17:55 / 28.06.2024
22205

Бойларни ром этган мегаполислар. Forbes энг кўп миллиардер яшайдиган шаҳарлар рўйхатини эълон қилди

10 та катта шаҳарда дунёдаги миллиардерларнинг деярли тўртдан бир қисми истиқомат қилади. Уларнинг умумий бойлиги 3 триллион долларга тенг.

2024 йилда дунё миллиардерларнинг умумий сони 2781 нафарга етган. Бу рекорд кўрсаткич ҳисобланади. Барча миллиардерларнинг деярли тўртдан бир қисми олтита мамлакатнинг 10 та шаҳрида яшайди. АҚШнинг Forbes журнали дунёнинг энг бой одамларини жалб қилиш марказига айланган мегаполислар рўйхатини эълон қилди.

Энг кўп миллиардерлар яшайдиган шаҳарлар рўйхатида биринчи ўринни Нью-Йорк эгаллади. АҚШнинг энг йирик шаҳрида 110 нафар миллиардер истиқомат қилади, уларнинг умумий бойлиги 694 миллиард долларга баҳоланган.

Нью-Йорк

Ню-Йорк кетма-кет 7 йил давомида миллиардерларнинг асосий маркази бўлган эди. 2021 йилда Пекин пешқадамликни қўлга киритди. Аммо Хитой етакчилиги узоққа чўзилмади. 2022 йилда Ню-Йорк биринчи ўринни қайтариб олди ва уни ушлаб турибди.

Иккинчи ва учинчи поғоналарда Москва ва Ҳонгконг жойлашган. Ушбу шаҳарларнинг ҳар бирида 74 нафардан миллиардер яшайди. Ўтган бир йил давомида Москва ва Ҳонгконгда мега бойларнинг сони мос равишда 12 ва 4 нафарга ошган. Россия пойтахтида миллиардерлар сонининг кескин ўсиши 2022 йилдаги иқтисодий таназзулнинг аста-секин юмшаб бораётгани билан боғлиқ бўлиши мумкин.

Москва
Ҳонгконг

Мумбай ҳам ўтган йилги рейтингда 7-ўринни эгаллаган бўлса, бу йил 4-ўринга сакрашга эришган. Ўтган давр мобайнида шаҳарда яшовчи миллиардерлар сони 13 кишига кўпайган.

Мумбай

Кучли ўнталикдан ўз ўрнини йўқотган шаҳарлардан бири Шенжен бўлди. Ўтган йили рўйхатда 8-ўринни эгаллаган шаҳарда истиқомат қилувчи миллиардерлар сони 17 нафарга камайиб, Шенжен 12-ўрингача тушиб кетди.

Жорий йилги рейтингда Forbes 2781 нафар миллиардердан 59 нафарининг асосий яшаш жойини аниқлай олмаган.

Энг кўп миллиардерлар яшайдиган шаҳарлар Forbes рейтингида:

1. Нью-Йорк (АҚШ)

Миллиардерлар сони: 110

Ўтган йилга нисбатан: қўшимча 6 миллиардер

Умумий бойлиги: 694 млрд доллар

Энг бой резидент: Майкл Блумберг (Bloomberg ахборот агентлиги эгаси, 106 млрд доллар)

2. Москва (Россия)

Миллиардерлар сони: 74

Ўтган йилга нисбатан: қўшимча 12 миллиардер

Умумий бойлиги: 378 млрд доллар

Энг бой резидент: Вагит Алекперов (Лукойл, 28,6 млрд доллар)

3. Ҳонконг (Хитой)

Миллиардерлар сони: 74

Ўтган йилга нисбатан: қўшимча 4 миллиардер

Умумий бойлиги: 326 млрд доллар

Энг бой резидент: Ли Ка-шинг (Cheung Kong Group, Hutchison Whampoa, 37,3 млрд доллар)

4. Мумбай (Ҳиндистон)

Миллиардерлар сони: 69

Ўтган йилга нисбатан: қўшимча 13 миллиардер

Умумий бойлиги: 379 млрд доллар

Энг бой резидент: Мукеш Амбани (Reliance Industries, 116 млрд доллар)

5. Пекин (Хитой)

Миллиардерлар сони: 63

Ўтган йилга нисбатан: ўзгармаган

Умумий бойлиги: 211 млрд доллар

Энг бой резидент: Чжан Имин (ByteDance (TikTok), 43,4 млрд доллар)

6. Лондон (Англия)

Миллиардерлар сони: 62

Ўтган йилга нисбатан: минус 1 миллиардер

Умумий бойлиги: 326 млрд доллар

Энг бой резидент: Лен Блаватник (Warner Music Group, Access Industries Holdings, 32,1 млрд доллар)

7. Шанхай (Хитой)

Миллиардерлар сони: 54

Ўтган йилга нисбатан: минус 11 миллиардер

Умумий бойлиги: 167 млрд доллар

Энг бой резидент: Колин Чжэн Хуан (PPD Holdings, 38,9 млрд доллар)

8. Лос-Анжелес (АҚШ)

Миллиардерлар сони: 53

Ўтган йилга нисбатан: қўшимча 19 миллиардер

Умумий бойлиги: 222 млрд доллар

Энг бой резидент: Жон Ту (Kingston Technology Corporation, 13,6 млрд доллар)

9. Сингапур

Миллиардерлар сони: 52

Ўтган йилга нисбатан: қўшимча 6 миллиардер

Умумий бойлиги: 156 млрд доллар

Энг бой резидент: Эдуардо Саверин (Meta, 28 миллиард доллар)

10. Сан-Франциско (АҚШ)

Миллиардерлар сони: 50

Ўтган йилга нисбатан: қўшимча 13 миллиардер

Умумий бойлиги: 185 млрд доллар

Энг бой резидент: Дастин Московитз (Asana, 18,3 млрд доллар).

Top