20:30 / 24.02.2017
5764

Ўзбекистонда “in Village” дастури асосида муқобил лойиҳалар қўлланилиши кўзда тутилган

Ўзбекистон инглиз тили ўқитувчилари ассоциациаяси қошидаги “Ёш етакчиларни қўллаб қувватлаш” лойиҳаси вакиллари ва "Электрон ҳукумат" тизимини ривожлантириш маркази мутахасисслари ўртасида инглиз тилида мулоқот бўлиб ўтди. Бу ҳақда лойиҳа муаллифлари хабар берди. 

Интерактив тарзда ташкил этилган учрашувда иштирокчилар my.gov.uz, gov.uz, egov.uz, data.gov.uz каби тизимларнинг комплекслари ва маълумот базаси, уларнинг аҳоли орасидаги тарғиботи, жамиятниг барча қатламини қай даражада қамраб олаётгани, янгиланиб бораётган давлат хизматлари электрон соҳасида порталларнинг техник имкониятлари ва жўнатилган маълумотларнинг ишончлилик даражаси бўйича қатор саволларни ўртага қўйди. 

Саволларга жавоб қайтариш асносида соҳа ходимлари электрон ҳукумат йўналишидаги тарғиботни барча ҳудудларда ёйиш мақсадида жаҳон андозасидаги лойиҳалар тўғрисида баъзи бир мисолларни келтириб ўтди. Хусусан, Жанубий Кореяда энг чекка ҳудудларда e-gov тизимидан фойдалана олмайдиган аҳоли қатлами учун мўлжалланган, тизимдан фойдаланишни ўргатувчи “in Village” дастури асосида яқин орада юртимизда ҳам муқобил лойиҳалар қўлланилиши кўзда тутилганига урғу берилди. 

Учрашув якунида ёшлар ҳозирги кунда электрон ҳукумат тизимида етук кадрларга бўлган эҳтиёж ва бўш иш ўринлари бўйича махсус таклифлардан хабардор этилди.

Top