...Илтимос, раҳмингиз келсин. Баданим илма-тешик бўлиб, зирқираб оғрияпти... Бу оҳ-воҳлар қаердан келаётганига ҳайрон бўлиб, атрофга разм соламан. Бирор шарпа кўринмайди. Инграган овоз яна такрорланади... 

Улкан чинор дарахти савлат тўкиб турибди. Ердан то қўл етар нуқтасигача турли эълону, рекламалар илиб ташланган. Чинор танасидаги қоғоз парчаларига кўз ташлайман. «...сотилади», «...сотиб оламан», «...ишга таклиф этамиз» ва ҳоказо. Эътиборимни ўзига жалб этган эълонлардан яна бири «Дарахт арралаймиз!». Бу гўёки, дарахтга «сенинг кушандангман», дегандек туюлади. Эълонларнинг аксари оддий қоғозда дарахт танасига елимланган бўлса, баъзилари махсус тахтачага битилиб мустаҳкамроқ бўлсин, дея михлаб ташланган. 

Бугун ХХI асрда яшаяпмиз. Техника асри дея «ардоқланаётган» бу даврда, айниқса, табиат неъматларининг қадри топталгандек, назаримда. Боиси «Реклама — тараққиётни ҳаракатлантирувчи куч», деб фикр юритилаётган бир пайтда афсуски, бизни тоза ҳаво билан таъминлаб турган яшиллик олами ҳам  ҳатто реклама домига тортилаётир. Деярли ҳар биримиз кун давомида дуч келадиган, одатда табиий ҳол сифатида қабул қилаётганимиз дарахтларнинг «Эълонлар тахтасига» айланиб қолгани кишини мулоҳазага, мушоҳадага чорлайдиган долзарб муаммолардан бири аслида. 

Реклама, эълон тарқатувчи «шоввозлар» дарахт танаси билан қаноатланмай, бекатлар, кўп қаватли уй, девор ва йўлакларига ҳам «из» қолдириб кетаётганини нима деб баҳолашни билмайсан киши. Ҳар куни ишдан қайтиб, кўп қаватли уйнинг кириш эшигига ёпиштирилган икки-учта ана шундай эълонни олиб ташлашимга тўғри келади. «Эълон илманг, жарима фалон сўм!», деган огоҳлантиришдан ҳам тап тортишмайди. Негаки, биз учун бу пўписа ўтмайди, кўриб қўй, дегандек огоҳлантириш қоғозининг устига ўз эълонини илиб қўйишади. 

Одатда бундай машғулот билан шуғулланувчилар иши кечқурун бошланади. Уларни кузатарканман жуда чаққонлик билан йўлакдаги ҳар бир дарахт танасига «муҳр» қолдириб кетишига гувоҳ бўлдим. Кўпчилиги ўсмир йигитлар бўлган бундай уддабуронлар билан суҳбатлашишга ҳаракат қиламан.

— Нега дарахт танасига қоғоз елимлаб ташлаяпсиз?
— Қаерга илиш керак?
— Махсус жойлар йўқми, шундай эълонлар учун?
— Бор, лекин жуда оз. Бўш жой топилмайди.