Жаҳон | 23:58 / 06.04.2017
5677
2 дақиқада ўқилади

ЮНИСЕФ Идлибдаги ҳужумда 27 бола ҳалок бўлганини маълум қилди

Фото: AFP

БМТнинг болалар жамғармаси ЮНИСЕФ Суриянинг Идлиб вилоятидаги ҳужумда 27 бола ҳалок бўлганини маълум қилди.

"Идлибда уюштирилган ҳужумда камида 27 та бола ҳалок бўлган. Яна 546 киши, улар орасида ҳам болалар жуда кўп, яраланган. Жабрланганлар сони ошиши тахмин қилинмоқда", деб айтилган ЮНИСЕФ хабарида.

ЮНИСЕФнинг минтақавий директори Герт Каппелэр "ихтилофнинг барча томонларини ва уларга таъсирга эга бўлган барчани дарҳол бу даҳшатга чек кўйишга" чақирди.

Суриянинг мухолиф ва инқилобий кучлари миллий коалицияси 4 апрелда Идлиб вилоятидаги Хон-Шайхун шаҳрида кимёвий қурол қўлланган ҳужумда 80 киши ҳалок бўлгани ва 200 киши яраланганини маълум қилганди. Мухолифатчилар ҳужум учун айбни Сурия ҳукумат қўшинлари зиммасига юклашган. Сурия армияси қўмондонлиги ўз номига билдирилган айбловларни қатъиян рад этган ва ҳужум учун жавобгарликни жангарилар ва уларнинг ҳимоячилари зиммасига юклаган. 

6 апрель куни Сурия ташқи ишлар вазири Волид Муаллим Сурия қўшинлари тинч аҳоли ва ҳаттоки террорчиларга ҳам қарши кимёвий қурол ишлатмагани ва ишлатиш ниятида эмаслигини айтган.

Мавзуга оид