23:52 / 03.03.2017
19595

Хабиб Нурмагомедов Фергюсон билан жангига бир кун қолганда шифохонага тушиб қолди

Фото: AP

Россиялик аралаш услуб (ММА) жангчиси Хабиб Нурмагомедов Мутлақ жангчилик чемпионати (UFC)нинг америкалик Тони Фергюсонга қарши жанги олдидан вазн ўлчашга 3 соат қолганда Лас-Вегасдаги шифохоналардан бирига тушиб қолди.

Бу ҳақда спортчининг отаси ва мураббийи Абдулманноп Нурмагомедов маълум қилган. 

Жанг 5 март, якшанбага ўтар кечаси Лас-Вегасда UFC 209 мусобақаси доирасида ўтказилиши белгиланган. Нурмагомедов ва Фергюсон енгил вазн тоифасидаги "вақтинчалик" чемпион унвони учун жанг қилиши керак эди. 

Дастлаб спортчининг отаси Хабибнинг жигари ёки буйраклари билан муаммо бўлиши мумкинлигини айтган, кейинроқ унинг ўзини ёмон ҳис қилишига вазнини жадал ташлаши сабаб бўлганини маълум қилган. Вазн ўлчаш куни Хабиб 3 кг вазн ташлаши керак бўлган. Жангчи вазн ташлаш жараёнида жигари соҳасида кескин оғриқлар сезгандан кейин шифохонага етказилган.

28 ёшли Нурмагомедов ҳозирча мағлубият нималигини билмай келмоқда, унинг ҳисобида 24 та ғалаба бор. Хабибнинг 32 ёшли рақиби Фергюсон ҳисобида эса 22 та ғалаба ва 3 та мағлубият бор. Улар ўртасидаги жанг ғолиби ўрта вазнда амалдаги чемпион, ирландиялик Конор Макгрегор билан жанг қилиш ҳуқуқини қўлга киритади.

Top