Light | 20:55 / 11.04.2017
26356
5 дақиқада ўқилади

Бир фоиз қонуни: нега айримлар ҳамма нарсага эга, бошқалар ҳеч нарсага?

10 маротаба бадавлатроқ ва муваффақиятлироқ бўлиш учун 10 марта кўп ишлаш ва ўзингизни ўтга-чўғга уришингиз шарт эмас. Шунчаки "бир фоиз қоидаси"дан фойдаланинг, — дея маслаҳат беради америкалик машҳур блогер Жеймс Клир.

 

Тўпланма устунлик кучи

Ёнма-ён ўсаётган икки дарахтни тасаввур қилинг. Улар ҳар куни намлик ва қуёш нури учун рақобат қилади. Агар дарахтлардан бири салгина тезроқ ўсса ҳам у шеригидан озгина бўлса-да, баландроқ бўлади ва қуёш нурлари ва ёмғирга кўпроқ эга чиқади. Эртаси куни шу қўшимча энергия ҳисобига у янада баландроқ ўсади. Орадан вақт ўтиб, у иккинчи дарахтни соясида қолдиради ва қуёш нурларининг ҳам, тупроқдаги озиқ моддаларининг ҳам катта қисмига эга чиқади.

Бундай дарахт кўпроқ уруғ беради, демак келгусида бу дарахтдан тарқалган ниҳоллар кўпроқ бўлади. Бу жараён такрорланаверади ва энг аввалида рақобатчиларидан озгина яхшироқ бўлган дарахтлар ўрмоннинг катта қисмини эгаллагунга қадар давом этади.

Озгина устунликнинг вақт ўтиши билан кенгайиши ҳодисасини олимлар тўпланма устунлик деб аташади.

 

Ғолиб ҳаммасига эга бўлади

Инсонлар билан ҳам шунга ўхшаш вазият кузатилади. Ўрмондаги дарахтлар сингари биз ҳам кўпинча ўша ресурслар учун курашамиз. Сиёсатдонлар сайловчилар овози учун, ёзувчилар — бестселлерлар рўйхатидаги ўрин учун, спортчилар — олтин медаллар учун, компаниялар — потенциал мижозлар учун, телеканаллар эса бизнинг диққатимиз ва вақтимиз учун.

Унумдорликдаги кичик фарқ унга мутаносиб бўлмаган мукофотга сабаб бўлган бундай эффект "Ғолибнинг ҳаммасига эга бўлиши", деб аталади.

Фақат бир фоиз, бир сония, бир сўм устунликка эга бўлишнинг ўзиёқ мукофотнинг 100 фоизини қўлга киритиш учун етарли бўлади.

Чекланган ресурслар, масалан вақт ва пул билан боғлиқ ҳар қандай қарорлар, табиий равишда ғолибнинг ҳамма нарсани қўлга киритишига сабаб бўлувчи вазиятга олиб келади.

 

Ғолиб катта қисмга эга бўлади

Индивидуал муобақлар учун характерли бўлган "Ғолибнинг ҳаммасига эга бўлиши" эффекти кўпинча ҳаётнинг бошқа жабҳаларида "Ғолибнинг катта қисмга эга бўлиши" эффектига олиб келади.

Афзал позицияда (олтин медални қўлга киритиш ёки директорлик мансабига ўтириш) бўлиб қолган ғолиб уни яна ғалабалар сари элтувчи устунликларни тўплай бошлайди. Аввалига кичкина устунлик бўлиб кўринган нарса энди 20/80 қоидасига ўхшаш тус олади.

Бир нарсада ғалаба қозониш бошқасида ҳам ғолиб бўлиш имкониятларини оширади. Ҳар кейинги шундай муваффақият ғолибларнинг ҳолатини мустаҳкамлай боради.

 

Вақт ўтиши билан барча мукофотлар ва устунликлар энг аввалида рақибидан озгина олдинда бўлган кишиларга насиб этади, озгина ортда қолганлар эса алал-оқибатда деярли ҳеч нарсасиз қолиб кетишади. Бу принцип инжилдаги "...кимки эга бўлса унга берилади ва кўпайтирилади, йўқ боридан ҳам айрилади", иқтибосига қиёсан Матфей эффекти, деб ҳам аталади.

Энди эса мақола берилган саволга қайтайлик. Ҳар ҳолда нега фақат баъзи бир инсонлар ва ташкилотларгина устунликлар ва бойликларнинг катта қисмига эгалик қилишади?

 

Бир фоиз қоидаси

Вақт билан ишлашдаги кичикроқ фарқ ҳам имтиёзларнинг нотекис тақсимотига сабаб бўлиши мумкин. Шу сабабли фойдали одатлар жуда муҳим.

Рақобатчилар устидан бор-йўғи бир фоизга устунлик қилиш етарли. Бироқ ўз устунлигингизни бугун, эртага, индинга ва кундан-кунга сақлаб турсангиз, шу устунлик сабаб ғалаба қозонаверасиз. Ҳар бир ғалаба янгидан-янги натижалар олиб келаверади.

Мана шу бир фоиз қоидасининг айнан ўзгинасидир. Икки баробар кўпроқ даромад қилиш учун икки баробар яхшироқ бўлиш шарт эмас. Фақатгина бир фоизга яхшироқ бўлишни таъминласангиз бас.

 

Мавзуга оид