Спорт | 16:48 / 11.03.2017
31602
9 дақиқада ўқилади

Ҳафтанинг ўтказиб юбориш мумкин бўлмаган 5та учрашуви

Европада жорий ҳафта ҳам қизиқарли учрашувларга бой бўлади. Айниқса еврокубок йўлланмалари учун кураш олиб бораётган жамоаларнинг ўзаро тўқнашуви ҳафта уик-эндига ўзгача шукуҳ бағишлайди. Шунингдек Англияда кубокнинг чорак финал учрашувлари ҳам бизга бир қатор қизиқарли тўқнашувларни тақдим этиши кутилмоқда. Tribuna.Uz бўлажак учрашувларнинг энг сара бештаси билан таништириб ўтади.

Йиртқич «Боруссия» қаршисидаги ярадор жангчи
Ҳерта – Боруссия Д (11 март, 19:30)

Еврокубоклар учун кураш олиб бораётган «Ҳерта» яхши спорт формасига кириб улгурган «Боруссия»ни қабул қилади. Дортмундликлар етакчилари (Ройс, Гётце) жароҳат олишига қарамай, ажойиб футбол намойиш этмоқда. Европа чемпионлар лигасининг 1/8 финалида жамоа ишончли ғалаба эвазига кейинги босқичга йўлланма олди. Пьер-Эмерик Обамеянг учрашувда ҳэт-трик қайд этди. Габонлик футболчи сўнгги уч учрашувда 7та гол киритганиёқ кўп нарсадан далолат бермоқда. 

Икки жамоа кишки танаффусдан сўнг тўқнаш келишга улгуришди. Германия Кубоги доирасидаги Дортмундда кечган учрашувда 120 дақиқа давомида ғолиб аниқланмаган, пенальтилар сериясига кўра «Боруссия» кейинги босқичга йўл олганди. Пойтахтликлар бундеслига доирасидаги сўнгги 8 учрашувнинг фақат иккитасида ғалаба қозона олишган холос. Эндиликда жамоанинг ЕЧЛ йўлланмаси учун курашиши анча қийин кечиши кутилмоқда. 

Икки жамоа ўртасидаги Берлинда кечган сўнгги етти учрашувда «Ҳерта» фақат бир маротаба ғалаба қозонган. Сўнгги марта «Ҳерта» уч йил муқаддам 2014 йилда ўз уйида «Боруссия» устидан ғалаба қозонган.

Миландаги еврокубоклар учун жанг
Интер – Аталанта (12 март, 19:00, Sport, Матч! Футбол 2)

Турнир жадвалида ёнма-ён бораётган икки жамоа ўртасидаги тўқнашув кескин курашларга бой бўлиши кутилмоқда. Европа чемпионлар лигаси йўлланмаси учун кураш олиб бораётган жамоалар бу умидни сақлаб қолиши учун ҳам учрашувни ўз фойдасига ҳал қилишлари талаб этилади. «Аталанта» жорий мавсумни ўта муваффақиятли ўтказмоқда. Жамоа яқиндагина «Наполи» уйидан ғалаба билан қайтди. Грандларга қарши меҳмонда қандай ўйнашни биладиган жамоа Пиоли шогирдларига ҳам етарлича қаршилик кўрсата олишини кутишимиз табиий.

«Интер» ўз уйида ўтган сўнгги уч учрашувнинг иккитасида имкониятни бой бериб қўйди. Аммо ўтган турда жамоа «Кальяри» уйида ўта ишончли ўйин кўрсатиб, йирик ҳисобдаги ғалаба билан қайтди. «Интер» Бергамода ўтган сўнгги икки учрашувда муваффақиятсизликка учраган. Аммо Миланда кечган сўнгги икки учрашувда ғалаба қозонган. Бироқ унгача бўлган икки учрашувда ҳам «Аталанта» Сан-Сиродан ғалаба билан қайтган.

18 йиллик забт этилмас довон
Челси – Манчестер Юнайтед (14 мартга ўтар кечаси, 00:45, Матч! Футбол 1)

Англия премьер-лигасининг кўплаб учрашувлари бу турда ўтказилмайди. Сабаби Кўҳна қитъанинг энг кекса мусобақаси саналадиган Англия кубогида чорак финал учрашувлари бўлиб ўтади. Англия кубоги мусобақаларига тиғиз тақвим туфайли кўплаб жамоалар дастлабки босқичларда жиддий қарамасликлари мумкин. Аммо чорак финалдан бошлаб барчаси ўзгаради. Сабаби бу инглиз жамоалари учун жуда муҳим бўлган жиҳат — «Уэмбли»га бир қадам дегани. Яхши биласиз, Англияда ярим финалдан бошлаб учрашувлар айнан Британиянинг биринчи рақамли стадионида бўлиб ўтади.

Амалдаги кубок соҳиби «Манчестер Юнайтед» бу мавсумда бошқа бир кубокда муваффақиятга эришишга улгурди. Лига кубогида жамоа «Саутҳемптон»ни мағлубиятга учратиб бош соврин соҳибига айланди. Моуриньо жамоаси чемпионлик умидидан аллақачон маҳрум бўлиб улгурган. Шу сабабдан жамоа ўзи иштирок этаётган бошқа мусобақаларда бош совринни қўлга киритишни истамоқда. Англия кубогида жамоани бу сафар ўта жиддий рақиб — амалдаги АПЛ етакчиси «Челси» қарши олади. 

Иккала жамоа ўртасидаги сўнгги 11 учрашувдан буён «Манчестер Юнайтед» ғалаба қозона олмай келмоқда. Сўнгги марта «МЮ» Алекс Фергюсон билан чемпионликни қўлга киритган 2012/13 йилги мавсумда «Челси» уйида ғалаба қозонганди. Англия кубоги доирасидаги эса жамоалар сўнгги марта 2013 йилда айнан чорак финалда дуч келишган. Манчестерда дуранг қайд этилган бўлса, Лондонда кечган қайта ўйинда «Челси» муваффақият қозониб, ярим финалга йўлланма олганди. Аҳамиятли томони ўша мавсумда «Юнайтед»ни Англия Лига кубогидан ҳам айнан «Челси» чиқариб юборган.

«Манчестер Юнайтед» охирги марта «Челси»ни кубокдан 1999 йилда, ўша афсонавий ЕЧЛ қўлга киритилган мавсумдагина мусобақадан чиқариб юбора олган холос. Ундан кейинги учта учрашувда манчестерликлар муваффақиятсизликка учраган. 

Рекордлар кетидан рекордлар
Монако – Бордо (11 март, 20:45, Sport)

Турнинг марказий учрашувида турнир жадвали етакчиси, бешинчи ўринда бораётган «Бородо»ни қабул қилади. «Монако» чемпионат тугашига 10 тур қолгандаёқ гол киритиш бўйича клубга тегишли барча рекордларни янгилаб ташлади. Жамоа +57 фарқ билан 82та гол киритган. Чемпионликка мос ўйин кўрсатаётган Жардим шогирдлари мураккаб ўйин орқали келгуси ҳафтада бўлиб ўтадиган ЕЧЛ доирасидаги «Манчестер Сити»га қарши учрашувга тайёргарлик кўриши керак бўлади. 

Ўтган турда «Монако» «Нант»ни 4:0 ҳисобида мағлубиятга учратишга муваффақ бўлди. «Бордо» эса Лион»га қарши учрашувда дуранг қайд этди – 1:1. «Бордо»нинг еврокубоклар зонасига илиниб олиши учун 4 очко етишмаяпти. Айнан пешқадамга қарши учрашувдаги муваффақият бу йўлда ташланган дадил қадам бўлиб хизмат қилиши мумкин.

«Монако» учун айнан «Бордо» энг ноқулай рақиблардан бири саналади. Икки жамоа ўртасидаги сўнгги етти учрашувда «Монако» фақат бир марта ғалаба қозонган. Бу ҳам ушбу мавсумдаги биринчи давра ўйинида қайд этилган. Энг қўрқинчли томони «Монако» мана 10 учрашувдирки ўз уйида «Бордо»ни мағлубиятга учрата олмай келмоқда. Сўнгги марта «Монако» «Бордо»ни меҳмон қилганида 2003 йилнинг августида ғалаба қозонган. Орадан 14 йилга яқин вақт ўтиб ҳам бу натижа сўнггиси бўлиб қолмоқда.

«Сити» учун ўтиб бўлмас асрий тўсиқ
Мидлсбро – Манчестер Сити (11 март, 17:15, Матч! Футбол 1)

Учрашувнинг муҳимлиги шундан иборатки, айнан «Мидлсбро» «Манчестер Сити» учун энг ноқулай рақиб бўлиб келмоқда. Сўнгги икки учрашувдан буён «Этиҳад»да мағлубиятга учрамаётган клуб, шундай муваффақиятларнинг бирига айнан Англия Кубогида эришган. Айтор Каранка жамоаси премьер-лигага қайтгач, мавсумни ёмон бошламаганди. Бироқ ҳозирги вақтга келиб жамоа жуда қийин аҳволга тушиб қолган. «Манчестер Сити» эса «Сток»ка қарши сўнгги ўйинни ҳисобга олмаганда, ажойиб спорт формасига кириб олган. Жамоа январдан буён мағлубиятга учрамай келмоқда.

Юқорида эслаб ўтганимиздек икки жамоа ўртасидаги сўнгги икки ўйиннинг иккаласи ҳам Манчестерда кечган бўлиб, жорий мавсум чемпионат учрашувида Каранка шогирдлари сўнгги дақиқаларда етакчидан очко тортиб олишга муваффақ бўлганди. Аммо икки йил муқаддам чемпионшип вакили бўлган «Мидлсбро» кубок учрашувида «Манчестер Сити» уйига ташриф буюриб ғалаба қозонган ва «шаҳарликлар»ни мусобақадан чиқариб юборганди. Энг қизиқ томони, бунгача жамоалар кубок доирасида 1997 йилда ўзаро рўбарў келишган. Ўшанда ҳам «Сити» уйида кечган учрашувда «Мидлсбро» ғалаба қозониб кетганди. «Манчестер Сити» кубок доирасидаги тўқнашувларда фақат бир марта «Мидлсбро»дан устун келган. Бу воқеага 9 март куни 113 йил тўлди. Ўшанда ҳам «Сити» уйида ҳисоб очилмаган, аммо «Мидлсбро»да «шаҳарликлар» ғалаба қозонишга муваффақ бўлганди.