Жаҳон | 12:44 / 14.02.2017
31652
3 дақиқада ўқилади

ЕИ мамлакатларида энг кам ойлик иш ҳақига доир ҳисобот эълон қилинди

Фото: DPA

Европа Иттифоқи статистика хизмати – Eurostat мутахассислари ташкилотга аъзо бўлган 22 давлатдаги энг кам ойлик иш ҳақларини эълон қилди. Бу 2017 йил январидан тўланаётган энг кам ойлик иш ҳақларидир, деб хабар қилмоқда Deutsche Welle. 

Маъмурият маълумотларига кўра, Европа мамлакатлари орасида Люксембургда меҳнат қиймати бошқа аъзо мамлакатларга қараганда юқори ҳисобланади ва ойига 1 999 еврони ташкил этади. Ирландияда ойига 1 563 евро, Нидерландияда 1 552 евро, Бельгияда 1 532 евро ва ЕИнинг иқтисодий локомотиви Германияда ойига камида 1 498 еврo иш ҳақи тўлаш белгилаб қўйилган.

Бу борада, таъбир жоиз бўлса энг камторана кўрсаткичлар Шарқий Европа ҳамда Болтиқбўйи мамлакатларига тегишли. Хусусан, Болгарияда ойига ҳеч бўлмаганда 235 евро, Руминияда 275, Латвия ва Литвада 380, Чехияда 407 евро, Венгрияда 412 евро, Хорватияда 433 еврo, Словакияда 435, Польшада 453 ва Эстонияда 470 еврo тўлаш белгиланган.

Энг кам ойлик иш ҳақининг ҳажми мамлакатдаги фаровонлик даражасини англатади. Чунки, бу ёлланиб ишловчи кишилар меҳнатига ҳақ тўлашнинг энг қуйи даражасини белгилайди. 

Шу билан бирга, ЕИнинг ғарбий ва шарқий ҳудудларидаги даромадлар фарқи жуда йирикдир. Аммо, деб таъкидлайди Eurostat, агар харид қилиш имконияти эътиборга олинса, фарқ унчалик жиддий бўлмайди.  

2008 йилдан буён Грециядан ташқари, юқорида номи келтирилган барча мамлакатларда энг кам ойлик иш ҳақи сезиларли ўсган. 

Жумладан, Болгариядаги энг кам ойлик иш ҳақи 10 йил мобайнида 109 фоизга ўсган. Руминияда 99 фоизга, Словакияда 80 фоиз, Эстонияда 69 фоизга ўсиш қайд этилган. Люксембургда бу рақам 27 фоиздан иборат бўлган. Шунга кўра, "ЕИнинг ғарби ва шарқидаги иш ҳақлари орасидаги фарқ қисқариб бормоқда", - дейилади ҳисоботда. 

Шу ўринда таққослаш учун айтиш мумкинки, Россияда 2017 йил 1 июлидан бошлаб энг иш ҳақи 7 800 рублни ташкил этади. Бу жорий курс бўйича тахминан 127 евро демакдир. 

Украинада янги йилдан эътиборан энг кам ойлик иш ҳақи 3 200 гривен (110,81 евро) этиб белгиланган. Қўшни Қозоғистонда 2017 йилги энг кам ойлик маош 24 459 тенге (71,4 евро) этиб белгиланган. 

Ўзбекистонда 2016 йил 1 октябридан энг кам ойлик иш ҳақи 149 775 сўм (42,3 евро), ёшга доир пенсиялар ва болаликдан ногиронларга бериладиган нафақалар 292 940 сўм (82,7 евро), зарур иш стажига эга бўлмаган кекса ёшдаги ва меҳнатга лаёқатсиз фуқароларга бериладиган нафақа ойига 179 755 сўм (50,75 евро) миқдорида белгиланган. 

Мавзуга оид