Жамият | 18:09 / 04.05.2017
95467
7 дақиқада ўқилади

Ёзилмай қолаётган «Ўқитувчи кундалиги»

Таҳририятга яна бир мактуб келиб тушди. Ўз номини ошкор этишни истамаган муаллифнинг касби ўқитувчи бўлиб, у ўз кечинмалари ва вазияти хусусида хабардор этган.

Сайтингизга анчадан бери ёзмоқчи бўламан-у, ҳеч қўл тегмайди. Ахир ўқитувчимасманми, ишим фақат дарс беришдан иборат эмаску. Сайтингиздаги «Ўқитувчини ўз ҳолига қўйинг», «Таътилни кузга кўчирайлик» каби мақолаларни ўқиб, тўғриси аввалига кулдим ва кейин эса беихтиёр кўзимга ёш келди, лекин ёш оқмади, секингина бўғзимда қолди. Тўғриси, бу ҳиссиётни тушунтириш мушкул. Ахир бу кунлар биримиз бўлмаса, биримизнинг бошимиздан ўтмоқда-ку… Кетаман… Яна бир йил ишлай… Шу синфим тўққизинчини битирсин, ҳаммамиз бирга хайрлашамиз…

Болаларимни яхши кўрмаганимда шу йилнинг ўзидаёқ кўз юмардим, лекин кўзим қиймайди. Аҳёнда хаёл суриб қолиб, «Ўқитувчи кундалиги» деган китоб ёзгим, унда касбимни қанчалик яхши кўрсам, уни бажара олмасдан, ортиқча ишлар қилиб юрганимдан ўзимни ёмон кўришимни ёзгим келади. Баъзан атрофда ўқитувчиларга бўлган муносабатларни кўриб, бу китобни ёзишга яна чоғланаман-у, яна вақт орттириб бўлмайди.

Бир куни эрталаб автобусда ишга кетяпман. Олдинги ўриндиқда икки киши ўтирганди, улардан бири автобус бекатида танишини кўриб қолди ва дераза орқали салом-алик қилиб ўтди. Автобус юрганидан сўнг, шериги унинг кимлигини сўрагандики, жавобни эшитиб юрагим «шиғ» этиб кетди: «Ээ, оддий бир ўқитувчи, мактабда ишлайди».

Бундай муносабатларни учратавериб ўрганиб кетаркансан киши. Ҳали қарасанг «микроҳудуд» деб эшигинг олдида ўқитувчи турибди, ҳали қарасанг «Аҳолини рўйхатга оляпмиз» деб эшигинг ортида ўқитувчи турибди. Яна эшик тақиллайди, қарайсан, ўқитувчи: «кечирасиз свет, газлардаги қарзлар бўйича…»; эшик ва ўқитувчи: «Узр, уйингизда нафақахўрлар бўлса, ёзиб олгани…», «кейинги йил 1-синфга чиқувчиларни аниқлашга…», «Минг бор узр, шу маҳалладаги эмас, бошқа мактабда ўқийдиган фарзандингиз бўлса…» ва ҳоказо. Бўлди, «маҳалланинг югурдаги» чиқиб дарс бергани билан уни эшитадиган ҳеч ким йўқ. Чунки ҳар эшикни тақиллатиб жонга теккан бу ўқитувчи. Бундан ташқари қиладиган иши қоғоз титкилаш бўлса, унинг дарсга тайёргарлиги билан ҳокимият ёки маҳалланинг нима иши бор?! Ана керак бўлса «районо» келиб, унинг конспекти жойида эмаслиги, дарсга тайёргарлик кўрмаганлигини текшириб, жазолаб қўя қолсин.

Келинг, куз фасли таасуротлари ҳақида мен ҳам фикр алмашсам. Бу олтин куз фасли ўқитувчи учун олтин сочишдек гап. Жа борса, сентябрь ойлигингни олмасанг, ҳеч жойинг камайиб қолмайди, ахир сенинг ўрнингга теримчилар пахта териб ётибди, уларга нон-чой, хизмат ҳақи дегандай. Ёқмадими? Унда бор, ўзинг териб кел. Тағин буни биров билмасин, «пахта сиёсати, миллий бойлигимизга қарши чиқасанми?». Хўп, деб бир ойлик пулингни бериб қутилдим десанг, куз келди, энди жўжа санаймиз. Октябрь келиши билан, ўзинг ҳам пул бер, ҳам кун ора навбати билан пахта даласига чиқ. Ҳашардан биров ўлмаган, дарс бўлса қочмас. Амаллаб етказиб оласан қолиб кетган мавзуларни. Эсон-омон куздан ўтиб олсак, буёғи бир гап бўлар. Қишда металлом, макалатура ва обуналарни ёпиб олсак, баҳорда ҳашарлар, ойликдан ҳам бир кунликни беришни унутмаймиз, чунки барибир мажбурий олиб қолинадику?! Ана энди ремонт ҳам келиб қолди, ҳамманинг ичида шу ўй, бу йил нима бўларкин?! Бу энди ёз келса маълум бўлади. Шунча машаққатлар орасида жонимиз мингта эмасми, қуйидаги ҳамма ҳужжатларни қилишга ҳам чиранамиз, кучимиз етмаганига айб ўзимизда, педагог бўлиб ўлмаган жонимиз, барибир қиламиз.

Ўқитувчи ҳужжатлари: 
1. Синф журнали
2. Синф раҳбари папкаси
3. Синф раҳбари журнали
4. Синф раҳбарининг тарбиявий иш (соат) ҳужжатЛАРи
5. Ўқувчиларнинг кундалик дафтари назорати
6. Ота-оналар билан ишлаш дафтари
7. Дарс конспекти
8. Йиллик режаси
9. Педагогик соати
10. Дарс таҳлили
11. Фанига оид кўргазмалари
12. Паст ўзлаштирувчи ва бўшлиқ билан ишлаш режа ва дафтари
13. Иқтидорли ўқувчи билан ишлаш режа ва дафтари
14. Ўқувчиларнинг айланма дафтарлари
15. Ўқувчилар назорат иши дафтарлари
16. Услуб бирлашма ҳужжатЛАРи
17. Тест банки
18. Ўз устида ишлаш папкаси
19. Тўгарак журнали
20. Тўгарак билан ишлаш папкаси
21. Микроҳудуд билан ишлаш дафтари
22. Ораста қизлар папкаси
23. Филтр дафтари ва шошилинч буйруқлар, ҳисоботлар, маълумотлар ва ҳоказолар…

Юқоридаги ҳужжат номлари умумий бўлиб, уларнинг ичида бир талай ҳужжатлар жамланмаси ўқитувчини интизорлик билан кутади, масалан, оддийгина синф раҳбари папкамда мавжуд бўлган ҳужжатлар: Синф раҳбарининг шахсий ҳужжатлар жамланмаси, Синф раҳбарининг низоми, Синф раҳбарининг йиллик иш режаси ва ойлик ҳисоботлари, Синф ўқувчилари ҳақида маълумот, Ота-оналар йиғилиши ўтказиш режалари ва уларнинг баённомалари, Ўқувчилар қоидалари, Ўқувчиларнинг кундалик дафтар тўлдириш қоидалаи, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг ҳаракатлар стратегияси. Орада тадбирлар, чиройли очиқ дарслар ҳам ташкил этилади. Турли танловлар, олимпиада, билимлар беллашуви.

Мумкинми шуларнинг барчасини мукаммал қилиш?! Шунча ҳаракат билан «негадир» бугунги ёшлар билими қониқарсиз экан?! Қачон ўқитувчи деган “робот”ни ўз маъносида ишлатиб, унинг обрўсини тиклаймиз? Қачон у фақат дарс ўтиш, тайёргарлик кўриш, ижод билан шуғулланиш важида кунини ўтганини билмай қолади? Қачон бу кунни келишини соғинмай қўяди? Яна бир қизиқ ҳолат шундаки, методика, ўқитишнинг инновацион технологиялари ва алланималар ҳақида фақат ҳақиқий жараённи кўрганига анча бўлган профессор ёки ҳали кўрмаган бакалавр, магистрлар илмий ишлар қиладию, лекин асл ишда, айни шу жараёнда, амалиётда юрган ўқитувчи илмий иш ёза олмайди?! Чунки у ҳам ўз асл вазифасини унутиб, билим даражаси етмай қолганига ҳам анча бўлган. Балки, бюрократия қоғозлари билан макалатура планини тўлдириб, фақат дарси, амалиёти билан шуғулланганида, унинг ўқувчилари орасидан «маънавий бузуқ», «террорчи» чиқмаган бўларди, чунки у ўқувчилар устозининг маҳоратли дарсларига мафтун бўлиб, бўлмағур ишларга чалғиш учун мияларида бўшлиқ қолмасди!

Қўйсангчи, ўқитувчидек эзма зот йўқ. Сен ҳам эзмаланишни биласан, холос. Яхшиси, бу соҳани ташла-ю, нолишни бас қил…

Қўли чақа, елкаси яра ва «текинхўр» ўқитувчи

 Блогерлар овози. Югурдакка айланган ўқитувчи

Мавзуга оид