09:13 / 22.02.2017
28356

Тошкентда йил охиригача 1000та банкомат ўрнатилади. Нақд пул муаммоси ҳал бўладими?

Фото: «Газета.uz»

Тошкент шаҳар Давлат солиқ бошқармаси мутахассислари чакана савдо ва пулли хизматлар кўрсатиш объектларини инвентаризациядан ўтказган тўрт кун ичида тахминан 1700га яқин терминал етишмаслиги аниқланди. Бу ҳақда пойтахт ҳокимиятида бўлиб ўтган матбуот анжуманида ДСБ бошлиғи Музаффар Пардаев хабар қилди. Бу ҳақда Gazeta.uz хабар берди. 

Ўн кунлик инвентаризация Ўзбекистон Президентининг яқинда қабул қилинган пул билан боғлиқ муносабатларни такомиллаштириш ва пластик карточкалардан фойдаланган ҳолда ҳисоб-китобларни ривожлантириш тўғрисидаги қарори юзасидан ўтказилмоқда.

«Бугун — инвентаризациянинг тўртинчи куни. Ўйлашимча, текширувлар якунигача камида 5000−6000 терминал етишмаслигини аниқлаймиз», — деди бошқарма бошлиғи.

Музаффар Пардаевнинг хабар беришича, тўлов шаклига қараб (нақд пуллар ёки пластик карточкалар бўйича) нархларнинг оширилиши ёки пасайиши билан солиқ бошқармаси фуқароларнинг мурожаатлари асосида қарши кураш олиб боради. Режадан ташқари текширувларни ўтказишда назорат харид усулини қўллаш режалаштирилган.

Марказий банкнинг Тошкент шаҳри бўйича Бош бошқармаси бошлиғи Мажид Тоҳировнинг хабар беришича, аҳолини нақд пул билан таъминлаш учун йил охиригача 1000та банкомат ўрнатилиши режалаштирилган. Унинг ишонтиришича, уларнинг ҳар бири пул маблағлари билан тўлдирилади. Тоҳировнинг сўзларига кўра, айни дамда тижорат банклари етказиб берувчилар билан қурилмаларни харид қилиш борасида музокаралар олиб бормоқда.

Top