Жамият | 13:49 / 15.04.2017
16363
5 дақиқада ўқилади

Тошкент вилоятида ўнлаб фуқароларни алдаб кетган она-бола фирибгарлар қўлга олинди

Бекободлик Рамзия бирор жойда ёлчитиб ишламаган. Қаерга ишга жойлашса, икки-уй ой ичида вазифасини бажара олмагани учун бўшатилган. Ўзи тенги ён қўшниси эса меҳнатсевар, ишбилармон аёл. Шу боис унинг ишлари жойида, ўзига тўқ. Буни кўрган Рамзия ич-этидан куярди. “Ой туғсаям, кун туғсаям шунгами? Ҳали кўрасан, мен сендан ҳам бойвучча аёл бўламан!”, деб ўйлар, қандай қилиб пул топиш ва қўшнисидан ўзиб кетиш йўлларини излар эди, деб ёзади “Постда” газетаси.

У бу борада хаёлига келган фикрни яхшилаб пишитиб, тумандаги “Далварзин” фермерлар уюшмаси ҳудудига йўл олди. Манзилга етиб келгач, шу жойда яшовчи ўзига тўқ оилалардан бири – Д.Б. исмли шахснинг дарвозасини тақиллатди. Уй соҳиби билан суҳбат асносида қўшни ҳудудда фермерлик билан шуғулланишини, каттагина майдонда шоли экаётганини, лекин маблағ масаласида бироз қийналиб турганини, агар моддий жиҳатдан ёрдам қилса, эвазига кузда ўн тонна шоли беришини айтиб, суҳбатдошини фирибгарлик “тўри”га илинтирди ва ундан 6 миллион 800 минг сўмни санаб олди.

“Ови” бароридан келганидан руҳланган аёл айни шу усулда яна икки кишини чув тушириб, уларнинг ҳам катта миқдордаги пулларини қўлга киритди.

Текин луқмага ўрганган Рамзиянинг нафси тобора ҳакалак отиб бораверди. Фирибгарликнинг янги йўлларини излади. Бир кун эрталаб ташқаридан қизининг: 

-  Ойи, ишга кетяпман, эшикни беркитиб оласизми? – деган овози эшитилди.

-  Бироз шошмай тур қизим, икки оғиз гапим бор. Ишхонанг қаерда жойлашган эди.

-  Наҳотки, ҳалигача билмасангиз. Бўлмаса яхшилаб эслаб қолинг, тумандаги ташкилотда ҳисобчи ёрдамчисиман. Ҳозирча Далварзин маиший хизмат касб-ҳунар коллежи биносидан ижарага битта хона олганмиз, - дея Махфират шошилганча кўчага чиқиб кетди.

...Кечки пайт она-бола тўкин дастурхон атрофида ўтириб овқатланаркан, анчадан буён хонадонда бундай тансиқ таомлар пиширилмаганини эслаган Махфират бунинг боисини сўради.

-  Битта режам бор, - деди унинг саволига жавобан онаси. – Агар уни уддаласак, нафақат дастурхонимиз тўкин бўлади, балки биратўла бойиб кетамиз. Ана шунда қўшни холанг ҳам ҳар қанча уринмасин, бизга етолмайди.

Сўнг сўзида давом этди:

-  Яхши биласан, ҳозир ҳамма пластик карточкадан фойдаланяпти. Лекин кўпчилик ёнида нақд пули бўлишини истайди. Далварзиндаги коллеж ўқитувчилари кўнглига қўл солиб кўрсанг, буни дарров билиб оласан.

-  Тўғрику-я, лекин нақд пулни қаердан оламиз? – дейди онасининг таклифига қизиқиб қолган Махфират.

-  Бу ёғини менга қўйиб бер. Иложи борича пластик карточкасида кўпроқ пули бор кишиларни топиб келсанг бас...

Шу ондан бошлаб она-бола ишга жиддий киришди. Уларнинг биринчи “мижози” Далварзин маиший хизмат касб-ҳунар коллежи директори ўринбосари бўлди: қонун-қоидани яхши билган, тушунган бу шахс фирибгар қизнинг алдовига учиб, ҳисобида 2 миллион сўм маблағи бўлган пластик карточкасини унинг қўлига тутқазди. Қарангки, Махфиратнинг ўзи бу жойда ижарада турган бўлса, банкда ишламаса, қандай қилиб пластик карточкалардаги маблағларни нақд пулга айлантира олади, унинг бу иши қоидага хилоф-ку, деган шубҳа лоақал хаёлига келмади. Аксинча, фирибгар қизнинг ташвиқоти кўпларни маҳлиё қилиб қўйди. “Уч кун оралиғида пластик карточкаларингиздаги пулингизни нақд қилиб олиб келиб бераман”, деган ваъдасига ишонган педагоглар орадан ўн-ўн беш кун ўтса ҳам тегишли органларга мурожаат қилиш ўрнига, нақд пулли бўламиз деб кутиб юраверишди.

Бу она-бола фирибгарларни “илҳомлантирди”. Рамзия туман деҳқон бозори ҳудудида жойлашган кенг тармоқли савдо дўкони олдида, Махфират эса туман марказий шифохонаси дарвозаси ёнида туриб, бу жойларга кириб-чиқаётганларга пластик карточкаларидаги пул маблағларини нақдлаштириб беришларини айтиб, ўнлаб фуқароларни алдаб кетади. Ҳатто “пластикдан нақд пул ечишни истовчилар бўлса, олиб келаверсин”, деб жиноий ишга танишлари, қариндошларини ҳам жалб этишади.

Одамларни алдаб, уларнинг пластик карточкаларида сақланаётган 33 миллион сўмдан ортиқроқ маблағни ўзлаштирганидан шод юрган фирибгарларнинг қувончи узоққа чўзилмади. Туман ИИБга қилинган мурожаатлар асосида осойишталик посбонлари ишга киришишди. Натижада яна бир неча фуқарони алдаш йўли билан тузоғига илинтирмоқчи бўлаётган фирибгарларнинг ўзлари тузоққа илинди.  

Мавзуга оид