Ниҳоят Қирғизистон социал-демократик партияси мамлакат президентлиги лавозимига ўз номзодини аниқлаб олди. Партия сиёсий кенгаши мамлакатнинг айни пайтдаги бош вазири Сооронбай Жээнбеков номзодида тўхталди.

Илгарироқ, собиқ ҳукумат бошлиғи Темур Сариев, «Республика — Ота Юрт» фракцияси етакчиси Омурбек Бабанов, «Онугуу-Прогресс» партияси раҳбари Бакит Торобаев ва коррупцияда айбланиб, Қирғизистон миллий хавфсизлиги давлат қўмитаси ертўласида ҳибсда сақланаётган «Ота макон» партиясининг ўзгармас раҳбари Омурбек Текебаев президентлик сайлови пойгасида ўз иштирокини билдириб ўтган эди.

Экспертлар агар президентлик сайловолди кампанияси бошланишидан олдин суд Текебаевга нисбатан ҳукм ўқимаса ва унинг номзоди олиб ташланмаса, пойга айнан мана шу беш номзод ўртасида бўлиб ўтишини башорат қилишмоқда. Таҳлилчиларнинг фикрича, қолган номзодлар статистлар сифатида сайловда қатнашишади.

Қирғизистоннинг «24.kg» ахборот агентлиги номзодларнинг таржимаи ҳолидаги энг эътиборга молик жиҳатларни ёдга олиб чиқди.

Зоотехникликдан бош вазирликкача

Сооронбай Жээнбеков 1958 йилда Ўш вилоятининг Қоракулча қишлоғида таваллуд топган.

Жээнбековлар уруғи мамлакат жанубида энг нуфузлиларидан бири саналади.

Фото: Sputnik

Унинг отаси Шерип Жээнбековнинг олти ўғли, икки қизи бор. Тўнғичи — Канторо Жээнбеков обрўли олим бўлган. У ҳаётини фанга бағишлаб, катта сиёсатдан ўзини тортиб юрган. Канторо Шарипович шу йилнинг апрелида Президент иш юритиш бошқармасига қарашли касалхонада вафот этди. Унинг ўлимига инсульт сабаб бўлди.

Номзоднинг кичик акаси — Асилбек Жээнбеков — яқин-яқингача Қирғизистон парламентида спикер лавозимини эгаллаб келаётган эди. Агар Сооронбай Жээнбеков ҳукуматни бошқара бошламаганида, у шу кунларда ҳам парламент раҳбари бўлиб турган бўлар эди. Асилбек Жээнбеков ўз вазифасидан воз кечишга мажбур бўлди. Жусупбек Шарипович яқингача мамлакатнинг Саудия Арабистонидаги элчиси эди. Жирғалбек Жээнбеков Ўш вилоятида яшайди. Жанишбек Жээнбеков — амакиваччаси. Энг кенжаси Искендер Жээнбеков 28 ёшида Ўш вилояти прокурори бўлган эди, у ҳам вафот этган. Сооронбай Жээнбековнинг опа-сингиллари ҳақида маълумот йўқ. Улар сиёсатдан йироқ, оддий ҳаёт кечиришади.