Ўзбекистон | 17:24 / 28.03.2017
6249
2 дақиқада ўқилади

Сенат Россия билан ҳарбий-техникавий ҳамкорлик тўғрисидаги келишувни ратификация қилди 

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати бугун Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги ҳарбий-техникавий ҳамкорликни (МТҲ) ривожлантириш бўйича келишувни ратификация қилди. Бу ҳақда Uzdaily.uz хабар бермоқда.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон ва Россия Москвада 2016 йилнинг 29 ноябрь куни ҳарбий-техникавий ҳамкорликни ривожлантириш ва 2017 йил учун мудофаа вазирликлари ўртасида икки томонлама ҳамкорлик Режаси тўғрисида битим имзолашганди.

Шартнома мақсади ҳарбий-техникавий соҳадаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада чуқурлаштиришдан иборат.

Томонлар шартнома доирасида ҳарбий мақсадга мўлжалланган маҳсулотларни, жумладан қурол-яроғлар, ҳарбий техника, ишлар, хизматлар, интеллектуал фаолият натижалари, уларга бўлган ҳуқуқларни ҳамда ҳарбий-техник соҳадаги маълумотни етказиб бериши мумкин.

Шунингдек томонлар қурол-яроғлар ҳамда ҳарбий техникага хизмат кўрсатиш ва таъмирлаш бўйича ҳамда ҳарбий-техник ёрдамни кўрсатиш бўйича ишни амалга ошириш ниятидалар.

Ўзбекистон ва РФ шунингдек ҳарбий маҳсулотларни ишлаб чиқиш, ишлаб чиқариш, таъмирлаш, модернизация қилиш ва фойдаланиш бўйича қўшма корхона ҳамда ишлаб чиқаришни яратиши мумкин.

Мавзуга оид