“Ҳуқуқий ахборот” каналида келтирилган маълумотга кўра, қарор билан китобхонликни рағбатлантиришга қаратилган тизимли чора-тадбирлар белгиланган. Хусусан, Ёшлар ишлари агентлиги ҳузурида “Китобхонлик маданиятини ривожлантириш жамғармаси” ташкил этилиши ва унинг васийлик кенгаши таркиби тасдиқланган.

Қарорга мувофиқ, жамғарма маблағлари қуйидаги йўналишларни молиялаштиришга йўналтирилиши кўзда тутилган:

  • танлов асосида ёш ёзувчиларга грантлар ажратиш, асарларини нашр этиш, шунингдек болалар адабиёти лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш;
  • танлов орқали истеъдодли муаллифларни аниқлаш ва уларга ижод учун шароит яратиш мақсадида 1 йилгача ҳар ой БҲМнинг 50 баравари миқдорида тўлов белгилаш;
  • энг сара хорижий адабиётларни ўзбек тилига, миллий адабиётларни эса хорижий тилларга таржима қилиш бўйича нашрга тайёрлаш ва чоп этиш харажатларининг 50 фоизи, муаллифлик ҳуқуқи учун харажатларнинг 80 фоизини қоплаш;
  • васийлик кенгаши аъзоларига ҳар чоракда БҲМнинг 50 бараваригача миқдорда мукофот тўлаш.

Қарор билан белгиланган чоралар аҳоли, айниқса, ёшлар ўртасида китоб мутолаасини кенгайтириш, ижодкорларни қўллаб-қувватлаш ҳамда таржима ва нашр ишларини рағбатлантиришга қаратилган.