Жамият | 09:28 / 29.05.2017
27040
2 дақиқада ўқилади

Тошкент йўлларидаги энг қоидабузар ҳайдовчилар маълум қилинди

Фото: Kun.uz

Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси пойтахт йўлларидаги энг қоидабузар ҳайдовчилар рўйхатини тақдим этди.

Унга кўра, биринчи ўринга «Ваз 21063» русумли, давлат рақам белгиси 10 J 506 FA бўлган автомашина ҳайдовчиси лозим топилиб, ушбу автомашина ҳайдовчиси жами 32 маротаба қоидабузарликлар яъни, 1 маротаба белгиланган ҳаракатланиш тезлиги талабларига бўйсунмаслик, 31 маротаба светофорнинг қизил чироғи талабларига бўйсунишни хоҳламаган ҳолда, жарималар миқдорини 9.435.825 сўмга етказди.   

Иккинчи ўринга «COBALT» русумли, давлат рақам белгиси 10 J 434 LA бўлган автомашина ҳайдовчиси сазовор бўлди. Ушбу автомашина ҳайдовчиси жами 21 маротаба яъни, 18 маротаба белгиланган ҳаракатланиш тезлиги талабларига бўйсунмаслик, 3 маротаба светофорнинг қизил чироғи талабларига бўйсунмаслик каби қоидабузарликларни содир этиб, жарима миқдорини 4.193.700 сўмга етказди. 

Учинчи ўринда «MATIZ» русумли, давлат рақам белгиси 01 O 905 RA бўлган автомашина ҳайдовчиси бормоқда. У жами 17 маротаба қоидабузарликлар, жумладан, 16 маротаба белгиланган ҳаракатланиш тезлиги талабларига, 1 маротаба светофорнинг қизил чироғи талабларига бўйсунмаган ҳолда ҳаракатлангани учун жарима миқдори 2.845.725 сўмни ташкил этади. 

Тўртинчи ўринда «SPARK» русумли, давлат рақам белгиси 01 B 361 PA бўлган автомашина ҳайдовчиси. У 15 маротаба белгиланган ҳаракатланиш тезлиги талабларига бўйсунмаган. Жарима миқдори 2.246.625 сўмни ташкил этади. 

Сўнгги – бешинчи ўрин «соҳиби» билан танишинг. «NEXIA 2 GLE» русумли (давлат рақам белгиси 30 707 FAA) автомашина ҳайдовчиси. 14 марта белгиланган тезлик талабларига амал қилмаган ҳолда ҳаракатлангани учун унга 3.295.050 сўмлик жарима солинган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров

Мавзуга оид