Ҳиндистонда «аср тўйи» ўтказиляпти. 12 июл куни Анант Амбани ва унинг рафиқаси Радика Мерчантнинг Мумбайдаги тўй маросими бошланди. Тўй 3 кун – жумадан якшанбагача давом этади.

Келин-куёв ҳақида
29 ёшли Анант Осиёнинг энг бой одами – Мукеш Амбанининг кенжа ўғли. Амбанилар оиласи Reliance Industries Limited компаниясига эгалик қилади. Унинг бизнеси нефтни қайта ишлаш, чакана савдо, телекоммуникация, озиқ-овқат маҳсулотларини сотиш ва рақамли платформа хизматларини тақдим этишни ўз ичига олади. Айни пайтда Forbes Мукеш Амбанининг бойлигини 123,7 млрд долларга баҳолаган ва дунёнинг энг бой одамлари рўйхатида 11-ўринга жойлаштирган.

Радика Мерчант 1994 йилда ишбилармонлар оиласида туғилган. Унинг ота-онаси миллиардерлар Вирен ва Шейла Мерчант — дунё миқёсида таблетка ҳамда капсулалар ишлаб чиқарувчи Encore Healthcare компаниясининг асосчиларидир. Радика дастлаб элита мактабида ўқиган ва кейинчалик Ню-Йорк университетининг сиёсатшунослик ва иқтисод факултетини тамомлаган.
Айрим манбаларда Анант Амбани ва Радика Мерчантнинг болаликдан танишлиги ҳақида айтилган, бошқаларида эса жуфтлик 2017 йилда танишгани ҳақида келтириб ўтилган.
Тўйда кимлар қатнашади?
Тўй маросими Амбаниларга тегишли Мумбайдаги 27 қаватли «Антилия» деб номланувчи мажмуада бўлиб ўтади. Унинг баландлиги 173 метр, майдони эса 37 минг квадрат метрга яқин. Амбаниларнинг хусусий уйларидан бири бўлган бу иншоот 2006 йилдан 2010 йилгача қурилган. Бино қурилиши миллиардерларга 50-70 миллион долларга тушган. Айни пайтда мазкур ҳашаматли уй 2 млрд долларгача баҳоланмоқда.

Анант ва Радиканинг тўйига ташриф буюрадиган меҳмонлар рўйхатидан Ҳиндистон бош вазири Нарендра Моди, мамлакатдаги мухолифат партия – «Ҳиндистон миллий конгресси» етакчиларидан бири Сониа Ганди, республика мудофаа вазири Ражнат Сингх, парламент аъзолари, ва бир қатор штатларининг бош вазирлари ўрин олган. Шунингдек, маросимда Болливуд юлдузлари Шоҳрух Хон, Салмон Хон, Амитабх Баччан, Дипика Падуконе, Ранбир Капур ва бошқалар иштирок этишади.
















