Жамият | 14:46 / 01.04.2017
41394
6 дақиқада ўқилади

"Бамбарбия! Киргуду!": "Кавказ асираси" суратга олинганига 50 йил тўлди

Ярим аср муқаддам, 1967 йилнинг 1 апрелида Леонид Гайдайнинг "Кавказ асираси ёки Шурикнинг янги саргузаштлари" комедияси премьераси бўлиб ўтган эди. 3 апрель куни фильм кенг прокатга чиқарилади ва йиллар оша барча замонларнинг энг яхши кинокомедиялари ичида ўзининг муқим ўрнига бўлади.

Кинокартинанинг муваффақияти эсанкиратадиган даражада эди, ундаги диалоглар машҳур иқтибосларга айланиб кетиб бўлган. Гарчи ишланганига ярим аср бўлганига қарамасдан, ёш этнографнинг тоғли ҳудудлардан бирида кўрган кечирганлари ҳанузгача миллионлаб мухлисларни мафтун этиб келмоқда. ТАСС журналистлари "Мосфильм" концерни архиви ходимлари билан биргаликда фильм ҳақида бир неча қизиқарли фактларни тўплаб чиқишди.

Ўта енгил комедия

Премьера йилида картина дарҳол прокат етакчисига айланган: уни 76 миллион мухлис томоша қилган, бироқ кинофильм токчада чанг босиб ётиши ҳам мумкин эди. Цензурага енгил ҳазиллар ва қўшиқлар ёқмаган.

Лекин шу ерида тасодиф жанобий олийлари аралашиб қолади. Совет иттифоқи даврида янги чиққан киноларни маданий ҳордиқ чиқаришларини таъминлаш учун мамлакат раҳбариятига жўнатиш одат тусига кирган эди. Шу йўл билан комедияни Леонид Брежнев томоша қилади ва кино унга ёқади. У фильмни мақтайди ва кинокартина тақдирини ўзгартириб юборади.

Фильм прокати учун рухсат гувоҳномаси кинематография давлат қўмитаси томонидан 1967 йилнинг 14 январида берилади. Мана, йиллар ўтиб кўриниб турибдики, бош котиб адашмаган экан: "Кавказ асираси" пул йиғиш бўйича собиқ иттифоқ кинолари тарихида тўртинчи ўринни эгаллаган.

Давоми ҳам бўлиши мумкин эди

1965 йилнинг июнь ойида "Мосфильм"га топширилган талабномага кўра янги фильм сценарийси "Шурик тоғда" деб номланган ва икки новелладан иборат бўлган: биринчиси ("Кавказ асираси") Кавказга, қариндошлариникига меҳмонга келган ва маҳаллий амалдор томонидан ўғирланган талаба қиз Нина ҳақида ҳикоя қилиши лозим бўлган.

Иккинчи қисми  — "Қор одам ва бошқалар" — таниқли профессор (бош ролда Михаил Пуговкин) раҳбарлигида қор одамни ахтариб топиш учун уюштирилган илмий экспедиция ҳақида ҳикоя қилиши керак эди. Олимлар қор одамнинг изларига дуч келишади, лекин уни таниқли учлик: Қўрқоқ, Валакисаланг ва Туллак қолдирган бўлади. Охир-оқибат сценарий учун фақат биринчи ҳикоя танлаб олинади.

Талаба, комсомол… ва цирк артисти!

Съёмка учун “талаба, комсомол, спортчи ва шунчаки гўзал қиз”ни топиш осон иш эмаслиги ойдинлашади. Ушбу ролга Лариса Голубкина, Наталья Кустинская, Наталья Селезнёва, Марианна Вертинская ва бошқа актрисалар синаб кўрилади.

Бироқ Гайдай ўша пайтда ҳеч ким танимайдиган, шу кунгача фақат бир фильм ("Камалак формуласи")да суратга тушган 19 ёшли цирк артисти Наталья Варлейни танлаб олади ва адашмайди!

Надежда + Людмила = Нина

Дарвоқе, Наталья Варлейнинг овозини мухлислар эшитишмаган. Нина ролига фильмда Надежда Румянцева ("Бензоклонка маликаси"даги Людмила-Хайрликеч) овоз беради, айиқлар ҳақидаги қўшиқни эса Аида Ведишчева ижро этган. Худди шу хонанда Леонид Гайдайнинг "Бриллиант қўл" фильмидаги "Эҳтирослар вулқони" қўшиғини ҳам куйлаган.

Туллак ва унинг жамоаси

"Кавказ асираси" машҳур учлик — Қўрқоқ, Валакисаланг ва Туллак пайдо бўлган сўнгги фильм бўлади. Трио Георгий Вицин, Юрий Никулин ва Евгений Моргунов ўртасидаги келишмовчилик туфайли тарқалган, деган гап-сўзлар юрарди.

Бироқ, "Мосфильм" ҳужжатларига кўра, адабий сценарий ёзилиш жараёнидаёқ сценарий ёзувчи таҳрир ҳайъатидан эътирозлар келиб туша бошлайди: учлик ҳамманинг ҳиқилдоғига келаётган эди. Хуллас, гап-сўзлари-ю, қилиқлари экранлардан фольклорларга ўтиб кетган бу ижодий иттифоқнинг тарқалиш сабаби битта эмасга ўхшайди.

Охохов ва Сааховлар

Талабнома ва адабий сценарийда ўртоқ Саахов аслида Охохов бўлган. Янги фамилияга у режиссёрлик сценарийсида эга бўлган. "Мосфильм" архивларида ёзилишича, иттифоқ маданият вазирлигида ўхшаш фамилияли мулозим борлиги учун Охохов фамилиясини ўзгартириш тавсия этилган. Афсоналарга кўра кейинчалик Сааховнинг ҳам фамилиядоши топилган — бу сафар "Мосфильм" партия ташкилотда, лекин унинг мартабаси юқори бўлмагани учун кинодаги фамилия алмаштирилмай қолдирилган.

Ролга росмана киришиш

Съёмка қатнашчиларининг эслашларича, фильмда интрига юзага келтирган Люся лақабли эшак ҳақиқатдан ҳам қайсар чиқиб қолади. Унга "тўхта" дейилса юриб кетар, юриши керак бўлганда суриб-итариб ҳам юргизиб бўлмасди. Лекин Наталья Варлейни ёқтириб қолгани ҳам факт. Дарвоқе, бу Люсянинг ягона роли эмас экан. Айтишларича, орадан 40 йил ўтиб у Фёдор Бондарчукнинг "9-рота" фильмида ҳам суратга тушади, бироқ бу фактни фильмни суратга олган Art Pictures кинокомпаниясида тасдиқлаб бера олишмади. Эҳтимол, бу шунчаки афсона ҳам бўлиши мумкин.

Мавзуга оид