Жаҳон | 20:30 / 10.05.2017
39027
2 дақиқада ўқилади

Роғун ГЭС тўғони қурилиши режа бўйича кетмоқда. Имомали Раҳмон қониқиш ҳосил қилди

Фото: Asia-Plus

Роғун ГЭС тўғони қурилиши ишлари 75 фоизга бажарилган, айни вақтда станциянинг икки агрегатини ўрнатиш ишлари олиб борилмоқда.

10 май куни Тожикистон президенти Имомали Раҳмон Роғун гидроэлектрстанцияси қурилиши қандай бораётганини кўздан кечирган. У қурилиш ишлари суръатини яхши баҳолаган. Бу ҳақда мамлакат раҳбари матбуот хизмати хабар берган.

Тожикистон раҳбари биринчи навбатда Вахш дарёси ўзани тўсилган жойни бориб кўрган.

Тўғоннинг биринчи қисмини қуриш учун зарур бўлган тупроқнинг умумий миқдори 2,7 миллион кубметрни ташкил қилади. Италиянинг «Салини Импреджио» компанияси дарё ўзани тўсилганидан буён қурилиш материалининг каттагина қисмини — 2 миллион кубометрини ишлатиб бўлган.

Айни вақтда ер остида ҳам монтаж ва ўрнатиш ишлари олиб борилмоқда. Шу кунгача тўғонда 47та синов ускуналари жойлаштирилган.

Лойиҳага кўра, тўғон ишга тушиши учун Европадан 32,2 минг кубометр геомембрана (қурилиш материали) келтирилган.

Президент шунингдек, Т-22 транспорт туннелини қуриш ишлари билан ҳам танишган. Айни вақтда бу туннелни қуриш ишлар якунланган.

Тожикистонда Роғун ГЭСи тўғонининг қурилиши (дунёдаги энг йирик сув тўғони - 335 метр) ўтган йилнинг октябрь ойи охирида бошланганди. 

Роғун ГЭСи Вахш ГЭС каскадида тўққизинчи бўлиб, Душанбедан 110 километр жануби-шарқда жойлашган. Лойиҳавий қуввати — 3600 МВт, ўртача йиллик ишлаб чиқариш — 13,1 миллиард кВт/соат. ГЭС биносида ҳар бирининг қуввати 600 МВт га тенг олтита радиал-ўқли гидроагрегат ўрнатилади.

Тўғон қад кўтаргач, унинг ортида 13,3 километр куб тўлиқ ҳажмга, 10,3 километр куб фойдали ҳажмга эга Роғун сув омбори пайдо бўлади.

Лойиҳанинг тўлиқ қуриб битирилишига 2,2 миллиард доллар, биринчи навбатининг қуриб битирилишига 590 миллион доллар кетиши айтилмоқда. Роғун ГЭСининг биринчи агрегати 2018 йил охирида, иккинчиси эса 2019 йил апрелида ишга туширилиши кутилмоқда.

Мавзуга оид