13:25 / 06.04.2017
18309

Паркентда чақалоғини 6 миллион сўмга сотиб юбормоқчи бўлган аёл 8 йилга қамалди

1990 йил Жомбой туманида туғилган Барно Саъдуллаева (исм-фамилиялар ўзгартирилган) 18 ёшга тўлганида сирдарёлик бир йигит билан шаръий никоҳдан ўтиб, уч йилгина бирга яшади, деб ёзади “Ҳуқуқ” газетаси.

У ўзаро келишолмай ажрашганда ҳомиладор эди. Фарзанди туғилганда эса ота ўғлини тан олмади. Шу боис ҳар қанча оғир бўлмасин, Барнонинг отаси чақалоққа ўзининг фамилиясини беришга мажбур бўлди. 2015 йилда боласини ота-онасига ташлаб, ишлаш мақсадида пойтахтга келган Барно ижарада яшаётган опасининг уйига жойлашди. 

Кўп ўтмай Юқоричирчиқ туманида яшовчи бир аёл билан танишди. Аёлнинг унга раҳми келди, рўзғорига қарашиб туришни сўраб, уйида яшашни таклиф қилди. Айтмоқчи, опасининг уйида яшаб юрганида бу ерга Зилола исмли аёл вақтинча яшаш учун кўчиб келган эди. Барно у билан тезда тил топишиб, опа-сингилдек бўлиб кетди.

Хуллас, Барно энди Юқоричирчиққа кўчиб ўтди. Орада самарқандлик йигит билан танишди. Бу танишув унинг навбатдаги ҳомиладорлиги билан якунига етди. Зилола билан гоҳ-гоҳ гаплашиб тургани боис, унинг яшашга жой ва иш тополмаётганидан хабар топди ва уй эгасининг розилиги билан уни ҳам ўзи билан яшашга кўндирди.

2016 йилнинг февраль ойида опасининг уйига қайтган Барно бир ойдан сўнг, 19 март куни ўғилли бўлди. Аммо туғуруқхонадан чиқиши учун пули йўқлиги сабабли, Зилолага қўнғироқ қилиб, хушхабарни айтди ва қарз сўради. Зилола етиб келиб, озроқ пул берди.

Уларнинг ўртасидаги келишув қандай бошланган, қанча давом этган, бу бизга қоронғу. Аммо охир-оқибат Барно чақалоқни сотиши, Зилола эса унга харидор топиши билан ниҳоясига етди. Эртаси куниёқ Зилола унга қўнғироқ қилиб, чақалоққа харидор топгани ҳақида хабар қилди. Уч кундан кейин Барно билан чақалоққа жавоб тегди.

Барно туғуруқхонадан тўғри опаси ижарада яшаётган уйга келди. Зилола бу ерга икки-уч марта келиб, ўн икки-ўн уч йилдан бери фарзанд кўрмаётган эр-хотин ишончли одамлар экани, чақалоқ учун олти миллион сўм бермоқчи эканликларини айтиб, савдони тезлаштиришни сўрай бошлади.

Эртаси куни Зилола сумка кўтариб, уларникига кириб келди. Кўчадаги “Ласетти” автомашинасида харидорлар ўтиришгани, озиқ-овқатни ҳам улар бериб юборишганини айтди-да, Барнони улар билан гаплашишга ундай бошлади. Барно кўнмагач, ўрнига поччаси чиқиб кетди. Кўп ўтмай кўчадан Зилола қўнғироқ қилди. Болани кўчага олиб чиқишни, эр-хотин кўрмоқчи эканлигини айтди. Барно кўнмагандан кейин Зилола телефонни бегона аёлга берди. Аёл ҳам болани кўрмоқчи эканлигини айтган эди, Барно Зилола ундан пул олган-олмаганини сўради. Аёл Зилола хизмат ҳақи сифатида бир ярим миллион сўм олганини айтди-да, ўзи чиқиб, қолган пулни олиши мумкинлигини, агар керак бўлса яна пул беришга тайёрлигини билдирди. Шундан кейингина Барно кўчага чиқди.

Машина олдида турган эркак ёнидаги аёл хотини эканлигини айтиб, унга пул узатди ва “Беш юз минг сўм!”, деди-да, “Боланинг сарф-харажатлари учун”, дея қўшиб қўйди. Пулнинг кучи шунда билинди. Барно индамай пулни олиб, тез орқасига қайтди. Ичкарига кириб, тўшакдаги ёстиқ тагига яшириб қўйди.

У қайтиб ҳовлига чиққанида эса ўзларини ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари, деб таништирган кишилар кириб келишди...

Жиноят ишлари бўйича Паркент туман суди томонидан одам савдоси жиноятига қўл урган уч нафар шахсга нисбатан ҳукм ўқилди. Унга кўра, Барно Саъдуллаева, Зилола Умарова ҳамда Барнонинг поччаси Эркин Саъдиевнинг ҳар бирига 8 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Top