Тошкентда савдо мажмуасини фирибгарлик йўли билан эгаллаб олган шахс аниқланди
Самир Абдухалилов (исм-фамилиялар ўзгартирилган) муқаддам содир этган қилмишидан хулоса чиқариш ўрнига яна жиноятга қўл урди, деб ёзади “Ҳуқуқ” газетаси.
У мўмай пул ишлаб олиш илинжида таниши Муҳсин Олимовни ҳол-жонига қўймасдан, 2013 йилнинг январь ойларида унинг куёви Ойбек Рустамовга тегишли бўлган “Савдо ва хизмат кўрсатиш мажмуаси”ни олиб, уни ишлатишни маслаҳат беради. Жиноий режасини амалга ошириш учун эса яна бир “маҳорати”ни ишга солади. Яъни у Муҳсинга банкдан кредит олиб беришни ваъда қилади. Самир ана шу баҳонада мажмуанинг ҳужжатларини қўлга киритади ва таниши Муҳсинга турли ҳийлалар ишлатиб, ушбу жойни номига расмийлаштириб олади. Мажмуанинг эгасига эса бино учун 485 минг АҚШ доллари беришни ваъда қилади. Фирибгарлик йўли билан бинони эгаллаб олган бу кимса, кредит ҳам олмайди, келишилган пулни ҳам тўламай юраверади. Афсусланарлиси, орадан бир қанча вақт ўтгач, С.Абдухалилов мазкур бинони фуқаролар Шокир Азизов ва Мухтор Исмоиловга сотади ва пулларни ўз эҳтиёжларига сарфлаб юборади.
Фирибгарнинг ёлғонларига чув тушганини англаган Муҳсин Олимов мазкур ҳолат юзасидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органга мурожаат қилди. Ушбу ҳолат юзасидан жиноят ишлари бўйича Яккасарой туман судида ҳукм ўқилди. Унга кўра, Самир Абдухалиловга 10 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.
Мавзуга оид
09:00 / 23.10.2024
Тошкентдан Ханчжоуга тўғридан тўғри авиақатновлар йўлга қўйилади
15:30 / 22.10.2024
Тошкентда Lacetti икки пиёдани уриб юборди
09:40 / 22.10.2024
Тошкент яна дунёнинг ҳавоси энг ифлос шаҳарлари рейтингида ўнликка кирди
18:29 / 21.10.2024