Фан-техника | 09:21 / 19.02.2017
12576
3 дақиқада ўқилади

Билл Гейтс дунёни биотеррорчилик хавфидан огоҳлантирди

Фото: AP

Microsoft асосчиси, миллиардер ва саховатпеша Билл Гейтс давлатлар ҳукуматлари инсониятни кутаётган яна бир хавф – биологик террорчиликка қарши курашга маблағлар йўналтиришлари лозимлигини айтди. У бундай фикрни Хавфсизлик бўйича Мюнхен анжуманида билдирди, деб хабар бермоқда Business Insider нашри.

Гейтснинг айтишича, замонавий шароитларда ғараз ниятли одамлар хавфли вируснинг, мисол учун грипп ёки чечакнинг қирғин келтирувчи версиясини яратиши мумкин.

Унинг айтишича, "кейинги эпидемиянинг сабаби террорчилик мақсадида биоинжинерия усуллари билан хавфли вируслар яратилиши бўлиши мумкин". "Гап шундаки, биз ўзимизга зиён қилган ҳолда, соғлиқни ҳимоялаш чоралари билан хавфсизлик ўртасида яққол алоқа борлигини инкор қиламиз", деб таъкидлаб ўтди Гейтс.    

"Эпидемиологлар томонидан яратилган моделлар, бу табиат инжиқлиги бўладими ёки террорчилар ишими, ҳаво орқали тезда тарқалувчи бактериялар бир йилдан камроқ вақт ичида 30 млн дан кўпроқ одамни ўлдириши мумкинлигидан гувоҳлик бермоқда. "Бунинг кейинги йилларда юз беришининг реал имконияти мавжуд", деб хавотир билдирмоқда дунёнинг энг бадавлат одами.   

Гейтснинг айтишича, зарарли касалликлар қандай хавф солишига 1918-1919 йилларда испан гриппи эпидемияси мисол бўла олади. Ўшанда бу инфекциядан 50 млн дан кўпроқ одам ҳалок бўлган, бу эса Биринчи жаҳон урушида ҳалок бўлганлардан кўпроқни ташкил қилган. "Глобал пандемияга тайёргарлик кўриш, ядровий бостириш ва иқлим ўзгариши билан боғлиқ ҳолда воқеаларнинг фалокатли ўзгаришидан қочиш каби муҳимдир. Инновациялар, ҳамкорлик ва батафсил режалаштириш бу хавфларни анчагина камайтириши мумкин". деб қўшимча қилди Гейтс.    

Унинг фикрича, мавжуд усул ва технологиялар касалликларнинг тарқалиши хавфини анча камайтиришга имкон беради, бироқ бу соҳани молиялаштириш лозим. Гейтс катта кўламли эпидемияларни бартараф этиш учун йилига бир неча миллиард долларгина ажратиш кифоя қилишини, ваҳоланки касалликлар томонидан етказилган зарар юз миллиардлаб долларни ташкил қилиши мумкинлигини айтмоқда.  

Мавзуга оид