Асл касби ҳуқуқшунос бўлган Нигора опа Тошкент шаҳрида экология ва табиатни асрашга масъулларнинг ўз вазифасини рисоладагидек бажармаётганидан норози. “Масъулларга арча ва ниҳоллар қуриб қолаётгани бўйича мурожаат қилсам, бундай вазиятда ўша ҳудуддаги ободонлаштириш идораси вакилларига жарима солинишини айтишди. Жарима солинар экан деб дарахтлар қовжирашига бемалол қараб туриш керак эмас-ку!” – дейди у. Kun.uz мухбири билан суҳбатда у сувни тежаш, дарахтлар қуриб қолишининг олдини олиш борасида қилаётган ишлари ҳақида сўзлаб берди.
Яхшидан боғ қолар...
Нафақада бўлишимга қарамасдан тадбиркорлик фаолияти билан ҳам шуғулланаман. Иккита меҳмонхонам бор, шу ердаги бошқарувчилик ишларимдан ортган вақтда шаҳарни яшиллаштириш ишларига ўз ҳиссамни қўшишга ҳаракат қиламан. Яшаш жойимизга яқин ҳудудлар, яъни Ўрикзор ва Алгоритм маҳаллаларига экилган, қаровсиз ҳолда қолган кўчатлар, дарахтларни кун ора ишчиларим билан суғориб чиқамиз.


Ҳовлимизнинг орқасидан канал оқиб ўтган. Шу ердан икки тонналик идишга сув тўлдириб, дарахтларга олиб бориб қуямиз. Бунинг учун иккита “Лабо” машинаси сотиб олганман, уч нафар ишчи ёллаганман. Ишчилар навбат алмашиб, дарахтларни 24 соат давомида суғориш билан шуғулланишади. Кунига 15 та рейс амалга оширилади. Шу орқали суткасига 30 тонна ичимлик сувини тежаб, ўртача 800-1000 туп дарахтни ариқ суви билан суғорамиз.
Қор асфалтга эмас, тупроққа керак
Суғориш ишларини май ойидан бошлаб, ёмғир мавсуми октябр ойига қадар давом эттирамиз. Бу ишни 2021 йилдан бери қилиб келамиз. Қишда ходимларим билан биргаликда кўчалардаги қорларни асфалтли ерлардан тупроқли ҳудудларга кураб чиқамиз. Эътибор берган бўлсангиз, ободонлаштириш хизмати вакиллари қорни йўлларнинг бир чеккасига тўплаб, уюб қўйишади. Ўша уюмлар асфалт устига эмас, дарахтлар экилган тупроқли ҳудудларга ташланса, ер келаси йил учун янада унумдор бўлади.

Бу ташаббусни кенгроқ йўлга қўйиш учун тегишли ташкилот вакилларига мурожаат қилдим. Улар қорга туз сепилгани учун уларни тупроқли жойга кураб бўлмайди, дея жавоб қайтаришди. Шундан сўнг яшаш ҳудудимдаги қор уюмларида туз бор-йўқлигини текшириб кўрдим ва таркибида туз мавжуд эмаслиги аниқланди. Тўғри, магистраллардаги қорни эритиш учун туз сепилиши мумкин, аммо ҳамма кўчалар, маҳалларда бундай қилинмайди. Масъул идоралардан жавоб бўлмагач, бу ишни ходимларим билан амалга оширадиган бўлдим.















