Самарқандда аҳолини қийнаётган бир девор воқеаси
Сайтимизда 22 апрель куни «Марғилонда аҳолини қийнаган бир девор воқеаси» деган сарлавҳа остида мақола эълон қилиниб, унда Марғилон шаҳридаги маҳаллалардан бирида ноқонуний эгалланган кўча ҳақида сўз борган эди. Қарангки, таҳририятимизга Самарқанд шаҳридан ҳам айни ўхшаш мавзуда мурожаат келиб тушди.
«Ассалому алайкум, Кун.уз таҳририяти!
Мен Мелибоева Гавҳар, сизларга ўзим яшайдиган Самарқанд шаҳар «Дўстлик» маҳалласи, Олмазор кўчасида истиқомат қилувчи 18 та хўжалик аъзоси номидан мурожаат қилмоқдаман.
Бизнинг кўчамиз Самарқанд шаҳри ва Паст Дарғом тумани қоқ чегарасида жойлашган, шу сабабли кўчамизда айримлар Паст Дарғом туман «Намозгоҳ» маҳалласига, айримлар Самарқанд шаҳрининг «Дўстлик» маҳалласида ҳисобда турадилар. Аслида, биз яшайдиган жой барча геодезия ва кадастр хариталарда Самарқанд шаҳар ҳудудига тегишли этиб кўрсатилган.
Гап шундаки, бизнинг кўчамизнинг бошини айни пайтда Самарқанд шаҳар Хўжасоат қишлоғида яшовчи Муҳаммадали Мустафоқулов тўсиб олиб, кўчамизни боши берк кўча (тупик)га айлантириб, айни кунларда иморат қуриш билан шуғулланмоқда.
Биз бу борада анча йиллардан буён мутасадди идораларга мурожаат қилиб келамиз. Дардимизни Самарқанд шаҳар ҳокимлиги тинглаб, 2015 йил август ойи охирларида даъвогар сифатида фуқаролар ишлари бўйича Самарқанд шаҳар судига даъво аризаси киритиб, кўчани тўсиб турувчи деворлар жавобгар М.Мустафоқулов томонидан бузиб ташланиб, кўча аҳолисига очиб берилиши ҳақида ФИБ Самарқанд шаҳар судининг ҳал қилув қарори чиқарилган ва ижрога берилган эди.
ФИБ Самарқанд шаҳар судининг ҳал қилув қарори 1,5 йил давомида ижро этилмаган, 2017 йил февраль ойи охирларида М.Мустафоқулов Паст Дарғом тумани халқ депутатлари Болатош қишлоқ кенгаши номидан 1986 йилги қарор, 1991 йилги чизма харитасини судга тақдим этиб, кўрилган ишни бошқатган кўриб чиқиш ҳақида ажрим чиқартириб олган.
Бу борада қўшнилар биргалашиб, М.Мустафоқуловнинг ҳужжатлари сохта экани ҳақида Самарқанд шаҳар прокуратурасига ҳам мурожаат қилдик, жавоб берилмади.
У ўша 2017 йил февралида олинган ажримни рўкач қилиб, «мен сизларни судда енгдим», дея айни кунларда қурилиш ишларини бошлаган.
Кўча беркитиладиган бўлса, кўчамиздаги болалар мактаб ва боғчага узоқ йўллардан айланиб боришади. Маҳалладаги дўконларга ҳам бошқа кўчаларни айланиб ўтамиз. Кўчамизга электр энергияси линияси тортиш йўли ҳам беркитилади. Энг асосийси, ҳамманинг хўжалигида томорқаси бор. Уларни суғориш учун кўчанинг икки томонидаги ариқлар беркитилиб қўйилади.
Бу ҳақда порталга ҳам, вилоят халқ қабулхонасига ҳам мурожаат қилдик. Самарқанд шаҳар ҳокимлиги юристига ҳам учрашдик. Юрист «Сизлардан бошқа ташвишим йўқми, мингта ишим бор, 2–3 ойда судда кўриб чиқамиз ишларингни», деб қўл силтаяпти.
Ахир ер Самарқанд шаҳар ҳудудига тегишли, шаҳар ҳокимияти судда бир марта енгган, ерни эгаллаб олган кимсанинг укаси Мирзо Мустафоқулов «Ҳужжат қилдириб олишим учун 3 минг доллар пулим кетди, хоҳлаган нарсамни қуравераман, қўлларингдан ҳеч нарса келмайди», демоқда.
М.Мустафоқулов қўлидаги ҳужжатлар собиқ иттифоқ вақтидаги саналар билан, Паст Дарғом тумани номидан тайёрланган. Билмадик, у нималарга шаъма қилмоқда? Наҳотки, А.С.Шукуров шаҳар ҳокимлигида бир марта судда осонгина ютган шаҳар ҳокимияти иккинчи марта ишни бу қадар пайсалга солмоқда?
Биз борадиган эшикларга бош уриб бориб бўлдик. Бундан ортиғига қўлимиздан ҳеч нарса келмайди. Энди ҳамма гап мутасаддиларда. Сизлардан илтимос, бизни қийнаётган муаммони келиб ўргансаларингиз ва ёритсаларингиз».
* * *
Воқеа жойига чиқиб, вазиятни ўргандик. Ҳақиқатан ҳам, 19Х40 м ўлчамдаги кўчанинг охирги қисми лой ғиштлар билан тўсиб олинган ва Т-симон чорраҳа қисмида қурилиш ишлари бошлаб юборилган.
Ҳақиқатдан ҳам, кўчанинг икки тарафида 9 тадан хонадон истиқомат қилувчи кўчанинг боши беркитилгудек бўлса, кўчани тўлақонли ва хавфсизлик техникасига асосланган ҳолда электр таъминоти билан таъминлаш, ариқларга сув келтириш, «тез ёрдам», ўт ўчириш машиналарининг кўчага осонгина кириб чиқиб кетишларининг йўли ёпилади.
Вазият бўйича халқ қабулхонасига ёзилган мурожаат бўйича келган Самарқанд шаҳар қурилиш бошқармаси ходимлари, «Намозгоҳ» маҳалла фуқаролар йиғини раиси ва норози қўшнилар тўпланиб туришган экан. Мурожаат бўйича келган ёш ходимлар «бу иш фақат суд орқали ҳал қилинади, бу ҳужжатлар қалбаки эканини биз текшириб кўра олмаймиз», деб воқеа жойида далолотнома ёзиб кетишди. М.Мустафоқулов эса усталарига «ишни давом эттираверинглар», дея буюрди. «Менга фарқи йўқ, томорқамнинг тўри — кўча, икки ён қўшнимни амаллаб кўндириб, қурган уйимни кадастр қилиб олавераман, қўлларингдан ҳеч нарса келмайди», — дея ҳамманинг олдида яна бир карра такрорлади М.Мустафоқулов.
«Намозгоҳ» маҳалласи раиси ҳам «бу одамнинг қўлида ҳеч бир ҳужжат йўқ эди, бир йилча муқаддам ҳужжат қилиб беринг ерга, деб ҳузуримга келган эди. Мен ҳужжат қилиб бермагандим. Бунга ваколатим йўқ чунки. Биз маҳалла аҳли аҳолини муросага келтириш мақсадида, «ҳеч бўлмаса, аҳоли ўтиб қайтиши учун 7 метр кенгликда жой ташлагин, буёғини олсанг ҳам», — деганимизда у 3 метр кенгликда ариқ ва симёғочлар ўрнатиш учун жой ташлашга кўнган эди, энди қаердандир ҳужжат қилиб олиб, ҳеч кимни менсимай, қурилиш қилмоқда», деб жавоб берди.
М.Мустафоқулов қўлида 1986 йилда чиқарилган, ёзув машинкасида печатланган «Паст Дарғом район Халқ депутатлари Болатош қишлоқ кенгаши» (ҳеч қачон бундай ваколатли ташкилот бўлмаган) томонидан М.Мустафоқуловга 0,08 га ер майдони ажратиб бериш ҳақида қарор ксероксланган нусхаси, Ўша ҳудуднинг топографик харитаси (унга ўзи қураётган жойни қаламда белгилаб олган), 20Х40 метр майдон ўлчаб берилгани ҳақида 1991 йили имзоланган чизма нусхаси турибди.
Ҳақиқатдан ҳам, низоли жой Самарқанд шаҳар ихтиёрига 1989 йили Пастдарғом туманидан олиб берилган. Барча хариталарда ер Самарқанд шаҳар ихтиёрида эканлиги тасвирланган. Бу ҳудудда яшаётган аксарият аҳолига ер майдонлари ўша пайтдаги Самарқанд шаҳрининг Сиёб, Темирйўл ва Боғишамол туман ижроия қўмиталари томонидан берилган.
Эгаллаб олинган ҳудуд кўчанинг давоми бўлиши кераклиги кундек равшан. Чунки аҳоли шу пайтгача томорқаларини суғориш учун шу участка орқали ўтувчи ариқдан фойдаланиб келган, кўчанинг боши беркитилгунга қадар аҳоли кўчадан ҳам фойдаланган.
Нима дейиш мумкин?
Кўчанинг эгаси — Самарқанд шаҳар ҳокимлиги ҳисобланади. Самарқанд шаҳар ҳокимлиги 2015 йилда бир марта бу борада даъвогар сифатида судга ариза киритган ва енгиб чиққан. Фақатгина Самарқанд шаҳар судлар департаменти суд ижрочиларининг хизмат вазифасига панжа орасидан қараши туфайлигина ҳал қилув қарори 1,5 йил мобайнида суд қарори ижро этилмай, кўча очилмай қолинган.
1972 йилда туғилган, Самарқанд шаҳрида яшаган фуқаро (М.Мустафоқуловга) га 1986 йилда — 14 ёшлигида уй-жой қуриш учун Паст Дарғом туманидан участка тақдим этилиши мумкин эмас. Бу ҳеч ҳам соғлом мантиққа ҳам тўғри келмайди. Демак, сохта ҳужжат билан Самарқанд шаҳар ҳокимлигини судда енгиб бўлмаслиги ҳам кундек равшан. Бу вазиятда Самарқанд шаҳар ҳокимлигини вазиятни тезда назоратга олиб, фуқароларнинг муаммосини имкон қадар тезроқ ҳал қилиб беришга ундашдан ўзга чорамиз йўқ.
Марғилонда содир бўлган воқеа юзасидан ёзилган мақолада шундай сатрлар бор. Уларни яна бир карра эсламасдан иложими йўқ:
«Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари тушунчасини бир-биридан айро тасаввур қилиб бўлмайди. Бу эса юрт тараққиётига, халқ фаровонлиги юксалишига олиб келади. Яъни, мулоқот ва манфаат тушунчаси халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак, деган тамойилга асосланади.
«2017 йил — Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили»даги асосий вазифалар давлат органларининг фуқаролар билан ўзаро муносабатлари тубдан такомиллашишига замин бўлиб, аҳоли билан доимий мулоқот қилиш, уларни қийнаётган муаммоларни ҳал этишнинг янги механизмлари ва самарали усулларини топиш учун имконият яратади. Бу эса, халқнинг давлат ва жамиятга бўлган ишончини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Марғилондаги воқеадан сўнг муаммолар юзасидан шаҳар прокурори, Марғилон шаҳар туманлараро судининг судьяси ҳамда шаҳар архитектура ва қурилиш бошқармаси бошлиғи ўринбосари А.Раҳимов фуқароларнинг муаммоларини тинглаб, шу жойнинг ўзида муаммога ечим излади. Шаҳар прокурори топшириғига кўра, 3 кун муддат ичида шаҳар ҳокимлигига тақдимнома тақдим этилган. Шаҳар ҳокимлиги эса Марғилон шаҳар туманлараро судига даъво ариза киритиши ва суд томонидан ҳал қилув қарори чиқиши, узоғи билан 15 кун муддат ичида бу ўзбошимчалик билан қуриб олинган девор бузилиши керак».
Марғилонда эгалланган кўчадан-ку, кимдир йиллар давомида ноқонуний фойдаланиб келаётган экан. Самарқанддагиси эса энди эгалланаяпти, уйнинг пойдевори қурилмоқда. Ҳали ғишт қолипдан кўчгани йўқ. Марғилондагидек жонбозликни Самарқанд шаҳар ҳокимлиги ҳам кўрсата оладими? Биз бу мавзуга яна қайтамиз.
Ш.Шокиржонов
Мавзуга оид
08:10 / 21.11.2024
Шавкат Мирзиёев Самарқанд вилоятини ривожлантириш юзасидан йиғилиш ўтказди
08:51 / 20.11.2024
Тўрт туманда 614 млн сўмлик электр ва газдан ноқонуний фойдаланилгани аниқланди
13:49 / 14.11.2024
Самарқандда ўқувчи автобус уриб юбориши оқибатида ҳалок бўлди
09:28 / 08.11.2024