Ўзбекистон | 19:30 / 25.03.2017
30038
2 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев Тошкентнинг Юнусобод туманидаги янги кўприк билан танишди 

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев пойтахтимизнинг Юнусобод туманидаги Янги шаҳар ва Боғишамол кўчаларини туташтирувчи янги кўприк билан танишди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.

Бўзсув канали устидан қурилган мазкур кўприк Тошкент халқа йўли ва Амир Темур шоҳкўчасида тирбандликни камайтириш, ҳайдовчи ва йўловчилар ортиқча вақт ва маблағ йўқотишининг олдини олишни таъминлайди. 

Умумий узунлиги 423, баландлиги 5,5, кенглиги 33 метр бўлган 8 полосали мазкур кўприк “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамиятига қарашли “Кўприк қурилиш трести” унитар корхонасининг 67-кўприк қурилиш бўлинмаси бунёдкорлари томонидан олти ойда қуриб битказилди. 

Кўприкнинг икки томонида пиёдалар учун 2 метрли йўлак барпо этилган бўлиб, бу пиёдаларга қулайлик яратади. 

Президент бу ерда амалга оширилган ишлар билан танишар экан, янги кўприкнинг пойтахтимизнинг Юнусобод ва Мирзо Улуғбек туманларини туташтиришдаги аҳамияти улкан эканини таъкидлади. Илгари ушбу туманлардан бир-бирига автомобилда 17-18 километр айланиб борилган бўлса, янги кўприк фойдаланишга топширилгач, одамларнинг узоғи яқин бўлди. 

Бундай кенг кўламли ва эзгу ишлар туфайли пойтахтимиз йўлларининг хизмат кўрсатиш сифати ва самарадорлиги тубдан яхшиланмоқда, деди давлатимиз раҳбари. 

Мавзуга оид