Ўзбекистон | 21:55 / 06.04.2017
9033
2 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев МДҲ Ижроия қўмитаси раисини қабул қилди

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 6 апрель куни Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг навбатдаги мажлисида иштирок этиш учун Тошкентга келган МДҲ Ижроия қўмитаси раиси — Ижрочи котиби Сергей Лебедевни қабул қилди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.

Шавкат Мирзиёев меҳмонни қутлар экан, Ҳамдўстлик доирасида ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтириш ва мустаҳкамлаш масаласига муҳим аҳамият қаратилаётганини алоҳида таъкидлади.

Суҳбат чоғида МДҲ доирасида эркин савдо зонасининг тўлақонли фаолият юритишини таъминлаш, шунингдек, транспорт-коммуникация тармоқларини жадал ривожлантириш ва бутун минтақанинг транзит салоҳиятини юксалтиришга йўналтирилган истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

«Учрашувда Ўзбекистонда ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ва ҳуқуқий ислоҳотлар амалга оширилаётгани, 2017-2021 йилларга мўлжалланган Ҳаракатлар стратегиясида Ўзбекистонни ривожлантиришнинг устувор йўналишлари белгилангани, Президентнинг виртуал қабулхонаси, жойларда ташкил этилган Халқ қабулхоналари одамларнинг талаб ва истакларини рўёбга чиқараётгани, Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили доирасидаги ишлар юртдошларимизнинг давлатга ишончини мустаҳкамлаётгани таъкидланди», — дейилади ЎзА ахборотида.

Сергей Лебедев Ўзбекистон Президентига самимий қабул, Тошкент шаҳрида Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Ташқи ишлар вазирлари кенгаши мажлисига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишда Ўзбекистон фаол иштирок этгани учун миннатдорлик билдирди.

Учрашувда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Ташқи ишлар вазирлари кенгаши мажлиси самарали ўтишига муваффақият тилади.

Мавзуга оид