Ўзбекистон | 23:39 / 24.02.2017
18873
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистондаги кутубхоналарда 23 миллиондан ортиқ китоб фонди мавжудлиги маълум бўлди

2017 йил 24 февраль куни Халқ таълими вазирлиги томонидан “Ёшлар ва китобхонлик: анъанавий ва замонавий усуллар” мавзусида оммавий ахборот воситалари ходимлари учун медиа-тур ташкил этилди. Медиа-тур иштирокчилари Тошкент шаҳри Миробод туманидаги 328-мактабга ташриф буюриб,  мазкур муассаса мисолида тизимда китобхонликни тарғиб қилиш, бунда замонавий АКТ имкониятларидан самарали фойдаланиш борасида қилинаётган ишлар билан танишдилар.  Бу ҳақда Халқ таълими вазирлиги Ахборот хизмати хабар бермоқда
 
Медиа-турда халқ таълими вазири ўринбосари Дилшод Кенжаев, вазирликнинг бошқарма ва бўлим бошлиқлари, Тошкент шаҳар халқ таълими бош бошқармаси раҳбарияти ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Тадбир доирасида болалар адабиёти кўргазмаси, намунавий мактаб кутубхонаси фаолияти, таниқли болалар ёзувчи ва шоирлари билан ижодий учрашувлар, умумтаълим фанларини ўқитишда электрон дарслик ва ахборот ресурслардан унумли фойдаланиш, замонавий АКТдан фойдаланган ҳолда дарсларни ўтиш намойиш этилди.

Бугунги кунда халқ таълими тизимида 9576 та ахборот-кутубхона муассасалари мавжуд бўлиб, уларга жами 4 047 738 нафар ўқувчилар аъзо бўлган.

Ахборот-ресурс марказлари, кутубхоналарда бугунги кунда жами 23 млн. дан ортиқ китоб фонди мавжуд. Уларнинг китоб фондини бойитиш мақсадида ҳар йили ўқувчиларга синфдан ташқари мутолаа учун бадиий адабиётлар харид қилинади.

2014 йилда 1-4 синф ўқувчиларига мўлжалланган 27 номдаги жами 847 293 нусха бадиий адабиётлар харид қилинган бўлса, жорий йилда 5-9-синф ўқувчилари учун “Мактаб кутубхонаси” туркумида 28 номдаги 1,2 млн нусха жаҳон ва ўзбек болалар адабиётининг сара асарлари харид қилинмоқда.

Ўқувчилар орасида китобхонликни тарғиб қилиш мақсадида турли маданий-маърифий, интеллектуал тадбирлар ўтказиб келинмоқда. Жумладан, вазирлик ташаббуси билан 2016 йилдан бошлаб ахборот-кутубхона муассасаларида “Мутолаа маданияти” ҳафталиги ташкил этилди. Ҳафталик доирасида болалар адабиёти кўргазмаси, болалар шоир ва ёзувчилари билан ижодий учрашувлар, тақдимотлар, турли викторина ва интеллектуал танловлар, маърифий тадбирлар, маҳорат дарслари ва анжуманлари ташкил этиб келинмоқда.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси билан ҳамкорликда болалар ёзувчи ва шоирлари иштирокида on-line мулоқотлар ўтказиб келинмоқда.

Медиа-тур якунида халқ таълими вазири ўринбосари Дилшод Кенжаев иштирокида брифинг ўтказилди ҳамда журналистларни қизиқтирган саволларга жавоб қайтарилди.

Мавзуга оид