисршунослар ва Миср ҳукумати эътиборини тортди. Шу сабабли Қоҳира маъмурияти Ривз ва унинг жамоасига қабр деворларини радарлар ва бошқа асбоб-ускуналар воситасида ёритишга рухсат беришди. 2016 йил февраль ва март ойларида Ривз ҳам матбуотда махфий хонани топишнинг уддасидан чиқишгани хусусида бир неча маротаба баёнот берди. Миср қадимги ёдгорликлари бўйича Кенгашнинг собиқ котиби Захи Хавас каби рақиблари эса Ривзни инкор қилишди. 

Алалоқибат, Япония ва АҚШдан келган икки илмий гуруҳ олимлари Тутанхамон қабри деворларини радар, иссиқлиқ қуроллари ва бошқа ускуналар ёрдамида текширишди. Улар Ривзнинг хулосаларини икки хил баҳолашди. Японияликлар тасдиқлашган бўлса, америкаликлар инкор этишди. Бунинг натижасида Миср ҳукумати Ривз хулосаларини ишончсиз деб баҳолади ва янги, батафсилроқ ҳисобот берилмагунча, қабрни очишни тақиқлади. 

Миср қадимги ёдгорликлар вазирлиги бу ишни япониялик физикларга топширмоқчи экани хусусида хабарлар пайдо бўлган эди. Аммо, кейинчалик, вазирлик раҳбарияти фикрини ўзгартириб, лойиҳани италиялик олимларга ишонишди. Бу қарор, Порчеллининг анча вақтдан буён "физик" мисршунослик билан шуғулланиши ҳамда бу борада ўзига яраша обрў қозонгани билан изоҳланиши мумкин. Порчелли Тутанхамон ханжари қандай металлдан ясалгани ва Қадимги Мисрнинг бошқа кўплаб сирларига жавоб топган. 

Мавзуга оид