Мижоз ҳар доим ҳақми ёки сотувчи? 

Аввал бошданоқ таъкидлашни истардикки, бу мақола харидор ва сотувчи ўртасидаги муносабатларга дахлдор эмас. Балки реклама воситасида кишилар онгини бошқаришга оид. Шу билан бирга, унда бадавлат кишиларнинг антиқа қизиқишлари, уларни бошқариш қанчалик осон экани хусусида. Америкалик иқтисодчи ва трейдер, «Қора оққуш» назарияси муаллифи Нассим Талиб шу ҳақда фикр юритади. 

Аксар одамлар бой бўлгани сари ўз манфаатларидан келиб чиққан ҳолда хатти-ҳаракатларини бошқариш малакасидан маҳрум бўлиб боришади. Улар ўз хоҳиш-истаклари устидан назоратни йўқотишади, аксинча сунъий қоидаларга бўйсуна бошлашади. Бу эса уларнинг ҳаётини тобора мураккаблаштиради ва азият чекишларига сабаб бўлади. 

Шу ўринда савол туғилади: хўш улар ушбу сунъий қоидаларни қаердан олишади? Бунинг жавоби эса жуда оддий. Мазкур қоидаларни уларга ниманидир катта пулга сотмоқчи бўлганлар ўйлаб топишади ва бойларнинг онггига сингдиришади. Ҳа, бу савдо ўйинидаги хусусий манфаат муаммосининг аксидир. 

Жамиятнинг ўзига тўқ қатламининг дунё қарашига, уларга бирор жиҳозни ўзаро рози-ризолик билан сотиш воситасида пул топишни истаганлар таъсир кўрсатади. Харидорларнинг бой-бадавлат бўлгани эса нур устига аъло нур. Чунки, улардан ўз манфаати йўлида фойдаланаётганлар, одатда, камроқ имкониятга эга бўлган кишилар тоифасига мансуб бўлгани боис, биров-бировни айблашни хаёлига ҳам келтиришмайди. 

“Гап шундаки, – деб ёзади мақола муаллифи – бир сафар мен Мишлен юлдузига эга ресторанда кечки овқатни танаввул қилдим. У ерга мени бир танишим таклиф қилган эди. У, гарчи мен оддийгина грек ошхонасини маъқул кўрган бўлсам-да, айнан ушбу ресторанда овқатланишда оёқ тираб туриб олди. Қиммат ресторандаги муҳит ҳам ўзига яраша жиддий эди. Кечки дастурхонга тортилган таомлар эса, кичик порциялардаги ва эҳтимол фақат микроскопда кўрса бўладиган турли хил қўшилмалардан иборат эди. Уларнинг таъми, мазаси бир-бирига шунчалик зидки, гўёки синов вақтида имтиҳон топшираётгандек тасаввур ҳосил қилиш мумкин. Бу кечки овқатдан кўра, кўпроқ “томи кетган” филолог билан қандайдир музейга боргансиз-у, ҳамроҳингиз ўзингиз билишни истамаган нималардир ҳақида тинимсиз ваъз ўқишига ўхшаб кетар эди. 

Столга келтирилган таомлар орасида аксари менга нотаниш, аниқроғи, менинг иштаҳамга мос келадигани учрамади. Кутилмаганда, ўзимга мақбулроқ таомга кўзим тушди, аммо улгурмадим. Навбатдаги таомни узатиш вақти келган эди ва мен ундан бир луқма ҳам татий олмадим. Мен дастурхон узра кўз югуртирар эканман, хизматчининг сўзларини тинглаш асносида диққатимни йўқотишдан ҳадиксираб турдим. Мен ўзимнинг зерикаётганимни билдирмаслик учун жуда катта куч сарфладим. Мени хурсанд қилган бир нарса бор эди – у ҳам нон бўлди. Аммо, нон совуқ ҳолда келтирилган эди. Ким билсин, балки иссиқ нон Мишлен ресторанлари стандартига кирмас”.