Шайх Муҳаммаджон мулло Рустам ўғли 1310 ҳижрий — 1892 милодий йилда Қўқон музофотига қарашли Хожа Муҳаммад Валий қабристонига яқин Чорбоғ қишлоғида маърифатли хонадонда туғилган. Ёшликдан илмга иштиёқи баланд бўлгани боис, ўн тўрт ёшида саводхон ва ҳофизи Қуръон бўлиб етишган. У Қўқон ва Бухоро мадрасаларида, сўнгра Балх ва Мозори Шарифда устозлардан сабоқ олади. Сўнгра Қози Мирмуҳаммад Ғавс деган устозининг тавсиясига кўра, Ҳиндистоннинг Ажмир шаҳридаги «Усмония» мадрасасида яна саккиз йил ўқиб, хатми кутуб қилади, яъни энг олий шаҳодамномани қўлга кирититади.

Илм талабида, изланишда бўлиб, ўн беш йил ота-оналари билан кўришолмайдилар. Ҳиндистонда ўқиб юрган кезлари иттифоқо поездда ҳаж сафарига йўл олган оталари билан учрашиб қоладилар ва ҳаж зиёратида у кишига ҳамроҳлик қиладилар. Ота-бола бирга бу улуғ ибодатни тўкис адо этиб бўлганидан кейин, тақдир экан, оталари Ҳижозда вафот этади. Падари бузрукворидан ажраб колган Муҳаммаджон Ҳиндистонга қайтади ва яна бир йил илм ўқиб, мадрасани тамомлайди. Сўнгра отасининг васиятига биноан волидасини зиёрат қилиш учун она юрти Қўконга қараб равона бўлади. Не-не машакқатлар билан Қўқондаги ҳовлисига келса, оналари ҳам дунёдан ўтган экан. Кейинчалик бу вокеани эслаб: «Ман волидамдан ўн етти ёшда жудо бўлғон эканман. Шундан кейин ман кўролмадим, ман келғонимга пушаймон едим. Дилимда волидамға хизмат қилолмағонлигимнинг ҳасрати то Қиёмат қолди. Бу жойда гўё мусофирга ўхшаб қолдим», деб афсус-надомат чекади.

Ҳиндистонда ўқиб келганлиги ва забардаст олим бўлгани учун домлани «Ҳожи Ҳиндистоний», «Мавлавий Ҳиндистоний», «Ҳожи домулло», «Ҳазрати Мавлавий» номлари билан ҳурматлашади. Қўқонда туғилгани учун у кишига Қўқондий нисбаси ҳам берилган.                               

Юртга қайтиш

Унинг юртига қайтиб келгандан кейинги ҳаёти мураккаб бир вазиятда ўтади. Домла ўттиз олти ёшга кирган (милодий 1929 йил) вақтда мамлакатда очарчилик бошланган, диндорларга зуғум ўтказилаётган бир давр эди. У киши шу санада икки болали бир бева аёлга уйланади. Ундан кейин ташвишли кунлари бошланади. 1942 йили урушға кетгунига қадар “руҳоний”, “мулло”, “хорижий давлатларда ўқиган” каби айбловлар билан икки марта қамалиб чиқади. Жон сақлаш ва фитналардан йироқ бўлиш мақсадида аҳли аёллари билан тез-тез бошқа жойларга кўчиб туради. 1942 йили урушда қатнашиб, 1943 йил жароҳатлангач, меҳнат лагерига хизматга юборилади. 1946 йилда Қўқонга қайтиб келади. Қама-қамалар ва урушга кетгани сабабли Қозоғистон, Белорусия ва Россиянинг бир неча шаҳарларида умрини ўтказади.

Урушдан кейин динга бир оз эркинлик берилиб, масжидлар очилгандек эди. Ўша пайтлар Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний идораси Тошкентда жойлашган бўлиб, бутун минтақада диний ишлар шу ердан бошқарилар эди. Муҳаммаджон домла 1946 йили шу идоранинг муфтийси Эшон Бобохоновга иш сўраб мурожаат этганида, у кишини хизмат қилиш учун Тожикистонга юборишади. Домланинг яшашга уй-жойи бўлмагани учун Тожикистон қозиси у кишини Хожа Аҳрори Валининг пирлари Мавлоно Яъқуби Чархий мазоротига мутаваллий вазифасига жўнатади. Тожикистондаги ҳаёти шу тариқа бошлангач, домлани 1949 йили Хожа Яъқуб масжидига имомликка ўтказишади. Лекин бу ерда ҳам йигирма беш йилга қамашади. Аллоҳнинг иродаси экан, Москвага арз этиб, тўрт йилу уч ойда озодликка чиқади.