11:28 / 25.05.2017
9091

Халқаро пресс-клубда Ўзбекистон енгил саноатининг истиқболи ҳақида фикр юритилди

2017 йил 24 май куни Халқаро пресс-клубнинг (ХПК) навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Тадбирда  «Ўзбекенгилсаноат» АЖ бошқарув кенгаши раиси маслаҳатчиси Расул Содиқов, «Осиё рамзи» Ўзбекистон дизайнерлар уюшмаси раиси Ҳолида Комилова ва «Истиқлол текстил дизайн» МЧЖ вакили, енгил саноат компаниялари вакиллари, экспертлар ҳамда ОАВ ходимлари иштирок этишди.  

Бугунги пресс-клубнинг асосий мавзуси «Болажонлар-ширинтойлар» номли болалар модаси фестивали ҳамда юртимизда енгил ва тўқимачилик саноатининг ривожланиши ҳақида бўлди. 

“2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича ҳаракатлар стратегияси”да таъкидланган вазифалар орасида, алоҳида эътибор мамлакатнинг экспорт қилиш салоҳиятларини кенгайтириш ҳамда жаҳон бозорларига жўнатилаётган юқори устки нарҳли маҳсулотлар кўламини ошириш турибди. Бунинг учун хомашёни чуқур қайта ишлаш йўли орқали саноатни янги босқичга кўтариш лозим бўлади. 2017 йил учун тайёр текстил ва тикув-трикотаж молларини ишлаб чиқаришга 178 миллион долларли 15 та йирик лойиҳа режалаштирилган.

2017–2019 йилларда тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноатини янада ривожлантириш чора-тадбирлари дастурига мувофиқ, 112 та замонавий, юқори технологик ишлаб чиқариш объекти қурилади, 20 та фаолият кўрсатаётган объектнинг ишлаб чиқариш қуввати техник қайта жиҳозланиб, модернизация қилинади. Буларнинг барчаси қўшимча 25 мингта янги иш ўринини яратади.

Текстил соҳаси ривожланишининг яна бир муҳим омили – бу маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг халқаро кўргазмалардаги иштироки ва миллий ярмаркаларни ташкил этишдир. Ўтган йилда 21 та кўргазмада иштирок этиш 1 млрд доллар қийматдан кўп бўлган шартномаларни имзолашга сабаб бўлди. Ушбу йилда Ўзбекистонлик тадбиркорларни 26 та халқаро кўргазмаларда иштирок этиши, бундан ташқари, мамлакатимизда ҳар йили ярмарка ва кўргазмалар ўтказиш режалаштирилмоқда.

 

Top