Ҳар қандай инсонда ўз олдига қўйган вазифаларга эришиш йўлида сарфланадиган маълум бир руҳий қувват захираси бўлади. Агар бу қувват тугаса, иш унумдорлиги кескин пасаяди. Муҳим ресурслардан мосуво бўлмаслик учун қуйидаги 11 одатдан воз кечиш керак.

1. Режанинг йўқлиги

Қанчалик кўп қарор қабул қилсангиз, шунчалик кўп руҳий қувват сарфлайсиз. Бу қарорлар аҳамиятли ва аҳамиятсиз (масалан, қандай кўйлак кийиш) бўлиши ҳам мумкин.

Ахир ҳар қандай қарор учун қувват сарфланади. Шу сабабли кўплаб машҳур кишилар атайлаб ўзларини чеклаб олишган. Барак Обама, Стив Жобс, Марк Цукерберг каби инсонларнинг гардеробига назар ташлаш кифоя. Уларнинг ҳар бири аксарият ҳолларда омма олдида бир хил кийимда кўриниш беришган. Америкалик тадбиркор ва иқтисодчи Сет Годин эса ҳеч қачон нонуштасини ўзгартирмайди: у фақат банан-ёнғоқли коктейл ичади.

Ечим: ҳар куни эрталаб режа тузинг. Аввало, унга муҳим вазифаларни киритинг. Заруриятга қараб рўйхатни янгилаб туринг.

2. Ҳаддан зиёд режалаштириш

Ҳаддан зиёд режалаштириш ҳам зиёнли бўлиши мумкин. Ўз рўйхатингизни иш, оилавий учрашувлар, спорт билан шуғулланиш каби нарсалар билан тўлдириш жуда осон, лекин буларнинг барчасига улгуриш жуда қийин.

Дам олиш учун бўш вақтга эга бўлиш — мувозанатлашган ҳаётнинг муҳим жабҳаларидан бири. Буни унутиш осон, лекин бўшашиш учун вақт топиш керак.

Ечим: ҳар кунлик иш режасида сизни тинчлантирувчи юмушларга ҳам ўрин қолдиринг. Бу бирор хобби ёки шунчаки китоб мутолааси ҳам бўлиши мумкин.

3. Тартибсизликни писанд қилмаслик

Сиз иш жойингиздаги тартиб унумдорлик каби муҳим аҳамиятга эга эмас, деб ҳисоблашингиз мумкин. Лекин унумдорлик бу жой қанчалик тартибга солингани билан ҳам боғлиқ бўлиши мумкин. Тадқиқотларга кўра, кўз томонидан қабул қиладиган катта миқдордаги стимуллар сиз диққатингизни жамлашга ҳаракат қилаётганингизда мияга катта таъсир қилар экан.

Стол устида эътиборни жалб қиладиган кўплаб нарсалар сочилиб ётса, диққатни жамлашга ҳам катта руҳий қувват сарфланади. Гарчи улар смартфон, товуш ва вибрация берувчи бошқа қурилмалар эмас, қоғоз қистиргич, ён дафтарлар, ичида чой қотиб қолган пиёла каби нарсалар бўлса ҳам.