Жамоалар қандай вазиятда?

Ўзбекистон миллий жамоаси ЖЧ-2026 ҳал қилувчи саралаш босқич 5-туридан олдин «А» гуруҳида Эрон билан бир хил – 10 очкодан тўплаб, қўшҳокимлик ўрнатган. Вакилларимиз мағлубият нималиги билишмаяпти – 4 ўйинда 3 ғалаба ва Эрон билан дуранг қайд этилди. Осиё кубогининг амалдаги ғолиби Қатар эса ЖЧ-2026 саралашини муваффақиятсиз ўтказмоқда – 4 ўйинда 1 ғалаба ва 1 дуранг қайд этиб, 4 очко билан 4-ўринда бормоқда.

Бугунги баҳсдаги ғалаба Сречко Катанец шогирдлари учун ЖЧ-2026 сари катта қадамга айланади, Қатар 3 очкони қўлга киритган тақдирда дастлабки икки ўринга бериладиган тўғридан-тўғри йўлланма учун имкониятини сақлаб қолади. Шу боис, ўтган турда Эронга йирик ҳисобда мағлуб (1:4) бўлган қатарликлар бу баҳсга ҳаёт-мамот масаласидек ёндашиши мумкин.

Ўзбекистоннинг ўтган 4 турдаги натижаси:

1-тур. Ўзбекистон – КХДР – 1:0

2-тур. Қирғизистон – Ўзбекистон – 2:3

3-тур. Ўзбекистон – Эрон – 0:0

4-тур. Ўзбекистон – БАА – 1:0

Қатарнинг ўтган 4 турдаги натижаси:

1-тур. Қатар – БАА – 1:3

2-тур. КХДР – Қатар – 2:2

3-тур. Қатар – Қирғизистон – 3:1

4-тур. Эрон – Қатар – 4:1

Ўзаро ўйинлар: Устунлик Ўзбекистонда

Қатарга қарши бугунги учрашув миллий жамоамизнинг ушбу рақиб билан 16-ўйинига айланади. Вакилларимиз ўтган 15та ўйиндан 9тасида ғалаба қозонган. Бошқа бирор жамоа устидан бу қадар кўп ғалабага эришмаганмиз, Туркманистонни ҳисобга олмаганда – 10 ўйиндан 9 тасида устун келганмиз.

Ўтган 15 ўйинда миллий жамоамиз қатарликлар дарвозасига 25та тўп киритган. Бундан кўпроқ голни фақат Туркманистон (27) ва Хитой Тайпейига (30) урганмиз. Ўзаро баҳсларда Ўзбекистон 9 марта ғалаба қозонган бўлса, Қатар 4тасида ютган – сўнггиси Қатардаги Осиё кубогида мезбонлар чоракфиналда пеналтилар сериясида (1:1, 3:2) устун келган. 10 ой аввалги ушбу аламли мағлубият учун Катанец шогирдларида бугун реванш имконияти бор.