Жамият | 23:05 / 27.02.2017
10254
7 дақиқада ўқилади

Журналистика соҳасида “Олтин қалам” ХII Миллий мукофоти эълон қилинди

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси ва Журналистларни қайта тайёрлаш маркази қатор ташкилотлар билан ҳамкорликда миллий ва халқаро журналистиканинг энг юксак ютуқларини кенг оммалаштириш, ОАВ ходимлари фуқаролик позицияларини намоён этишлари учун шароит яратиш ҳамда журналистларда таҳлилий- танқидий мушоҳада ва ижодий фаолиятга янгича ёндашувларни шакллантириш мақсадида “Олтин қалам” ХII Миллий мукофоти учун халқаро танловни ўтказади.

3 май – Жаҳон матбуоти эркинлиги кунига бағишланган бу танловга 2016 йилнинг 31 мартидан 2017 йилнинг 31 мартигача – бир йил давомида газета ва журналларда чоп этилган, радио орқали эфирга узатилган ҳамда телевидениеда кўрсатилган ва интернет нашрларида берилган материаллар 2017 йилнинг 10 апрелигача қабул қилинади.

Танлов ғолиблари учун қуйидаги мукофотлар таъсис этилган:

Журналистика соҳасида бош миллий мукофот


Ғолиб махсус диплом, “Олтин қалам” кўкрак нишони, статуэткаси ва Ўзбекистон Республикасида белгиланган энг кам иш ҳақининг 200 баробари миқдорида пул мукофоти билан тақдирланади.

Асосий мукофотлар:

Энг яхши журналистик материал учун миллий мукофот (телевидение – 1-, 2-, 3-ўринлар);

Энг яхши журналистик материал учун миллий мукофот (радио – 1-, 2-, 3-ўринлар);

Энг яхши журналистик материал учун миллий мукофот (босма ОАВ – 1-, 2-, 3-ўринлар);

Энг яхши журналистик материал учун миллий мукофот (интернет-журналистика – 1-, 2-, 3-ўринлар).

Биринчи ўринни олган ғолиблар диплом, “Олтин қалам” кўкрак нишони, статуэткаси ва энг кам иш ҳақининг 160 баробари миқдорида пул мукофоти билан тақдирланадилар.

Иккинчи ўринни олган ғолиблар диплом, “Олтин қалам” кўкрак нишони, статуэткаси ва энг кам иш ҳақининг 140 баробари миқдорида пул мукофоти билан тақдирланадилар.

Учинчи ўринни олган ғолиблар диплом, “Олтин қалам” кўкрак нишони, статуэткаси ва энг кам иш ҳақининг 120 баробари миқдорида пул мукофоти билан тақдирланадилар.

Рағбатлантирувчи мукофотлар учун номинациялар:

ОАВда китобхонлик маданияти тарғиб қилинган энг яхши материал учун;

Чет эллик журналистнинг Ўзбекистон ҳақидаги энг яхши материали учун;

Энг яхши фоторепортаж;

Энг яхши матбуот хизмати.

Мазкур номинациялар ғолиблари диплом, “Олтин қалам” статуэткаси ва энг кам иш ҳақининг 50 баробари миқдорида пул мукофоти билан тақдирланадилар.

“Олтин қалам” танлови ғолибларини мукофотлаш, шунингдек, уни ўтказиш билан боғлиқ сарф-харажатлар Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фондининг молиявий кўмагида амалга оширилади.

Шунингдек, миллий ҳамкорлар ҳамда қатор халқаро ташкилотларнинг Ўзбекистондаги ваколатхоналари ва элчихоналар ҳам ўз рағбатлантирувчи мукофотларини таъсис этган (илова қилинади).

Танлов шартлари:

Танловга теле-, радио-, босма материаллар ҳамда интернет нашрларида эълон қилинган ишлар тақдим этилади (5 тадан кам бўлмаслиги керак).

Телевидение бўйича видеоматериаллар, ахборот ташувчи воситанинг қандай кўринишда бўлишидан қатъи назар, 3 дақиқадан 30 дақиқагача бўлиши керак.

Радиоэшиттиришлар (CD, DVD дискда) 5 дақиқадан 30 дақиқагача бўлиши керак.

Матбуот ва интернет материаллари асл нусхада ёки кўчирма нусхада тақдим этилиши лозим.

Танловга юборилган материалларга қуйидагилар илова қилиниши лозим:

муаллиф ҳақида маълумотнома (объективка);

муаллифнинг турар жойи, уй ва иш телефонлари;

паспорт нусхаси.

Танлов ғолибларини тантанали мукофотлаш маросими 2017 йил 3 май – Жаҳон матбуоти эркинлиги куни “Туркистон” саройида ўтказилади.

Мукофот бир шахсга такроран берилмайди.

Материаллар “Олтин қалам” танловига деб кўрсатилган ҳолда қуйидаги манзилга юборилиши лозим:

100011, Тошкент шаҳри, Навоий кўчаси, 30-уй

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси 3-қават.

Телефонлар: 244-64-61, 244-37-87.

www.journalist.uz

Илова

Миллий ҳамкорлар таъсис этган номинациялар

Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси кенгаши:
«Меҳнат муносабатлари мавзуси энг яхши ёритилган материал учун»;
«Ижтимоий шериклик мавзуси энг яхши ёритилган материал учун».

Ўзбекистон Мустақил босма ОАВ ва ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш Жамоат фонди:
«Журналистика ривожига қўшган ҳиссаси учун»;
«Соғлом она ва бола йили» Давлат дастури ижроси ёритилган энг яхши материал учун».
 

Халқаро ҳамкорлар таъсис этган номинациялар
 

Бирлашган Миллатлар ташкилотининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ахборот маркази:
«Ўзбекистон ва БМТ ҳамкорлиги ёритилган энг яхши материал учун».
 

ЮНЕСКОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси:
«Ногиронлар ҳаёти мавзуси ёритилган энг яхши материал учун».
 

Европада Хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти:
«Ёшларни экстремизм ва терроризм каби радикал таъсирлардан асраш масалалари ёритилган энг яхши материал учун»;
«Мамлакатда давлат ҳокимияти органларининг очиқлиги ва ҳисобдорлигини ошириш ҳамда жамоатчилик назоратини ривожлантириш масалалари ёритилган энг яхши таҳлилий материал учун».

Project HOPE (ЮСАИД дастури) (АҚШ):
«USAIDнинг сил касаллигига қарши кураш дастури доирасида сил касаллигининг олдини олиш ва даволаш масалалари ёритилган энг яхши материал учун».

D V V International (Германия):
«Катта ёшдагилар, айниқса, аёлларга таълим бериш, қўшимча янги ҳунар инсон ҳаёти яхшиланишига қандай ёрдам берганлигининг энг яхши намуналари акс этган материал учун».

“Минтақавий мулоқот” халқаро ташкилоти (Словения):
«ОАВ коррупцияга қарши курашда».

АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси:
«Халқ маданий меросини сақлаш масалалари ёритилган энг яхши материал учун»;
«Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги дўстлик ва ҳамкорлик мавзусидаги энг яхши материал учун».

ХХРнинг Ўзбекистондаги элчихонаси:
«Замонавий “Ипак йўли”нинг иқтисодий салоҳияти ҳақидаги энг яхши материал учун»;
«Ўзбекистоннинг хорижий мамлакатлар билан маданий-гуманитар алоқаларини мустаҳкамлаш (жумладан, Хитой билан) борасида олиб борилаётган ишлар ҳақидаги энг яхши материал учун»;
«Ўзбекистон Республикаси ва Хитой Халқ Республикаси ўртасидаги дўстлик ва ҳамкорлик мавзуидаги энг яхши материал учун (икки мамлакат ўртасидаги дипломатик муносабатлар ўрнатилганлигининг 25 йиллиги муносабати билан)».

"Softline" халқаро ўқув маркази (Россия Федерацияси):
«Ахборот хавфсизлиги масалалари ёритилган энг яхши материал учун».

Мавзуга оид