Жамият | 19:04 / 20.03.2017
4788
2 дақиқада ўқилади

Wrigley можароларни келтириб чиқарган Five сақичларини савдодан қайтариб олмоқда

Фото: Flickr/ MAGIC FORTS

Wrigley компанияси истеъмолчиларнинг шубҳа-гумонларини келтириб чиқарган Five сақичларини савдодан қайтариб олишга қарор қилди. Савдода жуда кам миқдорда шу сақичдан қолган, деб баёнот берди Wrigley компаниясининг Россиядаги корпоратив алоқалар бўйича раҳбари Надежда Лобачева РИА Новости агентлигига. 

Аввалроқ, Россиянинг Сахалин, Краснодар ўлкаси, Оренбург вилоятларида Wrigley компанияси ишлаб чиққан "Five. Ҳақиқат ёки ҳаракат" номли сақичларини қайтариб олиш бошлангани хабар қилинган эди. Мазкур маҳсулотларда энг баланд бинонинг томига чиқиб, ўлимдан олдин нима қилиш кераклиги ҳақида ўйлашга чақириқлар бўлган. 

"Wrigley компанияси "Ҳақиқат ёки ҳаракат" акциясини, шу маҳсулотларни компания фабрикасида ишлаб чиқишни ҳамда мазкур кампания бўйича реклама ишларини   тўхтатишга қарор қилди. Бунга истеъмолчилардан илк мурожаатлар тушган вақтда қарор қилинган. Биз бу маҳсулотни савдодан қайтариб оляпмиз ва уларни одатдаги маҳсулотлар билан алмаштираяпмиз. Ҳозирда бу иш ҳам якунланиб қолди", — деган Лобачева.

Унинг изоҳлашича, "Ҳақиқат ёки ҳаракат" акцияси 2017 йил январида бошланган ва 2 ойга мўлжалланган. 

У, шунингдек, ушбу кампания вазифалари "Россияда пайдо бўлган ташвишли" ўйинлардан аввалроқ ишлаб чиқилгани, аммо айрим топшириқлар истеъмолчилар томонидан бошқача тушунилганини айтган. 

"Биз ҳеч қачон Wrigley ва унинг маҳсулотлари хавфли ишларни тарғиб қилишини ёки шундай ишларни бажаришга чақиришини хоҳламаганмиз ва режалаштирмаганмиз", — деган Лобачева. 

Эслатиб ўтамиз, сўнгги вақтларда Россия ва МДҲнинг бошқа мамлакатларида вояга етмаганларни ўз жонига қасд қилишга ундовчи турли ўйинлар авж олган эди.