Кўпчилик иш кунини синчковлик билан режалаштиради. Бироқ бўш вақти жуда унумсиз ўтиб кетади. Унинг катта қисмини бир қарашда беозор бўлган одатлар эгаллаши мумкин. Нейроолим Тара Сворт доимий равишда ўзингизни ўзгалар билан таққослаш ақлий қобилиятларингизни кучсизлантириши мумкин, деб ҳисоблайди Fast Company.
Ақлий қобилиятларга ёмон таъсир кўрсатиши мумкин бўлган нарсалар қуйидагилар.

Янгиликларни кўздан кечириш
Кўпчилик дунёда нима юз бераётганини билишни истайди. Илгари бунинг учун янгиликларнинг кечки сони ёки тонгги газеталарни кутишарди. Энди эса телефонлар сабабли янгиликлар ҳақида исталган вақтимизда маълумот олишимиз мумкин. Бу эса бизни доимий равишда янгиликларни текшириш ва сўнгги воқеалардан хабардор бўлишга ўргатди.
Кўпчилик ижтимоий тармоқлардан фойдаланишни чеклаш кераклигини тушунади. Айримлар хабарномаларни ўчириб қўйишади, муайян муддатга иловалардан воз кечадилар ва лентани ўқиш учун махсус вақт ажратишади.
Бироқ янгиликлар сайти ва иловалардан «бош кўтариш» мушкул. Asurion 2018 сўровномаси одамларнинг кўпчилиги ҳар 12 дақиқада ўз телефонини текширишини кўрсатди. Бунда сиз вақтнинг ўзинигина йўқотмайсиз.
Кўпчлик нейроолимлар янгиликларни ўқимасликка ҳаракат қилишади, чунки улардаги салбий жиҳатлар юз бераётганларга таъсир кўрсатиш имконини бермаса-да, тушкунлик ҳолатини чақириши мумкин. Бу ҳис эса диққатингиз ва кучингизни олади. Америка психология ассоциацияси сўровномаси янгиликлар одамларнинг 56 фоизида зўриқиш чақиришини кўрсатди.
Табиийки, ҳар ким ҳам янгиликларни ўқишдан бутунлай воз кеча олмайди. Ҳеч бўлмаганда айрим чекловларга киритишга ҳаракат қилинг. Масалан, доимий равишда очиб ўқиш истагини уйғотувчи янгилик иловаларини ўчириб қўйинг.
Ўзингизни ўзгалар билан таққослаш
Бу одат дунё каби қадимий. Ижтимоий тармоқлар пайдо бўлиши билан таққослаш учун янада кўпроқ сабаблар пайдо бўлди. Ўзингизни ўзгалар билан таққослаш инсонга табиат томонидан берилган.
Ўзингизни ўзгалар билан таққослаш одатидан халос бўлиш учун ижтимоий тармоғингиз лентасини тартибга солиш керак. У ердан сизда ҳасад ҳиссини уйғотадиган нарсаларни олиб ташланг.






