Сўнгги вақтларда мамлакатда коррупция мавзуси фаол муҳокама қилина бошлади. Ушбу ижтимоий иллатга қарши қонунлар, фармонлар қабул қилинмоқда. Мазкур муаммога доир турли фикрлар билдирилмоқда. Юлий Юсупов иқтисодчи-эксперт сифатида бўлаётган жараёнларга ўз фикрини билдирмоқда.  

Коррупция – фақатгина Ўзбекистон эмас, балки аксарият ривожланаётган мамлакатларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишидаги асосий бош оғриқларидан бири ҳисобланади. Ўзбекистон ҳам бу борада мустасно эмас. Албатта, бу «касаллик» билан курашиш лозим ва шарт. Бироқ, унинг кўринишлари эмас, аксинча унинг сабабларига қарши курашиш керак. 

Коррупциянинг илдизлари қанчалик чуқур ва умуман уни «илдизи» билан йўқотиш мумкинми?

Биринчидан, бу фуқароларнинг бизнес юритишлари ва тадбиркорлик фаолиятлари билан шуғулланишлари учун турли хил рухсатларни бериш борасида давлат органлари ва мулозимларнинг кенг ваколатларидир. 

Давлат мулозимларининг нимагадир рухсат бериш ва бермаслик ваколати қанчалик кенг бўлса, рухсатларни (лицензиялар, сертификатлар ва б.) бериш жараёни шунчалик шаффоф бўлмайди. Бу ҳолатда тамагирлик ва пора олиш учун имконият ҳам кенгаяди. Бундан ташқари, кўплаб тақиқлар ва чекловлар бўлса, коррупция схемалари хусусий секторга ҳам ўта бошлайди. 

Масалан, нақд пулларни бериш борасида маъмурий тўсиқлар тижорат банклари, банк ишчилари, савдо ташкилотларига пулларни нақдлаштиришда «шапка» олишлари учун қулай шароитдир. Шунга кўра, айтиш мумкинки, фақат мулозимлар порахўр бўлмайди!

Иккинчидан, коррупция – давлат ва мулозимларнинг бозор механизмлари ишига турли усулда аралашувидир. Нархларни бошқариш, фоиз ставкаларини белгилаш, алмашув курси, захираларни марказдан тақсимлаш, айрим корхоналарга турлича имтиёзлар бериш шулар жумласидан. 

Агар бирорта маҳсулот ёки захира нархи бошқарилса, тез орада унинг танқислиги кузатилади. Натижада навбатда туришлар, қора бозор, «шапка», фойдадан улуш бериш ва бошқа шу каби танқислик ҳамда иқтисодиётининг алламбало кўринишларига дуч келинади. Валюта курси ва фоиз ставкаларини бошқаришда ҳам шундай ҳолатни учратиш мумкин. Бу сафар, фақат давлат мулозимлари эмас, балки тижорат соҳаси ходимлари ҳам “мўмайгина даромад” топишга ҳаракат қилади. Имтиёзларни тақдим қилишда ҳам шунга дуч келинади. Бизнес давлат ҳисобидан қандайдир имтиёзларга эга бўлиш борасида қанчалик кўпроқ имконга эга бўлса, коррупция эҳтимоли ҳам шунчалик ортади. 

Ўзбекистонда, афсуски, давлат органлари ва мулозимларнинг нимагадир рухсат бериш ёки тақиқлаш, бозор механизмларига аралашиш, бизнес юритишга нотенг шароитлар яратиш борасидаги имкониятлари ҳамда ваколатлари улкандир. Давлатнинг иқтисодиётдаги ўрнини кескин ўзгартирувчи иқтисодий ва маъмурий ислоҳотларсиз, коррупция «илдизи»ни йўқотиш муаммосини ҳал этиб бўлмайди.