Ўзбекистон | 20:49 / 02.09.2024
5089
2 дақиқада ўқилади

Россиянинг Ўзбекистондаги элчиси республика билан алоқаларнинг ривожланиши ҳақида гапирди

Олег Малгинов Ўзбекистоннинг ҳар томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлаш борасидаги қадамлари Россия томонидан юқори баҳоланаётганини таъкидлади.

Фото: mid.ru

Ўзбекистон қисқа вақт ичида узоқ тараққиёт йўлини босиб ўтди ва кучли ва жадал ривожланаётган давлатга айланди. Бу ҳақда Россиянинг Ўзбекистондаги элчиси Олег Малгинов маълум қилди.

«Ўзбекистоннинг кейинги йилларда иқтисодий ва ижтимоий тараққиёт йўлида эришаётган ютуқларини бутун дунё эътироф этмоқда. Тарихий меъёрларга кўра, қисқа вақт ичида мамлакат узоқ тараққиёт йўлини босиб ўтди ва кучли ва жадал ривожланаётган давлатга айланди. Бугун Ўзбекистон халқаро майдонда обрў-эътиборга эга бўлиб, халқаро кун тартибидаги долзарб масалаларни ҳал этишда салмоқли рол ўйнамоқда», деди Малгинов.

Унинг қайд қилишича, президент Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида энергетика, саноат, технология ва инновациялар соҳасида кенг кўламли лойиҳалар амалга оширилиб, маданий-гуманитар алмашинувлар мустаҳкамланмоқда. Савдо-иқтисодий, илмий-техникавий, қишлоқ хўжалиги соҳаларида катта муваффақиятларга эришилди. Ҳамкорликни ривожлантириш, халқ фаровонлигини оширишга қаратилган йирик халқаро ташаббуслар дунёда кенг қўллаб-қувватланиб, халқаро муносабатларнинг замонавий архитектурасини шакллантиришга хизмат қилмоқда.

Шунингдек, Малгинов Ўзбекистоннинг ҳар томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлаш борасидаги қадамлари Россия томонидан юқори баҳоланаётганини таъкидлади.

«Россия мамлакатларимиз ва халқларимиз ўртасидаги келажакка йўналтирилган ҳар томонлама ҳамкорлик, стратегик шериклик ва иттифоқчиликни мустаҳкамлашга қаратилган қадамларни юксак қадрлайди. Россия ва Ўзбекистон ўртасидаги муносабатлар изчил ривожланиб бораётганининг ёрқин мисоли жорий йилнинг май ойида президент Владимир Путиннинг Ўзбекистонга ташрифи бўлди. Учрашувда имзоланган ҳужжатлар мамлакатларимиз халқлари фаровонлиги йўлида алоқаларни ривожлантириш учун янги уфқларни очди. Бундан ташқари, Россия-Ўзбекистон муносабатлари МДҲ, ШҲТ, БМТ ва бошқа халқаро платформалар доирасида муваффақиятли ривожланмоқда», деди у.

Мавзуга оид