Ўзбекистон | 09:30
893
2 дақиқада ўқилади

Пахта-тўқимачилик соҳасига янги имтиёзлар берилди

Президентнинг янги қарорига мувофиқ, пахта-тўқимачилик кластерлари ва соҳа корхоналарини қўллаб-қувватлаш мақсадида субсидиялар ажратилади, бўяш ускуналарини харид қилиш харажатларининг бир қисми қоплаб берилади ҳамда айрим корхоналар учун қўшилган қиймат солиғини қайтариш тартиби соддалаштирилади.

Президентнинг «Пахта-тўқимачилик соҳасида молиявий барқарорликни ошириш ҳамда толани чуқур қайта ишлашни қўшимча қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.

Қарорга мувофиқ, 2025 йилда ўзига бириктирилган ер майдонларида пахта етиштирган пахта-тўқимачилик кластерлари ва улар таъсис этган корхоналарга Қишлоқ хўжалиги вазирлиги томонидан тақдим этилган контурларда пахта хомашёси етиштирилгани Космик тадқиқотлар ва технологиялар агентлиги томонидан тасдиқланган тақдирда, ҳар бир гектар ер учун 3 миллион сўмдан субсидия ажратилади.

Шунингдек, корхоналарнинг 2026 йил 1 июнга қадар амалга оширилган бўялган мато ҳамда аралаш ва бўялган газлама маҳсулотларини ишлаб чиқариш лойиҳалари учун бўяш ускуналарини харид қилиш харажатларининг бир қисми президентнинг 2022 йил 21 январдаги тегишли фармонида белгиланган миқдорлар доирасида субсидия қилинади. Бу мақсадда аввал ажратилган маблағларнинг қолдиқ қисми йўналтирилади.

Бундан ташқари, 2027 йил 1 июлга қадар тадбиркорларнинг барқарорлик рейтингида «А» ва ундан юқори тоифага киритилган пахта-тўқимачилик кластерлари ҳамда тўқимачилик корхоналари учун қўшилган қиймат солиғининг салбий фарқ суммаси қўшимча текширувлар ўтказилмасдан 20 кун ичида қайтариб берилиши белгиланди.

Мазкур чоралар пахта-тўқимачилик соҳасининг молиявий барқарорлигини мустаҳкамлаш, маҳсулотларни чуқур қайта ишлаш ҳажмини ошириш ҳамда экспорт салоҳиятини кенгайтиришга хизмат қилиши кутилмоқда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид