Ўзбекистон терма жамоаси ЖЧ саралаш босқичи доирасида Суриядан мағлубиятга учрагач, терма жамоа, бош мураббий ва ўйин борасида турли мақолалар чоп этилди. Tribuna.Uz интернет-нашрида ҳам шундай мақолалардан бири эълон қилинди. Қуйида ушбу мақолани тўлиғича эътиборингизга ҳавола қиламиз.
«Пахтакор»да менежер бўлиб ишлаб юрган Самвел Бабаяннинг Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийлигидек масъулиятли лавозимга киришган кунлари спорт журналистларини йиғиб айтган гапини яхши эслайман: «Биз — бир жамоамиз, — деган эди у журналистларни ҳам назарда тутиб. — Ҳаммамиз бир мақсад йўлида ҳаракат қилишимиз лозим». Яъни бу билан Бабаян афанди айтган эдики, битта жамоа вакиллари бир-бирини танқид қилмайди, фақат суяйди. Шундай экан, «қолганини ўзларинг тушунволувурларинг...». Албатта, менежер айнан шундай дегани йўқ, шунчаки бунга шаъма қилган эди. Қалам аҳли худди мухлислардек зукко бўлади, терма жамоа тепасидаги одам аслида нима демоқчи эканини дарҳол пайқаганди...
Шундай қилиб, футболимиз тарихида Бабаян эпопеяси бошланди.
Биласиз, эпопея дегани мардонавор, жасурона ишлар билан боғлиқ воқеа-ҳодисаларни англатади. Футболчиларимиз Бабаян чизиб берган тактик схемалар ёрдамида бирин-кетин Филиппин, Яман сингари кучли жамоаларни мағлуб эта бошлади. Раҳматли Ҳожибой қизиқ ибораси билан айтганда, мазкур ютуқлардан сармаст айрим ишқибозлар: «Ўзбекистон бу йил жаҳон чемпионатига чиқиб кетади-ёв» дейишгача борди. Ўйин сифати қандай, рақибларимиз қайси савияда, уларни ортда қолдириш билан қаергача боришимиз мумкин, деган саволлар устида бош қотириб ўтиришнинг мавриди эмасди. Чунки бу саволларни қўйишнинг ўзи густохликка ўхшаб туюларди. Ахир, сўз олиб-сўз берилган: «Биз — бир жамоа бўлсак, қандай бўларкин...».
Шу кунлар миёнасида собиқ менежер, айни пайтда БОШ МУРАББИЙнинг яна бир «кўнгилгахушёқар» интервьюси эълон қилинди. У зот айтдики, «Қўл остимдаги жамоа — Ўзбек футболи тарихидаги энг кучлиси. Биз ҳали Осиёда тилга тушадиган ўйин услубини жорий этамиз...».
Ишондик. Ахир, гап бевоситами-билвоситами, ҳар ҳолда Ватан ҳақида, унинг шаъни тўғрисида борарди. Бундай пайтда озгина некбинлик ҳам керак, бадгумонлик, бадхаёллик ортиқча, дедик. Каттами-кичкинами, ғалабалардан қувондик. Уйимизда Яманни зўрға ютганда ҳам ўзимизни овунтирдик: «Мураббийларимиз Осиёда машҳур бўладиган ўйин услубини қидиришаяпти. Ҳа, энди изланиш жараёнида шундай «тажриба»лар ҳам бўлиб туради-да!». Кўнгилни кенг қилдик. «Учрашув» фильмидаги қаҳрамонлардан бирининг гапи эсингиздами? «Ҳали шошмай тур, бу жуда-а шинаванда йигит!..». (Ҳусан Шарипов талқинидаги қаҳрамон назарда тутилган). Биз ҳам бош мураббийимиз ҳақида шундай хаёлларга бордик: «Эй, биродарлар, шошмай туринг, бу жуда-а устомон йигит, бизни Россияга олиб боради ҳали!». Бугун тобора маълум бўлаяптики, Россия тугул ўзимизнинг «аэропортга ҳам чиқолмайдиганга» ўхшаб турибмиз.












