Ўзбекистон | 21:08 / 01.03.2017
11187
2 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев General Electric вице-президентини қабул қилди

Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев 1 март куни АҚШнинг етакчи компанияларидан бири General Electric компанияси вице-президенти Рональд Жеймс Поллеттни қабул қилди. Бу ҳақда ЎзА хабар берган.

Давлат раҳбари меҳмонни қутлар экан, Ўзбекистон ва Америка Қўшма Штатлари ишбилармон доираларининг узоқ муддатли ва ўзаро манфаатли ҳамкорлик муносабатларини ривожлантиришга қизиқиши ортиб бораётганини мамнуният билан таъкидлади. 

Яқинда Тошкентда АҚШнинг General Electric, CNH Industrial, Caterpillar, Honeywell, Procter & Gamble ва бошқа етакчи компаниялари иштирокида Америка – Ўзбекистон савдо палатасининг бизнес-форуми муваффақиятли ўтди. 

Таъкидлаш жоизки, бугунги кунда Ўзбекистон корхоналарининг иқтисодиётнинг турли соҳаларида жаҳондаги етакчи технологик компаниялардан бири бўлган General Electric билан ҳамкорлиги энергетика мажмуи, фуқаро авиацияси ва соғлиқни сақлаш соҳаларини қамраб олган. 

Учрашув чоғида ушбу компания билан узоқ муддатли, айниқса, юқори технологик тармоқлардаги ҳамкорликни янада кенгайтириш ва диверсификация қилиш истиқболлари муҳокама қилинди. Булар электр энергетика, нефть ва газ, электротехника саноати, замонавий тиббий жиҳозлар ишлаб чиқариш, уларга хизмат кўрсатиш ва бошқа йўналишлардаги янги дастур ва лойиҳалардан иборатдир. 

Учрашувда мутахассислар тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш соҳасидаги ҳамкорлик масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. 

Рональд Жеймс Поллетт самимий қабул ва икки мамлакат ишбилармон доиралари ўртасидаги алоқаларни ривожлантиришни қўллаб-қувватлаётгани учун президентга чуқур миннатдорлик билдириб, General Electric Ўзбекистон билан кенг кўламли ҳамкорликни ривожлантиришга тайёрлигини таъкидлади. 

АҚШ компанияси вице-президентининг Ўзбекистон вазирликлари ва идораларида ўтказган учрашувлари якунида иқтисодиётнинг турли соҳаларида қўшма лойиҳалар ишлаб чиқиш ва амалга ошириш тўғрисида меморандум имзоланди. 

Мавзуга оид