Термизда Кураш бўйича ХIII халқаро турнирга старт берилмоқда
Бугун дунёнинг 130 га яқин давлатида кураш кенг оммалашмоқда. Кураш бўйича жаҳон ва қитъа чемпионатлари, халқаро турнирлар юксак савияда ташкил этилмоқда. Бу мусобақаларда дунёнинг барча қитъаларидан полвонлар кураш тушмоқда.
Кураш халқаро ассоциацияси, Осиё, Европа, Панамерика, Африка ва Океания Кураш конфедерациялари томонидан Курашнинг жаҳондаги нуфузини янада ошириш, келажакда уни ёзги Олимпия ўйинлари дастурига киритиш бўйича самарали ишлар олиб борилмоқда.
2007-2008 йилларда Макао ва Вьетнамда ўтган II ва III ёпиқ иншоотлардаги Осиё ўйинларида, 2009 йили Таиландда жанговар яккакурашлар бўйича I Осиё ўйинларида, 2013 йили Жанубий Кореяда ёпиқ иншоотларда ва жанговар яккакурашлар бўйича IV Осиё ўйинларида, 2014 йили Таиландда ва 2016 йили Вьетнамда ташкил этилган Осиё соҳил ўйинларида кураш бўйича мусобақалар бўлиб ўтди.
2015 йилнинг сентябрь ойида Осиё олимпия кенгашининг Ашхобод шаҳрида ўтказилган навбатдаги Бош ассамблеясида Кураш 2018 йили Индонезиянинг Жакарта шаҳрида ўтказиладиган XVIII ёзги Осиё ўйинлари дастурига расман киритилди.
Термиз шаҳри мезбонлик қилаётган Кураш бўйича Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун Ҳаким ат-Термизий хотирасига бағишланган анъанавий ХIII халқаро турнирнинг нуфузи ҳам жаҳонаро кенг эътироф этилмоқда. Қатор давлатлар полвонлари мазкур турнирда қатнашишга катта қизиқиш билдирмоқда. Кураш халқаро ассоциациясидан маълум қилишича, 1993 йилдан буён ҳар икки йилда ўтказилаётган турнирда ўтган давр мобайнида дунёнинг энг номдор полвонлари куч синашган.
Жорий йилги мусобақада 50 давлатдан 150 нафардан зиёд спортчи ва меҳмон иштирок этиши кутилаётгани ҳам турнирнинг нуфузи ортиб бораётганидан далолатдир.
Турнир 73, 90 килограмм ва мутлақ вазн тоифасида бўлиб ўтади. Турнирнинг мукофот жамғармаси 56 минг доллар бўлиб, мутлақ вазнда ғолиб бўлган полвон Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини – 25 000 долларга сазовор бўлади. Иккинчи ўрин соҳиби 10 000 доллар, иккита учинчи ўрин соҳиблари 5000 доллардан пул мукофоти билан тақдирланади. Қолган вазн тоифасидаги ғолиб ва совриндорларга ҳам йирик пул мукофотлари таъсис этилган.
Турнир олдидан Кураш халқаро ассоциациясининг навбатдан ташқари Конгресси бўлиб ўтди. Конгрессда барча қитъавий конфедерациялар президентлари ва 46 та давлат федерациялари президентлари ва вакиллари иштирок этди.
Конгресс кун тартибидан курашни дунё миқёсида янги ривожлантириш босқичига олиб чиқиш, 2028 йилги Олимпиада дастуридан расман ўрин олиш масалалари муҳокама этилди.
Конгрессда ташкилий масала ҳам кўрилиб, унга кўра, КХА бошқарув тизимида асосчи раис лавозими таъсис этилиб, ушбу лавозимга ассоциацияни 16 йилдан бери бошқариб келаётган Комил Юсупов номзоди бир овоздан сайланди.
Ассоциация вице-президенти лавозимига таниқли сиёсатшунос, Халқаро пресс клуби раиси Шерзодхон Қудратхўжаев сайланди. Шунингдек, Конгресс давомида яна бир қатор масалалар муҳокама қилиниб, тегишли қарорлар қабул қилинди.
IKA матбуот хизмати
Мавзуга оид
09:23 / 19.09.2022
Кураш бўйича ЖЧ. Ўзбекистон турнирни 2та медаль билан якунлади
14:38 / 04.03.2019
Кураш 2022 йилги Осиё ўйинлари дастурига киритилди
14:03 / 01.11.2018
Миллий курашга ихтисослаштирилган мактаб-интернатга ўқувчиларни танлаш тартиби белгиланди
09:30 / 07.09.2018