Ўзбекистон | 22:42 / 12.05.2017
42832
6 дақиқада ўқилади

«Бир макон, бир йўл»: Ўзбекистон уни нега биринчилардан бўлиб қўллаб-қувватлади?

Фото: "Кун"

14 май куни Хитой пойтахти Пекин шаҳрида «Бир макон, бир йўл» юқори даражали халқаро ҳамкорлик форуми иш бошлайди. ХХР раиси Си Цзинпинг форумда иштирок этади ва айлана стол атрофида турли давлатлар етакчилари билан йиғилиш ўтказади. Бу ўтган йилнинг сентябрь ойида Ҳангжоу шаҳрида ўтказилган «Йигирмалик» саммитидан сўнг Хитой томонидан ўз ҳудудида ташкиллаштирилаётган яна бир муҳим халқаро тадбир ҳисобланади. Бундан ташқари, «Бир камар, бир йўл»ни қуриш лойиҳасини янада олға силжитиш ҳамда ҳамкорлик масаласида Хитойнинг дунёнинг бошқа давлатлари билан музокаралар ўтказиши учун бу жуда муҳим платформа ҳисобланади.

Шу мақсадда Хитой ахборот интернет-маркази Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси тарих Институти «Замонавий тарих ва халқаро тадқиқотлар» бўлишими раҳбари, тарих фанлари доктори Мирзоҳид Раҳимовдан махсус интервью олди.

— 2013 йилда Марказий Осиёга ташрифи чоғида ХХР раиси Си Цзинпинг «Ипак йўли иқтисодий камари»ни барпо этиш ташаббусини билдирган эди. Шундан бери уч йил ўтди. Бу ташаббусининг аҳамиятини қандай тушунишингизни ҳикоя қилиб бера оласизми?

— 2013 йилда минтақамизга ташрифи чоғида Хитой раиси Си Цзинпинг «Ипак йўли иқтисодий камари» ғоясини очиқлаган ва бу минтақа давлатлари томонидан катта қизиқиш билан қўллаб-қувватланган эди. Орадан кўп ўтмай, ХХРда «Бир макон, бир йўл» концепцияси ишлаб чиқилди. Ўтган уч йил мобайнида иқтисодий ҳамкорлик доирасида бир қатор лойиҳалар амалга оширилди, янги транспорт магистраллари ишга туширилди. Назаримда, «Бир макон, бир йўл» ташаббуси ХХРнинг жаҳоннинг турли минтақалари билан кенг ҳамкорлик қилишни ривожлантириш йўлидаги улуғвор лойиҳаси ҳисобланади.

— «Бир макон, бир йўл» ташаббуси эълон қилинганидан буён 3 йил вақт ўтди. У ҳақидаги таассуротларингиз қандай?

— Қайд этиш жоизки, «Бир макон, бир йўл» концепциясига жаҳоннинг турли давлатларида турлича қарашлар мавжуд. Бироқ ҳажми 100 млрд. доллардан иборат бўлган Осиё инфраструктуравий инвестициялар банки ва устав жамғармаси 40 млрд. доллардан иборат бўлган Ипак йўли Фондининг тузилиши бу ташаббусининг фаол амалиётга жорий этилаётганидан дарак бериб турибди. Келажакда халқаро ва минтақавий интеграцион лойиҳаларни амалга ошириш учун биргаликдаги ҳаракатларни яхлитлаштириш мақсадга мувофиқ. Айни пайтда «Бир макон, бир йўл» ташаббуси олдида муайян мақсад ва вазифалар, уларга эришиш йўлларини ҳар томонлама аниқлаштириб олиш зарурияти турибди.

— ХХР раиси Си Цзинпинг «Ипак йўли иқтисодий камари»ни қуриш ташаббуси билан чиққач, Ўзбекистон унга фаол муносабатда бўлган биринчи давлатлардан бири бўлди. «Ипак йўли иқтисодий камари» доирасида икки давлат ўртасидаги турли соҳаларда рўй бераётган ҳамкорликни қандай баҳолайсиз?

— Ҳақиқатдан ҳам, Ўзбекистон ХХР раиси Си Цзинпингнинг «Ипак йўли иқтисодий камари» ташаббусини қўллаб-қувватлаган биринчи давлатлардан бўлди. Ўтган йиллар мобайнида Ўзбекистон ва ХХР давлатлараро муносабатларни ривожлантириш учун бир қатор битимлар тўпламини имзолади. Натижада, ҳозирги кунга келиб иқтисодиётимизга ётқизилган Хитой инвестицияларининг ҳажми 8 млрд. долларга яқинлашди, бу эса савдо-иқтисодий ҳамкорликнинг муҳим кўрсаткичларидан бири саналади. Икки давлат ўртасидаги товар айланмаси 2016 йилда 4 млрд. долларга тенг бўлган. 2016 йил июнида Ўзбекистон ва ХХР раҳбарлари иштирокида Ангрен-Поп электрлаштирилган темир йўли ва Қамчиқ туннелининг очилиш маросими ўтказилди. Бу лойиҳа Хитойнинг «China railway tunnel group» компанияси билан ҳамкорликда амалга оширилди». Хитой компаниялари Ўзбекистоннинг турли иқтисодиёт ва саноат зоналари: «Навоий», «Жиззах» ва «Ангрен»да ҳар хил лойиҳаларни амалга оширишда қатнашмоқдалар.

— «Бир макон, бир йўл» доирасида Хитой ва Ўзбекистон қайси соҳаларда фикр алмашинув ва ҳамкорликни мустаҳкамлаш керак, деб ўйлайсиз?

— Алоҳида қайд этмоқ жоизки, 2017–2021 йилларда Ўзбекистонни ривожлантиришнинг устувор йўналишлари ва Хитойнинг «Бир макон, бир йўл» ташаббусида умумий жиҳатлар жуда кўп. Ўзбекистон ва ХХР мавжуд ўзаро муносабатлар комплексини ривожлантириш билан бир қаторда, келгусида халқаро транспорт-коммуникация лойиҳаларини кенгайтириш, юқори технологияли ишлаб чиқариш, савдо-сотиқни ривожлантириш, илмий-техник парклар барпо этиш ҳамда таълим, туризм ва бошқа соҳаларда ҳамкорликни чуқурлаштириши мумкин.

— Ўзбекистонда халқаро муносабатлар бўйича етакчи экспертлардан бири сифатида, «Бир макон, бир йўл» юқори даражали халқаро ҳамкорлик форумининг очилишига алоҳида эътибор қаратасизми ёки унда қатнашасизми? Ундан қандай натижалар кутмоқдасиз?

— 2017 йил 14 май куни Хитой пойтахти Пекин шаҳрида «Бир макон, бир йўл» юқори даражали халқаро ҳамкорлик форуми иш бошлайди, унда ўнлаб давлат ва ҳукумат раҳбарлари, жумладан, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ҳам қатнашади. Бошқа тадқиқотчилар билан бир қаторда мени ҳам ушбу форумга таклиф этишганидан мамнун бўлдим, шунингдек, мен таҳлилий институтлар ва марказларнинг 5-глобал саммитида ҳам иштирок этаман. Аминманки, Форум ва бошқа тадбирлар ҳамкорликнинг ҳозирги ҳолати ва истиқболлари, шунингдек, унинг янги йўналишлари ва шамойилларини муҳокама қилиш имконини беради.

Мавзуга оид