Жамият | 20:34 / 03.05.2019
12185
7 дақиқада ўқилади

«Олтин қалам» XIV Миллий мукофоти ғолиб ва совриндорлари тақдирланди

Бугун, 3 май куни Тошкент шаҳридаги «Туркистон» саройида журналистика соҳасида энг юксак мукофот – «Олтин қалам» XIV Миллий мукофоти учун халқаро танлов ғолиб ва совриндорларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. ЎзА барча мукофотланганларнинг умумий рўйхатини келтирди.

Асосий мукофотлар:
Журналистика соҳасида Бош миллий мукофот демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш, фуқаролик жамиятини шакллантириш йўлида республикамизда сиёсий, ижтимоий, иқтисодий, маданий соҳаларда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар доирасида мамлакат ва жамият ҳаётидаги долзарб воқеалар муҳокамаларига бағишланган сессияси учун Халқаро Пресс-клуб (раҳбари Шерзодхон Қудратхўжаев) ҳамда Ўзбекистон Республикасининг ички ва ташқи сиёсати, жаҳон ҳамжамиятида тутган ўрни, мамлакатда Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили мақсад-вазифалари ижроси доирасида олиб борилаётган кенг қамровли саъй-ҳаракатларни тезкор ва таҳлилий ёритиб келаётгани учун «Ўзбекистон-24» телерадиоканали жамоасига (директор Мадамин Сафаров) насиб этди.

Мукофотларни ўз эгаларига Бош вазир ўринбосари А.Абдуҳакимов топширди.

Энг яхши журналистик материал учун миллий мукофот (телевидение):

Телевидение йўналишида журналистик материал учун 1-ўринга «Менинг юртим» телеканалининг «Марказий студия» ахборот-таҳлилий кўрсатуви (муаллиф ва бошловчилар: С.Баҳодиров, А.Пўлатов) сазовор бўлди. Мазкур теледастур мамлакатда инсон ҳуқуқ ва манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштириш, халқимизнинг давлат ҳокимиятига бўлган ишончини янада мустаҳкамлаш борасидаги ишларни тезкор ва таҳлилий ёритгани учун мукофотга муносиб кўрилди.

Ушбу йўналишда 2-ўринни халқимизнинг ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтириш, сиёсий фаоллигини ошириш, фуқаролик позициясини ривожлантиришга йўналтирилган кўрсатувлари учун «Ўзбекистон» телеканалининг «Муносабат» кўрсатуви (муаллифлар: Қуддус Аъзамов, Нурали Орипов) эгаллади.

Қорақалпоғистон телерадиокомпаниясининг «Хабарлар» информацион дастури ижодий жамоаси (гуруҳ раҳбари: Венера Сариева) Қорақалпоғистон Республикаси ҳаётининг турли соҳаларида амалга оширилаётган ислоҳотлар мақсад-вазифалари ва самаралари, юз бераётган воқеа-ҳодисалардан аҳолининг хабардорлигини оширишга қаратилган ахборот дастурлари учун телевидение йўналишида 3-ўринни қўлга киритди.

Энг яхши журналистик материал учун (радио):

«Ёшлар» телерадиоканали бош муҳаррири Наргиза Камолова ёшларга қаратилган давлат сиёсати моҳияти кенг ёритилган, ўсиб келаётган ёш авлодни Ватанга муҳаббат, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялашга қаратилган эшиттиришлари учун 1-ўринга лойиқ топилди.

Ушбу номинацияда 2-ўринни республикамизда ҳаётга татбиқ этилаётган ижтимоий-иқтисодий давлат дастурларининг амалий ифодаси, аҳоли фаровонлигида тутган ўрни ҳақидаги туркум материаллари учун «Рухсор ФМ» радиоси бош муҳаррири Аваз Игамбердиев қўлга киритди.

3-ўрин юртимизда кечаётган янгиланишлар жараёнида аҳоли фаоллигини ошириш, томорқа маданиятини юксалтириш орқали халқ фаровонлигини таъминлашга оид туркум эшиттиришлари учун Навоий вилоят телерадиокомпанияси биринчи тоифали муҳаррири Феруза Ўктамовага берилди.

Ғолибларга мукофотларни Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси раиси Алишер Ходжаев топширди.

«Энг яхши матбуот хизмати» номинациясида: Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати. Матбуот хизмати раҳбари – Фурқат Санаев. Вазирлик фаолияти ошкоралигини таъминлаш, матбуот анжуманлари самарадорлигини ошириш борасидаги ташкилотчилик фаолияти учун.

Рағбатлантирувчи мукофотлар учун номинациялар:

«Чет эллик журналистнинг Ўзбекистондаги энг яхши материали учун»номинацияси – Жереме Хед, журналист ва телебошловчи (Буюк Британия) Ўзбекистон туристик салоҳиятига бағишланган материаллари учун. Тадбирда журналист қатнаша олмагани сабабли мукофот Ташқи ишлар вазирлигига топширилди.

Энг яхши журналистик материал учун номинациясида (интернет-журналистика) 1-ўрин xabar.uz сайти шарҳловчиси Барно Султоновага насиб этди.

Ижтимоий-маънавий мавзулардаги материаллари учун:

Энг яхши журналистик материал учун (интернет-журналистикаси) 2-ўринга kar24.uz интернет нашри мухбири Кумар Бегниязова муносиб кўрилди.

Долзарб мавзудаги танқидий-таҳлилий материаллари учун:

Энг яхши журналистик материал учун (интернет-журналистикаси) - 3-ўринга ЎзА етакчи муҳаррири Сайёра Шоева мамлакат ҳаётининг турли соҳаларидаги ислоҳотларни тезкор ва таҳлилий ёритган материаллари учун лойиқ топилди.

Энг яхши журналистик материал учун номинациясида матбуот йўналишида 1-ўринни «Жаҳон адабиёти» журнали бош муҳаррири Аҳмаджон Мелибоев маънавий-маърифий соҳадаги улкан ўзгаришлар ва мавжуд муаммолар таҳлилига бағишланган публицистик мақолалари, замонамиз қаҳрамонлари образини яратишдаги фаол иштироки учун қўлга киритди.

Шунингдек, ушбу номинациясида яна бир 1-ўрин «Ишонч» ва «Ишонч доверия» газеталари таҳририятига (бош муҳаррир Х.Эрматов) Ўзбекистон касаба уюшмаларининг мамлакат ҳаётидаги ўрни, ташкилотнинг аҳоли билан мулоқотлари, уларнинг муаммолари ечимини топиш, ишчи ходимларининг меҳнат ҳуқуқларини таъминлашга қаратилган фаолиятини кенг ва таҳлилий ёритилган материаллари учун муносиб кўрилди.

Даврнинг ижтимоий, маънавий-маърифий масалалари, китобхонлик маданияти, мамлакат маданий ҳаёти таҳлилий ёритилган материаллари учун 2-ўринга “Китоб дунёси” газетаси таҳририяти (бош муҳаррир Х.Рустамова) муносиб кўрилди.

Ушбу номинацияда 3-ўрин «Правда Востока» газетаси мухбири Мороз Юлианага насиб этди. Унинг мамлакатдаги янгиланишлар жараёни таҳлилий ёритилган материаллари ташкилотчилар эътирофига сазовор бўлди.

«Инсон ҳуқуқлари тўғрисидаги энг яхши материал учун» – Санжар Эшмуродов («Маҳалла» газетаси мухбири) мамлакатимизда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишга оид кенг кўламли ислоҳотлар самарадорлиги ҳамда соҳага оид муаммолар танқидий таҳлил этилган мақолалари учун муносиб кўрилди.

«Энг яхши фоторепортаж учун» номинациясида – Ҳаким Йўлдошев («Халқ сўзи» ва «Народное слово» газеталари фотомухбири) ижтимоий-иқтисодий соҳадаги долзарб воқеалар таҳлилий ёритилган фотоматериаллари учун.

Мавзуга оид