Ўқитувчилари қоровулхонада ўтирадиган мактаб: Фарғонадаги абгор таълим масканидан репортаж
Фарғона вилояти Ўзбекистон тумани “Қайнар булоқ” МФЙда жойлашган 54-мактабда ўқувчилар жой йўқлигидан ўқитувчилар хонасида таълим олади. Ўқитувчилар қоровулхонадан қўним топган. Спорт зали деворлари нураб тушган. Мактабни таъмирлаш учун 2 млрд сўм керак. Аммо Фарғонада бунча пулга атлас байрами ўтказишни афзал билишади.

Таҳририятимизга келган мурожаат ортидан мазкур мактабда бўлиб таълим даргоҳининг ҳолати билан танишдик.
Маълум бўлишича, мактаб 1992 йилда қурилган бўлиб унда 160 нафар ўқувчи таҳсил олади. 15 нафар ўқитувчи фаолият юритади. 2020 йилда таълим муассасасининг бир қисми маҳалла кўмагида ҳашар йўли билан, 2021 йилда эса вилоят ҳокимлиги томонидан бинонинг 8 та хонаси, 1-қават йўлаги ва ташқи томон таъмирланган.
Умумий майдони 3 гектарни ташкил қиладиган мактабнинг асосий бинолари нураб ташландиқ ҳолатга келган. Қишлоқ болалари ўз ҳудудида таълим муассасаси бўлатуриб шароит йўқлигидан, жой етишмаслигидан қўшни маҳалладаги мактабга автобусда қатнаб ўқишга мажбур. Суриштирув давомида таълим муассасасида кузатув камераси, Wi-Fi қурилмаси мавжуд эмаслиги аниқланди.

Маҳалла фаолларидан бири Барҳаёт Усмонов эътибор берилмаётган таълим тизимидаги муаммоларни ижтимоий тармоққа жойлагач унга ИИБ томонидан таҳдид бўлиб, уйидан олиб кетишган.

“Мурожаатлар ортидан 2018 йилда Президент давлат маслаҳатчиси бошчилигида ишчи гуруҳ ҳолатни ўрганиб мактаб 2019-2020 йилларда таъмирланиши айтилган эди.
2021 йилда мактабнинг абгор кўринишини тасвирга олиб ижтимоий тармоққа жойладим. Эртаси куни ички ишлар ходимлари келиб уйимдан олиб кетишди.

Улар муаммони кўтарганим учун туман “катталари” Отабек Сатторийдек “йўқ қилиб юборишлари” билан таҳдид қилишди.
2022 йил сентябр ойида янги ўқув йили бошланиши арафасида мактабда ҳатто ичимлик суви йўқ эди. Сув тортиб келиш учун ёрдам беришларини сўраб туман халқ таълими бўлими раҳбарининг қабулига кирдик. Раҳбар маблағ йўқлигини айтиб “ҳомий топинглар”дан бошқасига ўтмади. Шундан кейин туман ҳокимига мурожаат қилдик. У қурилиш бўйича ўринбосаримга айтаман, масала ҳал бўлади деб ваъда берди. Лекин ваъда бажарилмади. Бу борада туман прокурори ҳам ёрдам бермади.
Туманимиздан нажот бўлмагач, вилоят прокуратурасидан сув қувури олиб беришларини илтимос қилдик. 400 метр қувур олиб беришди. Маҳалла аҳли пул тўплаб мактабга сув олиб келдик.

Мактабда бирорта компютер йўқ. Биз ҳам фарзандларимиз яхши шароитларда ўқишини хоҳлаймиз. Wi-Fi ва ҳатто мактаб ҳудудида кузатув камераси мавжуд эмас. Дарвоза тепасига қўйилган камера эса хўжакўрсинга қўйилган. У ишламайди. Ошхона ҳам абгор ҳолатда. Санитария талабларига жавоб бермайди. Фаоллар зали йўқ.


Мактаб муаммосини кўтариб Вазирликка борганимда Республика бўйича ҳар бир мактаб компютерлаштирилгани, Wi-Fi ва камера билан таъминланганини айтиб гапларимга ишонмади.
2022-2023 ўқув йилида 26 нафар ўқувчи мактабга чиқди. Уларга хона етишмаслигини билиб олдиндан туман сектор раҳбарларига чиқиб 1-синфлар учун ўқув хонаси йўқлигини айтдик. Келиб ҳолатни ўрганиб кетишди, лекин ваъда берганларидек бўш ётган хоналардан бири таъмирлаб берилмади.

Қишлоқ аҳолиси мавжуд имконият бўлатуриб 7 км йўл босиб 45-мактабга бориб ўқиб келишади. Бўш ётган синф хоналари эса йиллар давомида таъмирталаб ҳолатда турибди. 1-синфлар ўқитувчилар хонасида дарс ўтишади. Ўқитувчиларга эса хона йўқ. Улар қоровулхонада ўтиришади. Таълим учун туман катталари ёрдам бермаяпти,” – дейди у.

Маҳалла фаолларидан яна бири Мансуржон Эргашев мактабни капитал таъмирдан чиқариш йиллар давомида пайсалга солиб келинаётганини таъкидлади.

“Мактабда иситиш тизимида ҳам муаммо мавжуд. Спорт залида ҳам камчиликларимиз кўп. Ёшлигимизда шу мактабда таълим олганмиз. Ҳозирда даргоҳ деярли тўкилиб тушган. Даргоҳни ўз вақтида таъмирлаб беришмади. Капитал таъмирлаш ишлари кечикиб кетди. Дарслар ўз вақтида ўтилмайди. Стадионни ҳам маҳалла ҳашар йўли билан ташкил қилди. Қишлоқ болалари хона етишмаганидан 45-мактабга автобусда қатнаб бориб ўқишади.

Спорт залининг деворлари ёрилиб кетган, ғиштлари ҳам нураб тушган. Хавфсизлик талабларига жавоб бермайди,” – дейди у.
Мактабнинг капитал таъмири учун 2 миллиард сўм маблағ ажратилгани айтилди. Лекин иситиш тизими лойиҳага киритилмаган – Абдурашид Абдуллаев, мактаб директори

“2008 йилда ўқувчилар сони кам бўлганлиги муносабати билан мактаб ўз фаолиятини тугатган. 30 нафар ўқувчи қўшни маҳалладаги 45-мактабга қатнаб ўқишган.
Аҳоли сони кўпайиши билан 2016 йилда мактаб филиали очишга эҳтиёж туғилди. 2020 йилда 1-4, 5-9-синфлардан жами 8 та синф ўқувчилари ўқишни бошлади.


Шу йилнинг ноябр ойидан туман ҳокимлигидан мактаб туман инвестиция дастурига тушгани, декабр ойидан қурилиш ишлари бошланиши, бунинг учун 2 миллиард сўм маблағ ажратилгани ҳақида айтишди. Бу маблағга мактаб том қисми ва синф хоналари таъмирланиши кўзда тутилган экан. Лекин негадир иситиш системаси лойиҳага киритилмаган.
Ўқитувчилар хонасида ўқувчилар дарс ўтишади. Ўқитувчиларнинг жойи қоровулхонада.
Ота-оналар чиқишиб мактаб фаолият учун яроқсизлиги, ўқувчиларни бино босиб қолиш хавфи борлиги ҳақида эътирозлар бўлган. Тегишли ташкилотлар мактаб “қовурғаси” бақувват экани, ўқувчиларга хавф туғдирмаслиги ҳақида хулоса беришган”, — дейди у.
Туман халқ таълими бўлими мудири Наргиза Сиддиқова мактабнинг алоҳида бўлиб ажраб чиқишига ҳаракат қилингани, капитал таъмирлаш учун 2 миллиард сўм маблағ ажратилгани, лойиҳалаштириш ишлари олиб борилганини таъкидлади.

Туман ХТБ мудири ўқув йили бошида аҳоли томонидан мактабга ичимлик суви тортиб келиш учун ХТБга маблағ ажратиб беришлари учун боришгани, лекин нима сабабдан маблағ ажратилмагани ҳақидаги саволимизга жавоб бера олмади. Бундан ташқари раҳбар аёл бинода таъмирлаш ишлари қачондан бошланишини аниқ билмаслигини таъкидлади.
Эътиборлиси, мактабни нормал ҳолатга келтириш учун 2 млрд сўм кераклиги айтилмоқда. Фарғонада эса бунча пулга атлас байрами ўтказилади.
Маълумот учун, 2022 йилда мактабларни интернет тармоғига улаш мақсадида давлат бюджетидан жами 4,4 млрд сўм маблағ ажратилган. Аммо Халқ таълими вазирлиги томонидан бу пуллар вақтида ўзлаштирилмагани сабаб ҳозирги кунда 3 мингдан ортиқ умумтаълим маскани Wi-Fi қурилмалари билан таъминланмаган.
Шу йил 6 сентябрдаги селекторда президент Шавкат Мирзиёев ҳудудларда янги мактаблар қурилиши мавзусига тўхталиб, республика бўйича 290 та, биргина Фарғона вилоятида 23 та мактабда янги ўқув йили бошлангунга қадар қурилиш-таъмирлаш ишлари ниҳоясига етмаганини танқид қилганди.
Сарвар Зияев, Kun.uz мухбири
Монтаж устаси: Абдусалим Абдувоҳидов
Тавсия этамиз
40 даража иссиқ: бунақа пайтда ходимлар қандай ҳуқуқларга эга?
Жамият | 17:15 / 03.07.2025
Иссиқдан қандай сақланиш керак? – ЖССТ тавсиялари
Ўзбекистон | 16:06 / 02.07.2025
Нима учун Кореяни танлаш ёки танламаслик керак? | SUBYEKTIV
Жамият | 19:02 / 30.06.2025
Уруш тугади, энди Исроил ва Эрон нима қилади?
Жаҳон | 12:02 / 30.06.2025
Сўнгги янгиликлар
-
Исроилнинг Ғазога янги ҳужуми оқибатида 37 фаластинлик ҳалок бўлди
Жаҳон | 09:40
-
Запорижжя АЭСда Россия зарбаси туфайли блэкаут юз берди
Жаҳон | 09:25
-
Ўзбекистон-Покистон ҳудудлараро форумини ташкил этиш режалаштириляпти
Ўзбекистон | 09:20
-
Радикал исроилликлар Наблус ҳудудидаги ўнлаб дарахтларни йўқ қилди
Жаҳон | 09:00
Мавзуга оид

23:53 / 04.07.2025
Фарғонада ЙПХ ходимлари Malibu’нинг жарималарини асоссиз бекор қилиб келгани аниқланди

20:36 / 04.07.2025
Сурхондарёда 65 сотих ерни 1,1 млрд сўмга сотишга уринган шахслар ушланди

20:44 / 03.07.2025
Ерости газ қувури сабаб хонадон портлаб кетди. Зарар қоплаб бериладими?

12:00 / 23.06.2025