Light | 11:31 / 25.04.2017
49588
6 дақиқада ўқилади

Фотожамланма: Билл Гейтснинг уйи бўйлаб саёҳат

Дунёнинг энг бадавлат кишиларидан бири, Microsoft асосчиси Билл Гейтснинг шахсий капитали 78,9 миллиард долларни ташкил қилади. Бундай давлатга эга инсоннинг ўзига хос турар-жойга эгалиги ҳеч кимни ажаблантирмаса керак.

Вашингтон штатидаги Мединада жойлашган ушбу кўчмас мулкнинг қурилишига етти йил ва 63 миллион доллар сарфланган. У бу масканни машҳур «Фуқаро Кейн» кинолентаси бош қаҳрамони Карл Фостер Кейннинг тўқима уйи шарафига «Занаду 2.0» дея номлаган. InsiderPro бу уйнинг энг диққатга сазовор жиҳатлари билан бўлишди.

Бугунги кунда уй камида 123 миллион долларга баҳоланади.

Кинг округини баҳолаш Давлат бошқармаси маълумотларига кўра, жорий йилда шахсий мулк объекти 123,54 миллион долларга баҳоланган. 1988 йилда Гейтс 2 миллион долларга шу ҳудудни сотиб олган. Таъкидланишича, кўчмас мулкка солинадиган бир йиллик солиқ миллион долларни ташкил қилади.

Қурилишга деярли 1,2 минг кубометр дарахт сарфланган.

Уй Орегон қарағайи ёғочидан қурилган. Қурилишда 500 йиллик ўсимликлардан фойдаланилган. Унда 300 ишчи, жумладан, 100 нафар электр устаси меҳнат қилган.

Бутун иншоотни қамраб олган сенсорлар тизими у ерда яшовчиларга иқлимни бошқариш ва хоналарни ёритиш имконини беради.

Янги меҳмон келганда унга уй сенсорларига боғланган махсус брелок берилади. Меҳмонлар ўзи истаган ҳарорат ва ёруғлик даражасини белгилашади, улар бир иншоотдан бошқасига ўтаётганида бу параметрлар тегишли равишда ўзгаради. Меҳмоннинг бир хонада эшитишни бошлаган мусиқаси гулқоғозлар остига ўрнатилган динамикалар тизими ёрдамида унинг кетидан қўшни хонага ўтади.

Иссиқликни назорат қилишда маҳаллий ҳудуд хусусиятларидан фойдаланилади.

«За­на­ду 2.0»ни қуришда энергосамарадорлик тамойиллари инобатга олинган.

Деворлардаги тасвирий санъат асарлари бир тугмани босиш билан ўзгаради.

Бутун уй бўйлаб умумий қиймати 80 минг долларлик кўплаб компьютер экранлари ўрнатилган. Истаган киши ўзига ёққан картина ёки суратни экранга чиқариши мумкин; уйдаги маълумотларни сақлаш тизимининг қиймати - 150 минг доллар.

Сузиш ҳавзасида алоҳида мусиқий тизим мавжуд.

18 метрли сузиш ҳавзаси 360 квадрат метрли алоҳида иншоотда жойлашган, суратда бу - катта жигарранг бино. Шиша девор остига шўнғилса, ташқи терассага чиқиш мумкин.

Шунингдек, бинода 4 та душ ва 2 та ваннали ечиниш хонаси бор.

Батут учун 6 метрли шифтга эга алоҳида хона қурилган.

Батут ҳажми маълум қилинмаган, лекин, бу оддий тренажёрлардан қизиқроқ экани аниқ.

Бу ерда 230 квадрат метрли майдонга эга тренажёрли заллар ҳамда сауналар ҳам бор.

Катта зиёфат залида 200 нафаргача меҳмон сиғади.

Унинг майдони 200 квадрат метрдан ортиқ, бу ер тушлик устида 150 нафаргача ёки фуршет вақтида 200 нафаргача кишини сиғдириш мумкин. Шунингдек, деярли икки метрли камин ва етти метрли экранни кўриш мумкин.

Уйда 24 ваннахона мавжуд.

Албатта, агар мунтазам катта зиёфатлар уюштирилса, улар фойда бериши мумкин, акс ҳолда, бу ортиқчадек кўринади.

Уйда олтита ошхона бор.

Албатта, агар мунтазам катта зиёфатлар уюштирилса, улар фойда бериши мумкин.

Уйда катта кутубхона мавжуд, бу ерда бошқа китоблар билан бир қаторда Гейтс 30 миллион доллардан зиёд пул сарфлаган қўлёзма ҳам сақланади.

200 квадрат метр майдондаги кутубхона узра гумбаз қад кўтарган. Бу ерда икки яширин шкаф ўрнатилган, улардан бирида бар бор. Шифтда "Буюк Гэтсби"дан парча келтирилган.

Гейтс 1994 йилда кимошди савдосида 30,8 миллион долларга харид қилган Лестер кодекси, Лео­нар­до да Винчининг XIV асрдаги қўлёзмаси ҳам шу ерда сақланади.

Духоба ўриндиқли уй кинотеатри 20 кишига мўлжалланган.

У ар-деко услубида таъмирланган, бу ерда қулай кресло ҳамда диванлар ва ҳатто попкорн учун автомат мавжуд.

Аввалги уй янги иншоотга жой бўшатиш учун баржада олиб кетилган.

Бино 83 квадрат метр майдонни эгаллаб, спорт корти, гольф машқларига мўлжалланган майсазор ёнида жойлашган.

Меҳмонларга мўлжалланган уй асосий бинодан кам бўлмаган тарзда электроника билан жиҳозланган.

 

Бу ернинг ўз меҳмонхонаси, ваннахонаси ва кейинчалик асосий бинода ҳам қўлланган технологиялари мавжуд. Гейтс ўзининг "Келажакка йўл" китобининг аксарият қисмини айнан шу ерда ёзган.

Гаражлар умумий ҳисобда 23 тагача автомобилни сиғдира олади.

Ҳудуднинг турли нуқталарида бир неча гараж бор. Уларнинг энг қизиғи пўлат ва бетондан ясалган ғордан иборат. Фақатгина шу гаражнинг ўзига 10 тагача автомобиль сиғади.

Уй соҳибининг севимли дарахти бор ва электроника 24 соат давомида унинг аҳволини назорат қилади.

Айтишларича, бу - уй йўлаги олдида ўсувчи 40 йиллик заранг. Компьютер тупроқ намлигини назорат қилади ва агар у ҳаддан зиёд қуруқ бўлса, автоматик равишда уни суғоради.

Сунъий ҳавзада балиқлар популяцияси қўллаб-қувватланади.

Ирмоқ ва серботқоқ эстуарий девор билан тўсилган ҳудуд дренаж муаммоларини ҳал қилиш учун яратилган. У ерда форель ва лосось балиқлари бор.

Гейтснинг соҳилидаги қум Кариб денгизидан келтирилган.

Баржа ҳар йили кўл қирғоғига Сент-Люсиядан янги қум уюмини келтиради.

Маълумки, уни бир рейсга ижарага олиш 35 минг доллар туради.

Microsoft ҳар йили хайрия аукционини ўтказади, унинг лотлари ходимлар томонидан тақдим қилинади. Йиғилган маблағлар компаниянинг хайрия фондига тушади.

Ўтган йили Гейтс «За­на­ду 2.0» бўйлаб индивидуал экскурсияларни савдога қўйди. Манбага кўра, Microsoft ходимларидан бири лот учун 35 минг доллар тўлаган.

Мавзуга оид