Жамият | 22:11 / 06.05.2017
29005
6 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда Нобель мукофотини олишга иштиёқманд бир бола бор...

Юртимиз қадимдан буюк алломалар бешигини тебратган. Уларнинг ақли заковати жаҳон цивилизациясига ўзининг муносиб  ҳиссасини қўшиб келган. Абу Райҳон Беруний, Абу Али Ибн Сино, Мирзо Улуғбек, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Ал Хоразмий - буларнинг номларини кўплаб давом эттиришимиз мумкин. Бу боболаримиз ўзларининг қомусий билим соҳиблари бўлганлиги билан Ғарб ва Шарқ мамлакатларини лол қолдирган. Ҳар доим бизда нега бугунги кунда шундай алломаларимиз йўқ-ми, деган савол туғилади. 

Аслида, йўқ эмас бор. Бугунги кун ўзбек олимларининг илмий изланишлари ҳам таҳсинга сазовор, фақат фан ва техника соҳаси шиддат билан ривожлангани сари уларнинг илм соҳасида олиб бораётган илмий  изланишлари кичик тор йўналишларга бўлиниб кетган. Масалан, органик кимё, ноорганик кимё, тиббиёт, юрак   жарроҳлиги, уралогия, геология, математика, физика соҳаларида бугунги кунда дунё тан олган олимларимиз бор. Биз ҳар доим улар билан фахрланамиз. Аммо келажакда бизни нима кутмоқда? Келажакда-чи шу ота-боболаримиздек олимларимиз борми? 

Бугунги кунда фарзандларимиз нима билан машғул?  Келажакда юртимиздан қандай олимларимиз етишиб чиқмоқда, деган шу каби саволларга аниқлик киритишга ҳаракат қилдик. Халқимизда ажойиб бир мақоллар бор – “Оққан дарё оқаверади”, “От ўрнини той босар”. Юртимизда ёш ўзбек Менделеевининг вужудга келганлиги бунинг ёрқин исботидир. 

Қўчқоров Зафаржон Одилович, 2010 йил Тошкент шаҳрида таваллуд топган. У 4 ёшлигидан Д. Менделеевнинг Кимёвий элементлар даврий жадвалининг 118 элементни ёддан билган. Онасининг айтишича, Зафаржондаги илк қобилиятини 2 ёшлигиданоқ  пайқашган. Онаси Холбекова Нигора Ўзбекистон Фанлар Академияси аспирантурасида таҳсил олган пайтда онаси билан бирга кутубхонага бориб, ўйинчоқлар ўрнига китоблар дунёсига меҳр қўйган. Бир куни 4 ёшли Зафаржоннинг қўлига 7-синф кимё дарслиги тушиб қолади ва биринчи саҳифадаги рангли Д.Менделеевнинг Кимёвий элементлар даврий жадвали уни ўзига оҳанрабодай тортади. Қизиқувчан Зафаржон ойисидан жадвалдаги қизил, яшил ва сариқ рангларни нимани англатишини сўрайди. Алифбодан анча саводи бўлганлиги учун кейин лотин алифбосидаги элементларни сўрай бошлайди. Нигора опа Зафаржонга эринмасдан элементларни номлари билан ўйин тариқасида ўргата бошлайди.

Бир куни кўчада айланиб юрганида дорихона ойнасида катта қилиб реклама учун осиб қуйилган витаминларга кўзи тушиб қолади ва унда  Са, К, Мg ва бир нечта элементлардан ташкил топган витаминни ўқийди ва ойисидан сўрайди: “Нега бу кимёвий элементлар дорихонанинг ойнасида осилиб турибди?”. Нигора опа унга барча дорилар кимёвий элементлардан ташкил топганлигини тушунтиради. Кичик Зафаржонни бу янада ўзига мафтун этади ва у барча элементларни ёд ола бошлайди ва тезда ўз мақсадига етади.

Ҳозирда Зафаржон олти ёшда. У Менделеевнинг Кимёвий элементлари даврий жадвалидаги 118 та элементни тартиб рақами бўйича ёддан айта олади ва формуласи бўйича кетма-кетликда ёза олади. Нигора опанинг иккинчи фарзанди Қўчқорова Зебохон 4 ёшда, у ҳам акасининг ёнида туриб Менделеевнинг Кимёвий элементлари даврий жадвалидаги 118 та элементни тартиб рақами бўйича ёд олган.

Бундан ташқари, бу икки кичкинтой инглиз тилида бемалол мулоқот қила олади. Зафаржон математикадан қўшиш, айириш, кўпайтириш амалларини бажара олади. Зафаржоннинг дунёқараши, фикрлаш доираси жуда теран. Мен унга “катта бўлсанг ким бўласан?”, деган саволимга у ҳеч иккиланмасдан “нефтчи” бўламан, деб жавоб берди.

Бир куни у телевезордан “Муносабат” кўрсатуви орқали олимлар билан суҳбатда кимё фанлари доктори проффессор Бобоев Турғун домла билан суҳбат жараёнини кўриб қолади. Домланинг гапларини эшитади. Кўрсатув тугагандан кейин онасидан домла ҳақида сўрай бошлайди. Зафаржон онасидан такрор ва такрор домланинг олдига олиб боришини сўрайди. Нигора опа фарзандининг райига қараб, уни Ўзбекистон Миллий Университети Кимё факультетига Кимё фанлари доктори профессор Турғун Бобоев домланинг олдига олиб боради. Устоз Турғун Бобоев жажжи шогирди билан дилдан суҳбатлашади ва Одил ака ҳамда Нигора опага керакли тавсияларини беради. Зафаржонга ҳозирда кимё лабораторияси таъмирланаётганлигини, таъмирдан чиққандан кейин уни лабораторияга таклиф қилишини айтади.

Бизнинг жажжи Зафаржоннинг орзулари бир жаҳон ва ўзи ҳам кимёвий элемент яратиб Нобель мукофоти олмоқчи эканлигини айтди. Ҳар бир ота-она ўз фарзандини кичиклигидан илм оламига олиб кирса, кўчада вақтини беҳуда сарфламаса, албатта, бизнинг фарзандларимиздан боболаримиз Абу Райҳон Беруний, Абу Али Ибн Сино, Мирзо Улуғбек, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Ал Хоразмий каби буюк алломалар етишиб чиқишига ишонамиз.

Одил Кўчимов

Мавзуга оид