Фан-техника | 21:59 / 11.05.2017
6190
2 дақиқада ўқилади

Британия полициясига сунъий интеллект ёрдамга келмоқда

Кембриж университети профессори Лоуренс Шерман билан биргаликда Британиянинг Дарҳэм шаҳри полицияси HART (Harm Assessment Risk Tool) деб аталувчи, қўлга олинган қоидабузарларнинг келажакда зарар етказиши мумкинлиги эҳтимолини аниқлаб берувчи дастурни ишлаб чиқишди.

Дастур алгоритми 2008 йилдан 2012 йилгача тузилган, яна бир неча йил амалий тажрибаларга сарфланган. Ҳуқуқ-тартибот хизматлари вакилларининг ишончи комил: сунъий интеллектдан фойдаланиб, полициячи гумонланувчи билан қандай ҳаракатлар олиб бориши кераклиги ҳақида бир қарорга келади — уни изоляторда олиб қолиш керакми ёки гаров эвазига қўйиб юбориш. Амалиётда HART 88–98 фоиз ҳодисаларда ўзининг самардорлигини намойиш этиб берди.

HART қўлга олинганларни синфлайди, уларнинг келажакдаги хатти-ҳаракатларидан келадиган потенциал хатарлар даражасини аниқлайди ва жиноятчи учун қўлланиладиган оптимал чораларни аниқлашда ёрдам беради. Бироқ, бундай дастурлар устида тадқиқот олиб бораётган мутахассислар сунъий интеллект ўз яратувчиларининг фикрлаш тарзи ва ҳаттоки ижтимоий таассубчилигига тақлид қилади, шу сабабли уларнинг хулосаларини холис деб бўлмайди, дея огоҳлантиришмоқда. Пенсильвания университети профессори Кэри Кольянезе кўп йиллардан буён алгоритмик ечимларни ўрганиб келмоқда, шу сабабли HART ишланмасидан фақат маслаҳатлашув мақсадларида фойдаланиш зарурлигини таъкидламоқда — якуний қарорни ҳозирча барибир инсон чиқариши керак.

Суратлар манбаси: 24gadget

Мавзуга оид