Авлиё Валентин куни. Ҳеч ўйлаб кўрганмисиз, у нима – дунёдаги барча севишганлар нишонлайдиган байрамми ёки разолат, фаҳш тантанаси куними?

Бир нарса аниқ, қадим замонлардан то ҳозирги кунга қадар ўзини чин маънода маданиятли деб ҳисоблайдиган инсонлар ва халқлар ушбу сохта байрамни нишонлашни мантиқсизлик, керак бўлса, иффат, ор-номус каби нозик туйғуларга нисбатан ҳурматсизлик, деб баҳолашади.

Аҳоли, айниқса, ёшлар орасида ичкиликбозлик, ахлоқий бузуқликни тарғиб қилиш, абортлар, гиёҳвандлик, ниқобланмаган ёвузлик – мана шулар «Севишганлар куни»нинг асл моҳиятини очиб берувчи хатарлардир. Маълумотларга қараганда, замонавий инсонга керак бўлган энг муҳим нарса «жинсий яқинлик эркинлиги» эканлиги онгларга сингдирилиши оқибатида сўнгги юз йил ичида гинекологларнинг кабинетларида абортлар натижасида урушлардагидан кўра кўпроқ жонлар қурбон бўлган. Бугунга келиб аборт қилинган чақалоқларнинг тўқималаридан тиббиётда, парфюмерия маҳсулотлари ишлаб чиқаришда ва озиқ-овқат саноатида фойдаланиш таклиф қилинмоқда.

«Севишганлар куни»да шу куни совға қилинадиган гуллар, табрик откриткалари, дил сўзлари акс этган оҳ-воҳли шеърлар ортида бугун ўзини жаҳон цивилизацияси ва демократия макони, деб атаётган Ғарбда ёмғирдан кейинги қўзиқориндек урчиб бораётган аёлларни камситиш, уларни таҳқирлаш, бир жинсли алоқаларнинг ва энг даҳшатлиси «оила»ларнинг тарғиботи, ёлғон, қандай йўллар билан бўлмасин пул топиш каби иллатлар яширин.

Балки сиз гапимизга ишонмаётгандирсиз. Унда келинг, тарихга назар ташлаймиз. Қадимда ҳар йили 15 февралда фаҳш ботқоғига ботгани боис аста-секин чириб, пойдеворига путур етиб бораётган Рим империясида тийиқсиз ишқий муносабатлар илоҳаси Жунна Фубриат шарафига фаҳш ва разолат асосига қурилган фестивал ўтказилган. Гуруҳ бўлиб ишқий муносабатга киришиш, бачавозлик, ҳатто ҳайвонлар билан яқинлик каби энг чиркин, ифлос одатларни тарғиб қилувчи фестивалда иштирок этишга ҳамма ошиқарди. Шу куни май ичиб маст бўлган эркаклар яланғоч ҳолда кўчага чиқиб, аёлларни ҳўкиз терисидан тўқилган қамчи билан савалаганлар.

Эрамизнинг 5-асри охирига келиб, Геласий I раҳбарлигидаги Рим черкови ушбу байрамни тақиқлашга ҳаракат қилиб кўради. Энг қизиғи, бу борада черков ғайриодатий йўл тутади, яъни байрамни 15 февралдан 14 февралга кўчириб, авлиё Валентинни ушбу байрамнинг илоҳий раҳнамоси деб эълон қилади.

Тарихчи олимлар орасида аслида Валентин исмли руҳоний яшаганми ёки йўқми, император Клавдий уни қатл этганми ёки йўқ, агар қатл этган бўлса, нима учун: ёшлар орасида диний тарғибот олиб боргани учунми, ёхуд императорнинг ўз аскарларига уйланишни тақиқлаб қўйганига қарамай, яширин равишда уларни никоҳлаб қўйиш билан шуғуллангани учунми, деган саволлар атрофида ягона фикр ва тўхтам мавжуд эмас.